Хоразмдаги кўприклар – аҳволидан нам киприклар. Аҳоли нега хавфли кўприклардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда?

Жамият 15:50 / 19.02.2019 11746

Хоразм вилояти ариқлар, захкашлар ва каналларга бой ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 3 мингдан ортиқ катта ва кичик кўприклар мавжуд. Уларнинг аксарияти ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган.

Кўприкларнинг эксплуатация даври ўртача 50 йилни ташкил қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда уларнинг кўпчилиги жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирди, таъмирталаб бўлиб қолди. Баъзилари эса «ёшини яшаб, ошини ошаб» бўлди, ўпирилди, қулаб тушди, яроқсиз ҳолга келиб қолди.

Кўприк билан боғлиқ сўнгги жиддий техноген авария ўтган йилнинг 1 ноябрь куни юз берган, Урганч - Чолиш йўлининг 10 километридаги каналга қурилган кўприк жуда эскириб кетгани сабабли, юк автомобили оғирлигини кўтаролмай, қулаб тушган эди. Яхшиямки, бу аварияда жабрланганлар бўлмаганди. Аммо  вилоятни Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудлар билан боғлаб турувчи асосий йўл маълум муддатга ёпилиб қолганди.

2018 йил 1 ноябрь куни Урганч – Чолиш йўлида қулаб тушган кўприк, ҳанузгача таъмирланмаган.
Ёнида вақтинчалик кўприк қурилган.

Бу воқеадан кейин Хоразм вилояти бўйича барча кўприкларнинг ҳолати текширувдан ўтказилиб, уларга баҳо берилди. Кўприклар олдига юк кўтариш қобилиятини кўрсатувчи «Вазн чекланган» ва «Ўққа тушадиган оғирлик чекланган» белгилари ўрнатилди.

«Вазн чекланган» ва «Ўққа тушадиган оғирлик чекланган» белгиси

Маълумот ўрнида, «Вазн чекланган» белгиси – ҳақиқий умумий вазни белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради.

«Ўққа тушадиган оғирлик чекланган» белгиси - бирорта ўқига тушадиган ҳақиқий оғирлиги белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланишини билдиради.

Мисол учун иккита ўққа эга бўлган юк автомобилининг оғирлиги олд қисмига 1/3 нисбатда, орқа қисмига 2/3 нисбатда тақсимланади. Учта ўқли автомобилларнинг ҳар бир ўқига 1/3 нисбатда тақсимланади. Агар ўққа тушадиган оғирлик белгида кўрастилганидан юқори бўлса, ҳайдовчи бу йўлни бошқа йўналиш орқали айланиб ўтиши шарт бўлади.

Тараққиёт бир жойда тўхтаб турмайди, сўнгги йилларда йўлларнинг серқатновлиги, автомобилларнинг вазни ва юк кўтариш қобилияти анча ошди. Бундан 30-40 йил олдин юк автомобиллари вазни ўртача 7-8 тонна атрофида бўлса, ҳозирги кунда вазни 20 тоннадан зиёд йирик транспорт воситалари пайдо бўлган. Натижада, бундай юкламага мослашмаган кўприкларнинг эскириш жараёни ҳам тезлашди.

Маълумотларга кўра, вилоятда давлат аҳамиятига эга йўллардаги 60га яқин кўприк жорий таъмирлашга муҳтож, баъзилари эса мутлақо қайтадан қурилиши керак. Маҳаллий аҳамиятга эга чекка йўллардаги бундай кўприкларнинг сони янада кўплигини тахмин қилиш мумкин.

Шу ўринда аҳоли мурожаати асосида ўрганилган ва хизмат сафари давомида йўл-йўлакай дуч келган баъзи кўприклар ҳақида маълумот берамиз.

Урганч – Дўрман қишлоғи йўлидаги кўприк, бир неча йил олдин бузиб ташланган. Ҳалигача тузатилмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Транспорт воситалари вақтинчалик кўприк устидан ҳаракатланмоқда.

Янгиариқ – Хонқа йўлидаги Таган захкаши устига қурилган кўприк. Таъмирталаб бўлиб қолган ва қисман ёпилган.

Урганч – Янгиариқ серқатнов йўлидаги Полвон канали устига қурилган катта кўприк. Таъмирталаб ҳолга келиб қолган, қисман ёпилган.

Хонқа – Янгиариқ йўлидаги кўприк, таъмирталаб бўлиб қолган, ўпирилиб тушган хавфли қисми тўсилган.

Вилоятдаги кўприкларнинг аҳволи ва таъмирланиши масаласи юзасидан Хоразм вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қувондиқ Матёқубовдан изоҳ олдик.

«Хоразм вилоятида 3 мингга яқин кўприк бор. Шулардан 861таси бошқармамизга тегишли. Қолган қисми туман ҳокимликлари, мелиорация корхоналари ва бошқа идоралар балансида турибди. Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, бошқармамиз фақат ўз балансида турган кўприклар учун масъул ҳисобланади.

861та кўприкнинг биттаси халқаро аҳамиятга эга йўлларда, 373таси давлат аҳамиятига эга йўлларда, 487таси маҳаллий аҳамиятга эга йўлларда жойлашган. Шулардан 60та кўприк таъмирталаб бўлиб қолганини аниқладик. Уларга махсус тўсиқларни, огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатганмиз.

Кўприкларни таъмирлаш Республика бюджети ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. 2019 йилнинг 1 чорагида 20та кўприкни таъмирлашни режалаштирганмиз. Бунга Молия вазирлиги томонидан 2,26 миллиард сўм ажратилди. Февраль ойи ўртасигача 11таси тўлиқ таъмирланди», - деди Матёқубов.

Хоразм кўприкларининг таъмирланиши вилоят иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Йўллар иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланади, кўприклар – уларни боғлаб турадиган восита. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги пайтда битта катта кўприкни жорий таъмирлаш учун ўртача 50-100 миллион сўм, уни қайтадан қуриш учун 2-3 миллиард сўм маблағ талаб қилинади, бу кам пул эмас. Эскириш натижасида таъмирталаб бўлиб қолаётган кўприклар сони эса кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг устидан ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг хавфсизлиги эса сўроқ остида турибди, демак бу ҳолат аҳолининг ҳаётига ҳам хавф солмоқда.

Шуни эътиборга олган ҳолда, давлат аҳамиятига эга йўллардаги кўприкларни таъмирлаш – пайсалга солиб бўлмайдиган вазифа сифатида қаралиши керак. Зеро, серқатнов йўллардаги ҳар қандай кўприкнинг ишдан чиқиши нафақат аҳоли учун ноқулайликни келтириб чиқаради, балки иқтисодиёт учун ҳам катта зарба бўлади.

Нурмуҳаммад Саид

Кўпроқ янгиликлар