Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш қоидаларига ўзгартиришлар киритилади 

Ўзбекистон 09:48 / 18.02.2019 3402

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги 53-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилади.

Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:

68-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“68. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари:

ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, саноат сиёсати, иқтисодиётнинг алоҳида соҳалари ва тармоқлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети билан боғлиқ масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан;

ташқи савдо ва инвестициялар билан боғлиқ масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан;

ташқи сиёсий фаолият билан боғлиқ масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар бўйича – Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан;

адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан;

фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига тааллуқли масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалалар бўйича – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан;

Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан;

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан;

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилиши лозим.”.

69-банд ўз кучини йўқотган деб топилади.

71-1-банд ўз кучини йўқотган деб топилади.

88-банд ўз кучини йўқотган деб топилади.

115-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“115. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд уни ўз кучини йўқотган деб топиш ушбу ҳужжатни қабул қилган орган томонидан ёхуд бунга ваколатли бошқа орган томонидан ушбу ҳужжат қабул қилинган тартибда амалга оширилади.

Бошқа вазирлик ва идоралар билан қўшма ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шу вазирлик ва идоралар билан қўшма ҳолда ўзгартириш, қўшимчалар киритилади ёки ўз кучини йўқотган деб топилади.

Бир нечта вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар келишилган вазирлик ва идоралардан қайси бирининг манфаатларига ёки ваколатларига дахл қилса, ўша вазирлик ва идоралар билан келишилади.

Бошқа вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шу вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда ўз кучини йўқотган деб топилади.

Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар уни қабул қилишда иштирок этмаган вазирлик ва идоралар билан келишилиши лозим бўлса, бундай ўзгартириш ва қўшимчалар ушбу вазирлик ва идоралар билан ҳам келишилиши лозим.”.

Кўпроқ янгиликлар