Тошкент шаҳрида Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази очилди

Жамият 16:59 / 22.02.2019 4144

2019 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 21 декабрь куни Тошкент шаҳрининг туманларига ташрифлари давомида Инвестиция марказини ташкил қилиш вазифасини қўйган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Тижорат банкларининг 2019 йилда инвестиция фаолиятини жадаллаштиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқланди.

Тижорат банкларида Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказларини ташкил этиш “Йўл харитаси”да белгиланган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шунга мувофиқ, 2019 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази очилди.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Марказнинг асосий вазифаси – маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларнинг инвестиция фаолияти ҳамда уларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга кўмаклашиш ҳисобланади.

Марказда хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиб, бизнес режалар, техник иқтисодий асосланишларни ишлаб чиқишда, молиялаштириш механизмларини, манбаларини аниқлашда ёрдам кўрсатади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига жами 960 млн.доллар бўлган 19 турдаги чет эл кредит линиялари таклиф қилинмоқда. Жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари, Корея Республикаси, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан технологик ускуна ва махсус техникалар харидини молиялаштириш бўйича кредит линиялари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини тўлдириш ва чет элдан товар ва хизматлар импортини молиялаштириш мақсадида савдони молиялаштириш йўналишида хорижий кредит линиялари жалб қилинган.

Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказининг асосий вазифаларидан яна бири - чет эллик инвесторларга ўзлари учун ҳар томонлама мақбул бўлган лойиҳаларни танлашга ва уларга тўғридан-тўғри инвестицияларни киритишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, ушбу марказ тадбиркорлар ва хорижий инвесторларга “кредит супермаркети” сифатида хизмат қилади.

Қайд этиш керакки, Инвестиция маркази тадбиркорлар ҳамда инвесторларга лойиҳа самарадорлигини оширишда юзага келадиган муаммоларни маҳаллий ҳокимликлар, тегишли идоралар билан биргаликда ҳал этилишида ҳам ёрдам беради.

Марказ ходимларининг асосий вазифаси мунтазам равишда жойларга чиққан ҳолда ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш ва уларнинг инвестицион лойиҳаларини хорижий кредит линиялари ҳисобидан молиялаштиришга кўмаклашиш ҳисобланади. Бунда Марказ ходимларининг юқори билим ва тажрибага эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, хорижлик экспертлар кўмагида уларнинг малакасини ошириб бориш кўзда тутилган.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Келгусида республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказлари ташкил этилади.

Хорижий инвесторларни Ўзбекистонга янада кенгроқ жалб этиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ расмий сайтида (uzpsb.uz) “Invitation page” саҳифаси ташкил қилинмоқда. Мазкур саҳифа республикамизга қизиқиш билдирган хорижий сармоядорларга тайёр инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишлари ва танлаб олишлари учун қулайлик яратади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамкорлигида Ўзбекистонда биринчилар қаторида ташкил этилган Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази мамлакатимиз инвестицион жозибадорлигини ошириш, бу эса жалб этилаётган инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари кўламининг ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази барча маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни ҳамкорликка чорлайди!

Банк ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Кўпроқ янгиликлар