Каттақўрғон шаҳридаги чиқинди полигони атрофидаги муаммолар мутасаддилар эътиборидан четда(ми)?

Жамият 20:29 / 14.02.2019 8313

Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Дўстлик» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.

«Биз Каттақўрғон тумани, «Дўстлик» МФЙ, Қозоқовул қишлоғи аҳолиси яшаб турган уйимиз яқинидаги чиқиндихона туфайли азият чекмоқдамиз. Чиқиндихона Каттақўрғон сув омборига қуйиладиган кириш каналининг чап қирғоғида жойлашган. Майдони 31 гектар. Бу ерга тўкиладиган чиқиндилар канал сувини ифлослантиради. Шу сувдан сув омбори атрофида яшовчи одамлар истеъмол килишади. Шу майдоннинг бир қисмида сунъий кўлда балиқ етиштирилади. Балиқларнинг асосий озуқаси ҳам шу чиқиндилар. 2018 йил атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили келиб, чиқиндихона бошқа ерга кўчирилишини айтган эди. Аммо бундай бўлмади. Чиқиндихонага уй ҳайвонларининг жасадлари ҳам ташлаб кетилади. Бизнинг болаларимиз шу ердан ўтиб мактабга қатнашади. Турли касалликлар тарқалиши хавфи бор», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни жойига бориб ўргандик ва Каттақўрғон шаҳридаги чиқинди полигонини кўздан кечирдик. Маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Чиқиндихона яқинида истиқомат қиламиз. Шамолда ҳовлимиз чиқиндига тўлади. Айниқса, ёз кунларида бу ернинг ҳидига чидаб бўлмайди. Шу атрофдаги аҳоли шундай ҳолатда яшашга мажбур. Бу масаладаги мурожаатларимиз мутасаддилар томонидан эътиборсиз қолмоқда», – дейди Гулбаҳор Қиличева.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, чиқинди полигони Каттақўрғон шаҳар балансида туради, унинг атрофида яшайдиган аҳоли ва ҳудуд Каттақўрғон туманига қарайди.

2005 йилгача чиқинди полигони жойлашган ер «Қурилиш материаллари заводи» очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятига тегишли бўлган. Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2005 йил 24 мартдаги қарори билан бу ер майдони шаҳар коммунал фойдаланиш бошқармасига берилган ва чиқинди полигони ташкил этилган.

Чиқинди полигонини кўздан кечирганимизда, ҳақиқатан ҳолат ачинарли эканлигига гувоҳ бўлдик. 32 гектарга яқин ҳудудни эгаллаган чиқиндихона санитария меъёр ва талабларига умуман жавоб бермайди. Чиқиндихонага аҳоли яшайдиган уйлар шундоққина ёнида жойлашган. Баланд тўсиқлар билан ўралмаган. Шамолда аҳоли хонадонлари чиқиндиларга тўлади. Қишлоқ кўчалари ҳам шамол учирган ва тўкилган чиқиндиларга тўлган. Чиқинди полигони яқинида Каттақўрғон сув омборининг кириш канали оқиб ўтади. Шамолда каналдаги сув ҳам чиқиндилардан «бенасиб» қолмайди.

«Ушбу чиқинди полигонига бир кунда Каттақўрғон шаҳридан 70-80 тонна чиқинди олиб чиқилиб, тўкилади. Бу ерда чиқиндихона ташкил этилганда атрофда аҳоли хонадонлари бўлмаган. Кейинчалик аҳоли бу ерга ноқонуний равишда уйлар қуриб олган. Белгиланган меъёрлар бўйича чиқинди полигони муҳофаза ҳудуди 500 метр бўлиши керак ва аҳоли хонадонлари ҳам шунча масофада узоқликда жойлашган бўлиши керак. Унинг ёнидаги кўлга бир фуқаро томонидан балиқ кўпайтириш учун увилдириқлар ташланган. Аммо бу натижа бермаган ва ҳозир бу ерда балиқ боқилмаган», – дейди Каттақўрғон шаҳар «Тоза ҳудуд» ДУК назоратчиси Шуҳрат Худоёров.

Бу масала юзасидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Каттақўрғон шаҳар вакиллиги Олим Султоновдан изоҳ сўрадик. Мутасадди бу ерга яқинда ишга ўтганини, мазкур ҳолат юзасидан ҳеч қандай маълумотга эмаслигини билдирди.

Чиқинди полигонидаги антисанитария ҳолатлари юзасидан Каттақўрғон шаҳар давлат санитария эпидемиология назорат маркази бош шифокори Иброҳим Жумаев билан суҳбатлашдик.

«Эътирозларингиз ўринли. Ҳақиқатан ҳам чиқиндихона полигони белгиланган меъёрлар асосида баланд тўсиқлар билан ўралган бўлиши керак. Бу ҳудудда белгиланган тартиб ва меъёрларга жавоб бермайди. Ҳаммаси маблағга боғлиқ. Аҳоли хонадонлари чиқиндихонадан камида 500 метр узоқликда бўлиши лозим. Биз ваколатимиз доирасида барча чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз», – дейди И.Жумаев.

Аҳоли хонадонлари чиқинди полигонидан 500 метр узоқликда жойлашиши лозим бўлса, ҳақиқатан ҳам уйлар ноқонуний қурилганми?

Аҳоли билан суҳбатлашганимизда айримлари ҳақиқатан ҳам ерни қайси бир фермердан сотиб олиб, уй қурганини, энди кадастр ҳужжатларини тайёрлаётганини очиқ айтган бўлса, айримлари 2005 йилда бу ерга кўчиб келганини, у вақти бу ерда чиқиндихона бўлмаганлигини таъкидлайди.

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Каттақўрғон тумани филиали мутасаддилари билан учрашдик.

Биз билан суҳбатда ўзини исм-фамилиясини очиқлашни истамаган филиал мутахассиси чиқинди полигони яқинидаги уйларнинг айримларининг ҳужжатлари борлиги, айримлариники йўқлигини билдирди. Аниқ рақам ва маълумотлар олишнинг имкони бўлмади.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Каттақўрғон шаҳрида жойлашган чиқиндихона билан боғлиқ муаммолар йиғилиб қолган. Бу эса мазкур муаммо мутасаддилар эътиборидан четда қолаётганини кўрсатиб турибди. Акс ҳолда муаммолар бунчалик тўпланиб қолмасди.

Kun.uz ушбу муаммоларнинг ижобий ҳал этилиши юзасидан воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли.
Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар