Ўзбекистонда бизнес учун бир нечта талабларни бекор қилишга тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон 18:09 / 22.02.2019 15125

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Мажлис кун тартибига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мамлакатнинг бизнес юритиш борасидаги имижини янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қайд этилганидек, лойиҳада “Бизнес юритиш” ҳисоботи методологиясида қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга қаратилган талабларни қонун ҳужжатларига киритиш назарда тутилган. 

Яъни, қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда юридик шахсларнинг кўчмас мулкини сотиш тўғрисидаги шартномасини нотариал тасдиқлашнинг мажбурий тартибини ҳамда акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капиталининг минимал қийматига қўйилган талабларни бекор қилиш ва устав капиталининг энг кам миқдорига оид талабларни лицензия талаблари билан белгилашга доир нормалар киритилмоқда. 

Шунингдек, акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги чет эллик инвесторнинг улуши камида 15 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисидаги талабни ҳам бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Акциядорлик жамиятлари томонидан қўшимча акциялар чиқарилишида акциядорларга ўзларининг улушларини сақлаб қолишлари учун имтиёзли ҳуқуқ бериш, акциядорлик жамиятлари томонидан аудиторлик текширувини албатта ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш ваколати фақатгина акциядорлар умумий йиғилишига бериш назарда тутиляпти.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши корхоналардаги корпоратив бошқарувни яхшилаш, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоялаш, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қулай шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

Кўпроқ янгиликлар