Қишлоқда бир тун. Ташқи дунёдан узилган шаҳрихонликлар

Жамият 17:20 / 19.02.2019 69336

Аҳоли мурожаатлари қиш фаслида кўпайгандан кўпаяди. Водийга навбатдаги сафар давомида ўнлаб мурожаатлар ўрганилди.

Шундай мурожаатлардан бирини Андижон вилояти, Шаҳрихон туманидаги Сохиобод маҳалласи кишилари йўллаган эди. Унда қишлоқда кундалик ҳаёт учун зарур нарсалар йўқлиги айтилганди. «Қишлоқда бир тун» лойиҳасининг навбатдаги сони шу ерда олинди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Қишлоқ йўлининг ҳолати маймунлар йиғлагудек. Бизни мезбон Комилжон Аҳмедов кутиб олди. Бу хонадонда дастлаб ишни эрталабки машғулот – мол-қўйларга ем беришдан бошладик. Йўқса, «тўрт оёқли дўстлар» умуман тинчлик бермаслиги ҳақида огоҳлантиришди. Бу «муаммо»ни ҳал этганимиздан сўнг, энди ўзимизнинг энг асосий ғамимизни ҳал қилишга, яъни ўтин қилишга киришдик.

Ўтин қилиш жараёни – соғлиқ учун ҳам жуда фойдали машғулот бўлиб, вазн йўқотишда жуда қўл келар экан. Шаҳарларда бунинг учун махсус фитнесс клублар очишса, қишлоқларда бунга ҳожат йўқ, озиш учун барча «шароит»лар муҳайё.

Навбатдаги иш – ичимлик суви олиб келиш. Бу маҳаллада на сув қувури, на артезиан қудуғи бор эди. Бу ерда одамлар сувни ариқдан ичишлари маълум бўлди. Уларнинг ота-боболари ҳам ариқдан сув ичишган, шу сабабли ариқ суви жуда тоза сақланган деган тушунча мавжуд. Лекин аслида ариқ суви аждодлар давридагидек тоза эмасди. Мажбур бўлиб ариқ суви билан челакларни тўлдирдик.

Кеч тушмасдан ҳаётнинг кўп сабоқларини олишга улгурдик. Тунни шу ерда ўтказишимиз ҳақида оиламиздагиларни хабардор қилмоқчи бўлган эдик, қарангки, бу ерда мобил алоқа антенналари ҳам чиқмас экан. Шу пайт бизни кузатиб турган кишилардан бири «мухбир ака, биз замонавий Робинзонлармиз» деб қолди. Ҳа, бу ерда тараққиёт вакилиман дейиш учун керакли шароитларнинг лоақал бирортаси йўқ.

Қош қорайиши билан мезбонимиз бизни дастурхонга бир пиёла чой устида суҳбатга чорлади.

«Мухбир ака, уйлардаги ҳолатни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Биз бу масалада кўп марта мурожаат қилганмиз. Президент порталига ҳам ёздик. Текширувчилар келганида, бошқа маҳаллани кўрсатиб, «ҳаммаси яхши» деб жўнатиб юборишибди. Бу – президентни алдаш дегани. Бош прокуратурага ҳам ёзгандик, уларни ҳам секингина кузатиб юборишди, шекилли, кейин жимиб кетди. Электр учун симёғочни ўзимиз олиб келганмиз. Виртуал порталга аризамиз ҳолати ҳақида билмоқчи бўлдик. Порталда бизнинг мурожаатга жавобан туман ҳокимиятининг жавоб хати юборилган экан», дея мезбон қўлимизга бир жавоб хатини тутқазди.

Унда кўпгина хатолар бор эди. Ҳокимият вакиллари қандай қилиб шундай қўпол хатоларга қўл уриши мумкин? Тағин қўрқмасдан президент порталига жўнатишган уни.

Шундан сўнг «қўрқинчли тун» бошланди. Бисотимизда ўтинларимиз бор-ку, дея хотиржам эдик. Лекин бу ўтинлар махсус ёқиш учун тезак билан ишлатилмаса, дарров адоғи кўринар экан.

Туни билан икки марта уйғондик. Бир марта ўтин солиш учун турганимизда, ток ҳам ўчиб қолди. Печка кавлашга мажбурмиз, йўқса хона совийди, қалин кўрпалар ҳам кор қилмай қолади. Мезбонимизнинг сўзларига кўра, уйни иситиш учун фақат ўтин ва тезак асосий ёқилғи бўлиб, қишлоққа кўмир ҳам келмайди.

Амаллаб тонг оттирдик-ку, лекин шеригимнинг иссиғи чиқиб кетди...

Эрталаб хайрлашишга тараддудланиб турганимизда эшик очилиб, ҳокимият вакили ички ишлар ходимлари билан кириб қолди. Журналистика қоидаларига кўра, доимо иккинчи томонни эшитиш лозим. Бироқ бу ҳолатда кимнидир эшитиш ҳам шарт эмасди. Бир кунлик ҳаётимиз ҳаммаси учун далил эди. Бир кун яшаб шу ҳолга тушдик. Йиллар давомида қишлоқда шу ҳолатда сабр билан яшаётган одамларга жуда ачиндик. Ахир, улар ҳам бизнинг ватандошларимизку? Қишлоқ болалари орзулари йўлида ҳаракат қилиш, ўқиш-ўрганиш ўрнига камида уч ой печкага ёқиш учун ўтин ғамлаш ва уни қалаш билан овора. Айни шу вақтда эса биз эришилган ютуқларга маҳлиё бўлишда давом этяпмиз.

Баҳодир Аҳмедов

Кўпроқ янгиликлар