Назарбоев Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқарди

Жаҳон 19:38 / 21.02.2019 40389

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқаришга қарор қилди ва унинг истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда Оқўрда сайтида маълум қилинди. 

Назарбоевнинг таъкидлашича, Қозоғистонда бир нечта, жумладан, индустриал, ижтимоий, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим давлат дастурлари қабул қилинган, бироқ улар бўйича ҳукумат томонидан тизимли иш йўлга қўйилмаган ва шу сабабли аҳолининг реал даромадлари ошмаган.    

“Бугун давлатимиз учун муҳим қарорни қабул қилмоқдаман. Аввалги йилларда ижтимоий-иқтисодий вазият барқарор эди. Бу, шубҳасиз, ижобий ҳолатдир. Бироқ ҳозирги замон учун бу етарлилик қилмайди”, деб айтган президент.

Элбасининг айтишича, янги ҳукумат турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётни стимуллаш, стратегик вазифаларни амалга ошириш бўйича амалий қадамларни ишлаб чиқиши лозим.

Шу муносабат билан Назарбоев 21 февралда ҳукуматни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонни имзолаган ва бош вазир лавозимига вақтинчалик Аскар Маминни тайинлаган.  

Фармонга кўра, ҳукумат аъзоларига ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажариш топширилган. 

Бунгача Қозоғистон бош вазири сифатида Бакитжан Сағинтаев ишлаб келаётганди. Мамин эса бош вазир биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келган. 

Кўпроқ янгиликлар