VAR ва Роналду устидан ғалаба. «Ювентус»нинг режалари пучга чиқди

Спорт 16:40 / 21.02.2019 28598

«Атлетико» бош мураббийи ўз жамоаси билан ЕЧЛнинг чорак финали сари катта қадам ташлади.

«Атлетико» (Испания) – «Ювентус» (Италия) – 2:0 (0:0)
Голлар: Хименес, 78 (1:0). Годин, 83 (2:0).
«Атлетико» (Мадрид): Облак, Хуанфран, Годин, Хименес, Филипе Луис, Коке (Корреа, 67), Эрнандес, Парти (Лемар, 61), Сауль, Гризманн, Диего Коста (Мората, 58).
«Ювентус» (Турин): Щенсны, Де Шильо, Бонуччи, Кьеллини, Сандру, Бентанкур, Пьянич (Эмре Жан, 72), Дибала (Бернардески, 80), Матюиди (Жоау Канселу, 84), Криштиану Роналду, Манджукич.
Огоҳлантиришлар: Диего Коста, 8. Парти, 45+3. Сандру, 55. Гризманн, 89.
Ҳакам: Цвайер (Германия).
20 февраль. Мадрид. «Ваньда Метрополитано» стадиони.
Жавоб ўйини - 12 март, Турин.

Роналду «Атлетико»га қарши, Мората «Ювентус»га қарши. Нимчорак финал учун бу афиша Чемпионлар лигасининг кейинги 5 йилликдаги энг омадсиз жамоалари тўқнашуви таърифини ортда қолдирди. Мадридликлар ҳам, туринликлар ҳам охирги 5 йил ичида икки мартадан турнир финалида ўйнашган: «Атлетико» 2014 ва 2016 йилларда «Реал»га, «Ювентус» эса 2015 ва 2017 йилларда «Барселона» ҳамда «Реал»га финалда мағлуб бўлган. Диего Симеоне ва Массимилиано Аллегридан бири бу сафар «қулоқли кубок» учун курашни барвақт якунлашига тўғри келади.

Аргентиналик мутахассисда иштиёқ каттароқ, унинг жамоаси бу мавсумда ЕЧЛ финалини ўз уйида - «Ваньда Метрополитано»да қабул қилади ва нима қилиб бўлсада финалга қадар етиб боришга чоғланган. Итальянлар қўлидаги кузир эса - Криштиану. Кейинги беш йиллик ичида ЕЧЛда «Атлетико»ни 3 марта қақшатган (икки бор финалда, бир сафар яримфиналда) бу португалиялик ҳужумчи ўйин бошидаёқ Облакнинг ҳушёрлигини синовдан ўтказди - унинг жарима нуқтасидан йўллаган кучли зарбаси дарвоза тўсини остига кетаётганида словениялик дарвозабон томонидан қайтариб юборилди. 

Олдинда ҳали жавоб ўйини бор, аммо биринчи ўйиндаги воқеалар ривожи шуни кўрсатдики, Симеоне кейинги босқичга ҳақлироқ.

Трибуналар «Ювентус»нинг ҳар ҳужумини ҳуштакбозлик билан қаршилади, тўп Роналдуга келганида эса ҳуштакбозликлар авжига чиқди. Одатда Криштиану бундан роҳатланарди ва мезбонлар дарвозасига голлар уришда давом этарди. У биринчи жарима зарбасини ижро этганидан кейин устидан кулган мухлисларга беш бармоғини кўрсатиб, ўзи қўлга киритган ЕЧЛ кубоклари сонини ифодалади. Ундан олдинроқ эса Диего Костани ўзига қарши фол ишлатишга мажбур қилиб, рақиб жавоб ўйини олдидан асосий ҳужумчиларидан биридан айрилишини таъминлади.

Кўп ўтмай Коста яна бир баҳсли вазият иштирокчисига айланди. Испаниялик форвард ҳужум вақтида Де Шильо билан контактдан кейин рақиб жарима майдони ичида йиқилиб, пенальти сўради.

