Пайариқда рекорд: Турдимовнинг сайёр қабулида 600 дан зиёд мурожаат тушди

Жамият 21:04 / 19.02.2019 11408

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг 19 февраль куни навбатдаги халқ билан мулоқоти сайёр қабул шаклида Пайариқ туманида ўтказилди.

Тумандаги 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган сайёр қабулда 602 нафар фуқаро томонидан мурожаатлар рўйхатга олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Туманда яшовчи фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолардан ташқари кўпчилик манфаатига хизмат қиладиган — йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти бўйича мурожаатлари билан қатнашишди.

Барча масалалар вилоят ҳокимлиги томонидан қатъий назоратга олинди ва 22 февраль куни ижро ҳолати муҳокама этилиши белгиланди.

Бу Эркинжон Турдимовнинг 2018 йил июль ойида Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланганидан буён шаҳар ва туманларда ўтказаётган еттинчи сайёр қабулидир. 

Аввалроқ Булунғур туманида, Самарқанд шаҳрида (икки бор), Пахтачи, Паст Дарғом ва Нарпай туманларида сайёр қабул ўтказилган эди. Бунгача энг кўп мурожаат Пахтачи туманидан тушган — 432 та ва уларнинг 318 таси қаноатлантирилган.

Кўпроқ янгиликлар