Венесуэланинг БМТдаги ҳарбий атташеси Гуайдо томонга ўтди

Жаҳон 07:54 / 21.02.2019 7660

Венесуэланинг яна бир юқори лавозимли мансабдор шахси ўзини вақтинчалик президент деб эълон қилган, мамлакат парламенти спикери Хуан Гуайдо томонга ўтди. Бу ҳақда АҚШ президенти маслаҳатчиси Жон Болтон маълум қилди. 

Маълумотларга кўра, Гуайдо томонга Венесуэланинг БМТдаги ҳарбий атташеси – полковник Педро Чиринос ўтган.
 
Аввалроқ мамлакатнинг Вашингтондаги ҳарбий атташеси Хосе Луис Сильва Гуайдони қонуний президент деб тан олиб, қолган ҳарбийларни ҳам ундан ўрнак олишга чақирган.

Бу орада Пуэрто-Рикодан 20 тонна гуманитар ёрдам ортилган юк кема Венесуэла томон йўл олди. Бу ҳақда Гуайдо маълум қилди. 

У твиттердаги хабарда гуманитар юкни “озодлик билан лиқ тўла контейнерлар” деб атаган.

Венесуэла ҳукумати 20 февралда Фалькон штатида Аруба, Бонайре ва Кюрасао орол-давлатлари билан ҳаво ва денгиз чегараларини ёпиб қўйганини ва бу ороллардан шхуна ҳамда самолётлар қабул қилиниши тўхтатилишини эълон қилганди.

Кюрасао оролида Венесуэла учун Европа Иттифоқидан гуманитар ёрдамни тўплаш бўйича учинчи марказ ташкил этилган бўлиб, қолган иккитаси Кукута (Колумбия) ва Рораймада (Бразилия) жойлашган.  

Охирги кунларда Гуайдо АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан тўпланган гуманитар ёрдамни Венесуэлага етказиш масаласини ҳал қилишга уринмоқда. Мамлакат президенти Николас Мадуро эса бу юкларни ўтказмасликка ҳаракат қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар