АҚШ Марказий ва Жанубий Осиёда кучли ҳамда мустақил ҳамкорлар билан иш олиб бориш истагида 

Ўзбекистон 12:58 / 21.02.2019 11027

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотел Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашга чақирмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири. 

21 февраль куни пойтахтдаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бошланди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари CENTKOM қўмондони иштирок этмоқда.

«Ушбу йиғилиш минтақа тарихидаги энг долзарб ва муҳим даврда юз бермоқда. Минтақада хавфсизлик масаласи ҳамон очиқ қоляпти, шу туфайли биз фаолиятимизни янада яхши олиб боришимиз ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Шу туфайли биз муносабатларимизни ҳам индивидуал, ҳам жамоавий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва ривожлантириш имкониятини қидириб, бу жойга йиғилдик», — дейди Жозеф Вотел.

АҚШ қўмондонининг айтишича, Америка Марказий ва Жанубий Осиёда мустақил ва кучли ҳамкорлар билан ишлашни истайди.  

Йиғилишда иштирок этаётган Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳам анжуман кириш сўзида минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ички ҳамда ташқи таҳдидларга йўл қўймаслик, бунинг олдини олиш мақсадида Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча давлатлари билан ўзаро тушуниш, конструктив ҳамкорлик бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига урғу берган. 

Хорижий ҳамкорлар билан мудофаа соҳасидаги алоқалар ҳар томонлама кенгаймоқда. 

Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигининг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ва минтақада барқарорликни таъминлаш мақсадида манфаатдор давлатлар билан стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда, қўллаб-қувватланмоқда. 
Биз барча давлатлар билан Афғонистонда тинчлик, биринчи навбатда, хотиржамликни таъминлаш учун стратегик алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёрмиз»,— деди Баҳодир Қурбонов.

Кўпроқ янгиликлар