Германиялик ҳакам Феликс Цвайер аввалига Костага ишонди ва 11 метрлик нуқтани кўрсатди, аммо видеотакрордан кейин қарорини ўзгартириб, ҳужумчи жарима майдони ташқарисида йиқилган деб топди ва жарима зарбаси белгилади. Бу мадридликларнинг биринчи бўлимдаги энг хавфли вазияти эди. Симеоне бўлим охирида бошқа бир шогирди Партейга «Ювентус»нинг бошқа бир ҳужумчиси Дибалани ишдан чиқариш топшириғини берди, Дибаланинг оёғи синмади, лекин Парти ҳам Коста каби сариқ карточка ишлади.

 

Асосий воқелар иккинчи бўлимда кечди, Коста ўйиннинг антиқаҳрамонига айланди. У туринликлар клубида 500-ўйинини ўтказаётган Бонуччи таъқибидан қочиб кетди ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди, аммо аниқ зарба йўллай олмади. Гризманн дарвоза тўсинидан қайтган тўпни дарвоза тўрига йўналтириши мумкин эди, аммо Кьеллини уни узоқларга тепиб юборди.

Лекин бу ҳали энг қизиғи эмасди. Симеоне ғалаба қозониш учун Костани майдондан олди ва унинг ўрнига «Ювентус»нинг собиқ футболчиси Альваро Моратани ташлади. Қачондир унинг «Ювентус» сафида қадрдон жамоаси «Реал»га урган голи туринликларни ЕЧЛ финалига олиб чиққанди. Энди унга туринликларни йўлдан олиш вазифаси қўйилганди. У буни деярли уддалаганди, аммо у майдонга тушибоқ бош билан дарвозани ишғол қилганида, ҳакам видеотакрор орқали у зарба бериш олдидан рақиб ҳимоячисини бироз туртган деб топиб, голни бекор қилди.

Лекин бу вазият гол яқинлигини кўрсатиб турарди. Мадридликларда одатдагидек, ҳужумчилар гол урмагач, марказий ҳимоячилар бу ишни ўринлатишди. Мадридлик марказий ҳимоячилар ўзларига хос тарзда икки марта жарима зарбасидан иккита гол уришди.

Хименес ва Годин VAR’га тупуришди ва аргентиналик мутахассисга ғалаба келтиришди. Симеоне яна бир бор кучли мураббий эканини кўрсатди.

Жавоб ўйини натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, аввал ички чемпионатда, кейин ЕЧЛда VAR’дан жабрланган жамоа VAR’ни мағлуб этди ва ўзининг энг катта ситамгари Роналдуга имкон қолдирмади. Мадридликлар ҳимоячилари уни «чўнтакларига яшириб қўйишди». У фақат Годин гол урган вақтда томошабин бўлишга яради холос - тўп унинг белини силаб ўтиб, дарвозага кириб кетди. Бугун унинг куни эмасди.

«Ювентус»нинг ўйин учун режалари ўхшамади. Аллегри шогирдлари биринчи бўлимда Роналду тепган жарима зарбасидан бошқа имкониятга эга бўлишмади. Парти ва Хименеснинг қўполликларидан зада бўлган Дибала ҳам эҳтиёткор ўйнашга мажбур бўлди ва эркин ҳаракатлана олмади.

Мадридликларнинг еврокубокларда уй ўйинларидаги ғалабали серияси 13 ўйинга етди, мадридликлар Симеоне бошчилигида ҳеч қачон итальянларга ютқазмаган.

Афтидан, «Атлетико»ни ЕЧЛда кўп марта ранжитиб, уч бор ЕЧЛдан маҳрум этган Роналду бу сафар буни уддалай олмайди. У ва «Ювентус» кубок орзусини кейинги мавсумга қолдирадиган кўринади, туринликлар ҳали ҳеч қачон плей-оффда 0:2 ҳисобидан чиқиб кетолмаган. Бу ҳисоб ҳар қандай клуб учун ҳукмнинг ўзгинаси. Жавоб ўйинида мадридликлар Коста ва Партисиз ҳам натижага эриша олиши ҳақиқатга яқин.

Кўпроқ янгиликлар