«Бизнинг қуроллар қаергача етиб боришини ўлчаб, кейин ҳаракат қилишсин» – Путин АҚШ агрессияси ҳақида кескин гапирди

Жаҳон 15:14 / 21.02.2019 82368

20 февраль куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат федерал йиғинга мурожаат қилди. 15-марта амалга оширилган бу мурожаатда Путин кўплаб масалалар борасида кескин гапларни гапирди. Хусусан, унинг АҚШ агрессияси ҳақида айтган гаплари эътиборга молик бўлди.

Путин АҚШнинг ўрта ва яқин масофаларга мўлжалланган ракеталарни жойлаштирмаслик бўйича келишувни (1987 йил Вашингтонда СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв ҳамда АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган томонидан имзоланган) қўпол тарзда бузаётганини таъкидлади.

Путиннинг айтишича, АҚШ ўрта масофаларга мўлжалланган ракеталарни ишлаб чиқишда давом этмоқда: «АҚШ ўрта масофаларга мўлжалланган ракеталарни тайёрлаб, Руминия ва Польшада бундай ракеталарни учириш учун мўлжалланган қурилмаларни жойлаштириш билан ўртадаги келишувни қўпол тарзда бузмоқда».

«Россия бундай турдаги ракеталарни Европада жойлаштиришни режалаштирмаяпти, яна бир бор таъкидлайман, режалаштирмаяпти (!). Лекин Европада бундай турдаги ракеталар бизга қаратиб жойлаштирилса, АҚШда эса бундай режалар бор, биз жавоб чораларини кўришга мажбур бўламиз. Такрорлайман, мажбур бўламиз (!). Чунки буни Россияга нисбатан тўғридан-тўғри таҳдид деб биламиз. Бундай турдаги ракеталарнинг баъзи турлари 10-12 дақиқа ичида Россиягача етиб келиши мумкин.

Бир нарсага ҳайронман. Европани шундай катта хавф остонасига олиб келиб қўйишнинг нима кераги бор эди? Шахсан мен бу учун ҳеч қандай асос кўрмаяпман. Такрорлайман, бу бизнинг танловимиз эмас, ҳаммаси бундай мураккаблашиб кетишини биз хоҳламаяпмиз.

Умид қиламанки, улар ҳисоблашни билишади. Афтидан, билишса керак. Буни бежизга айтмаяпман. Улар бизга таҳдид қилишдан аввал қуролларимиз қаергача етиб бориши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишсин. Биз шубҳасиз ўз хавфсизлигимизни таъминлаймиз»,- дейди Путин.

Сиёсатчининг бу сўзлари йиғин иштирокчилари томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

© РИА Новости / Алексей Филиппов

Путин мурожаати давомида йиғилганларга янги масофавий ракетани ҳам таништирди. У олдинги мурожаатида аста-секин бу борадаги янгиликлар билан таништириб боришини айтганди: «Энди сизларга аста-секин бисотимизда нима борлиги ҳақида маълумот бериб борамиз. Бугун сизларга гиперовозли «Циркон» ракетасини расман таништирмоқчиман. Бу борада ишлар муваффақиятли давом этмоқда».

© РИА Новости

Маълум бўлишича, бундай ракеталар минг километргача бўлган масофадаги нишонни йўқ қила олади ва тезлиги 9 махга етиши мумкин (мах – юқори тезликдаги техникалар тезлигини ҳисоблаш учун ўлчов бирлиги. Ўлчов унинг асосчиси Эрнст Мах номига қўйилган). Ундан қуруқликда ва денгиз операцияларида фойдаланиш мумкин.

Кўпроқ янгиликлар