Зокиржон Алматов: Бугунги кунлар осонликча келмаган

Жамият 20:58 / 21.02.2019 22981

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов Ўзбекистон Миллий университетда бўлиб ўтган учрашувда мустақилликнинг дастлабки кунларидаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Миллий университети матбуот хизмати хабар бермоқда.

«1991 йил. Мустақиллик эълон қилинди. Озиқ-овқат захираси нари борса бир ҳафтага етар-етмас қолган. Ҳукумат раҳбарлари олдида бир масала: нима қиламиз ва вазиятдан қандай чиқамиз?

Бош урилмаган эшик қолмади. Қайсидир давлатлар дўстлик қилди... кимдир томошабин, кимдир... Бу кунлардан ўтдик.

Ҳали ёш, оёққа туриб улгурмаган давлатга «мен эгалик қилишим керак», деган иддаолар билан минбарга чиқиб ёшларни йўлдан урувчи, сохта сиёсатчилар пайтдан фойдаланиш пайига тушдилар. Бу ҳам ўтди...

Халқ ичида уюшган жиноятчилик, рэкет деган тўдалар ёйилди. Улар халқнинг мол-мулкига ҳеч иккиланмай эгалик қилиши ҳолатлари, қотилликлар авж ола бошлади. Уларни жиловлашга эришиш ҳам осон бўлмади...

Терроризм, ислом ниқоби остида экстремистлар гуруҳи, миссионерлар фаолияти пана-паналарда ёшларни заҳарлашга ўтди.

Миллатни ичидан емирувчи иллат гиёҳвандлик, наркотик моддалар олди-сотдисига қарши тизимли курашиш керак бўлди.

Бу тинч ва хотиржамлигимиз бор кунларимизга етиш осон бўлмаган. Етарлича қурбонликлар бўлган. Бугун мисли кўрилмаган янгиланишлар, изланишлар кетяпти. Унинг ортида эса уйқусиз тунлар, заҳматли меҳнатлар ётибди. Бор ҳаракатларимиз эса сиз ёшлар учун. Сизлар юртимиз эгасисиз. Кучли давлатга чуқур билим, тинимсиз изланиш, фидойилик ва ватанпарварлик билан эришамиз»,-генералнинг сўзларини келтирмоқда Миллий университет матбуот хизмати.

Кўпроқ янгиликлар