60 миллион сўм пенсия ва нафақа пуллари сайёр касса автомашинасидан ўғирланди

Жамият 17:09 / 20.02.2019 41751

2019 йил 16 февраль куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Саройқўрғон маҳалласига тарқатиладиган 1 дона махсус халтада жойлаштирилган 60 миллион сўм пенсия ва нафақа пуллари “Дамас” русумли сайёр касса автомашинасидан ўғирланган. 

Самарқанд вилояти ҳокимининг телеграмдаги каналида хабар берилишича, бу ҳақда АТ “Халқ банки” Каттақўрғон тумани Пайшанба филиалида ҳайдовчи бўлиб ишловчи фуқаро Т.Ж. Каттақўрғон шаҳар ИИБга ўз аризасида маълум қилган.

Аризада қайд этилишича банк ходимлари Х.Ш., И.А., С.Э. ҳамда Каттақўрғон шаҳар ИИБ туманлараро қўриқлаш бўлими ходими Б.Ғ.лар сайёр касса автомашинасида “Саройқўрғон”, “Янгиқўрғонча” ва “Мелихўжа” маҳаллаларига пенсия ҳамда нафақа пулларини тарқатиш учун йўлга чиқишган. Автомашинада 3 дона махсус халталарга солинган 116 миллион сўм маблағ бўлган. 

Улар Каттақўрғон шаҳар Баҳористон маҳалласи А.Навоий кўчасига келишган вақтда қўриқлаш бўлими ходими Ғ.Б. автомашинадан тушиб қолган, қолганлар ҳам овқатланиш учун шу ерда жойлашган “Лаваш” номли ошхонага киришган.  Овқатланиб бўлгач, Каттақўрғон тумани Саройқўрғон маҳалласи биносига келишган ҳамда 1 дона махсус халтада жойлаштирилган 60 миллион сўм пенсия ва нафақа пуллари ўғирлаб кетилганлигини сезишган.

Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида, ушбу ўғирлик жиноятини Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаролар Ф.С., И.Б. ва Т.Ў. содир этганлиги аниқланган. 

Фуқаро Ф.С ва И.Б. ушлаган ҳамда ҳар биридан 15 миллион сўмдан пуллар ашёвий далил сифатида олинган. Ф.С. бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган. 

Гумон қилинувчи Т.Ў.ни ушлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда. 

Кўпроқ янгиликлар