Хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби такомиллаштирилади

Ўзбекистон 10:12 / 19.02.2019 10208

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартибини такомиллаштириш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Белгиланишича, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади;

хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасаларида таълим олган шахсларнинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади;

хорижий давлатларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида таълим олган шахсларнинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган электрон кўринишдаги ҳужжатларнинг намунавий шаклларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат хизматлари марказларининг ходимлари учун хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган ўқув-амалий семинарлар ўтказилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланишини ташкил этади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартиби ҳақидаги низомга кўра, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш Ўзбекистон Республикасидаги ваколатли давлат органларига хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисида мурожаат этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги мавжуд бўлмаган шахсларнинг, талабгорлар вояга етмаган бўлса уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаларига мувофиқ амалга оширилади.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш талабгорларнинг мурожаатига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар мос равишда Ўзбекистон Республикасининг умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларига тенглаштирилган ҳолда тан олинади.

Комиссияларнинг таркиби ва иш тартиби ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг буйруғига кўра белгиланади. Комиссияларнинг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади. Комиссияларнинг қарорларига кўра ҳудудий бошқармалар раҳбарлари томонидан хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

Талабгорларга умумий ўрта ва ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги буйруқ асосида ҳудудий бошқармалар томонидан мувофиқ шаклда маълумотнома берилади. Маълумотнома хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш тегишли ҳудуддаги комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб беш иш кунида амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасаларида таълим олганлик тўғрисида ҳужжат берган таълим муассасаси, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни олиш талаб этилган ҳолларда хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш муддати аниқлаштирувчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Комиссиялар бутун ўқув йили давомида фаолият кўрсатади ва ўз фаолияти ҳақида Давлат инспекциясига ҳисобот беради.

Комиссиялар томонидан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш таълим стандартлари ва ўқув дастурларининг мувофиқлиги асосида амалга оширилади.

Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни берган хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасалари тўғрисидаги маълумотларни олишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳудудий бошқармаларга кўмаклашади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг қалбаки эканлиги аниқланган тақдирда, комиссиялар томонидан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш рад этилади.

Кўпроқ янгиликлар