Москвада америкалик инвестор Майкл Калви ҳибсга олинди

Жаҳон 21:42 / 16.02.2019 13052

Москванинг Басманний суди АҚШ фуқароси, Baring Vostok инвестицион компанияси асосчиси Майкл Калвини ҳибсга олишга санкция берди. Бу ҳақда Москва шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, у шу йилнинг 13 апрелига қадар эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақланади.

Тергов талқинига кўра, Калвига тегишли бўлган «Первое коллекторское бюро» компанияси «Восточний» банкидан 2,5 млрд рубль кредит олган ва кредитни 2017 йил февралда бошқа компаниянинг 3 млрд рубль деб баҳоланган акциялари билан қайтарган. Аммо тергов акция нархи ўта юқори кўрсатилган деб ҳисобламоқда: тергов хулосасига кўра, қимматли қоғозлар топширилаётган пайтда уларнинг қиймати 600 минг рублга тенг бўлган.

Аввалроқ, 14 февраль куни Калви иши билан алоқадорликда гумон қилинган «ПКБ» бош директори Максим Владимиров, Франция фуқароси Филипп Дельпаль, «Норвик Банк» ОАЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Алексей Кордичев, Baring Vostok фонди ҳамкори Ваган Абгарян ва инвестиция директори Иван Зюзин ҳибсга олинганди.

Уларнинг барчасига ўта йирик миқдорда товламачилик қилиш айби қўйилган.

Baring Vostok — Россия ва МДҲ давлатларига маблағ киритиш билан шуғулланувчи инвестицион компания. Компания 1994 йилдан буён FGI Wireless («ВимпелКом»), «СТС Медиа», «Авито», Тинькофф Банк, «ВкусВилл», «Папа Джонс», «А5» аптекалар тармоғи, Европа тиббиёт маркази, «Яндекс» каби компанияларга инвестиция киритган. 

Кўпроқ янгиликлар