Пахтани томчилатиб суғориш билан боғлиқ харажатлар қопланади

Ўзбекистон 16:49 / 11.02.2019 11998

Вазирлар Маҳкамасининг 6.02.2019 йилдаги 103-сон қарори билан пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тасдиқланди.

Norma’нинг ёзишича, ушбу жараёнга сарфланган умумий суммадан қатъи назар, томчилатиб суғориш тизими жорий этилган майдоннинг ҳар бир гектари учун Давлат бюджетидан бир марталик субсидия – 8 млн сўм ажратилади. Маблағлар пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг харажатларини қоплашга, шу жумладан жалб этилган кредит бўйича қарздорликларини қоплашга йўналтирилади. 
 
Эслатиб ўтамиз, ушбу имтиёз, шунингдек пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир бошқа чора-тадбирлар президентнинг 27.12.2018 йилдаги ПҚ–4087-сон қарори билан тасдиқланган.   

Субсидия олувчиларнинг рўйхати қандай шакллантирилади, қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак бўлади
 
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вилоят ҳокимликлари билан биргаликда пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг мурожаатларини ўрганадилар. Ҳар йили 1 апрелга қадар келгуси йилда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича аниқ рўйхатни шакллантириб, уни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этадилар. Ҳукумат 1 майга қадар вилоятлар кесимида параметрларни тасдиқлайди ва уларни юқорида кўрсатилган тузилмаларга ижро учун юборади.
 
Субсидия олувчилар рўйхатига кириш учун пахта хом ашёси етиштирувчилар вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари зарур:

•  томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича лойиҳа ва «бизнес-режа»нинг нусхаси;
•  тижорат банки билан тузилган кредит шартномаси ҳамда кредит ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
•  томчилатиб суғориш технологиясининг бутловчи қисмларини харид қилиш ва қуриш бўйича пудрат ташкилотлари билан тузилган шартномаларнинг нусхаси (агар томчилатиб суғориш технологияси ўз имкониятлари билан қурилган бўлса, бошқа тегишли ҳужжатлар тақдим этилади);
•  амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;
•  томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси нусхаси. Ушбу комиссия ҳар бир туманда ҳокимнинг қарори билан тузилади, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, ҳокимлик, молия бўлими, электр тармоқлари бўлими, хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмаси ва бошқа идоралар вакилларидан иборат бўлади.
 
Ишчи орган ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин 1 кун муддатда ариза берувчи ҳукумат томонидан тасдиқланган параметрларда бор ёки йўқлигини аниқлайди. Етиштирувчи рўйхатда бор бўлган тақдирда у тақдим қилган ҳужжатлар кўриб чиқилади ва қайд этилади, ҳужжатларни тўлиқ тақдим этганларнинг якуний рўйхати эса гуруҳ раҳбари эътиборига етказилади. 
 
Ишчи гуруҳ аъзолари жорий этилган томчилатиб суғориш технологиясини жойида ўрганиб чиқадилар ва хулоса тайёрлайдилар. Ижобий хулосалар асосида субсидия олувчиларнинг рўйхати шакллантирилиб, у маблағ ажратиш учун Молия вазирлиги ва Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига юборилади. Рўйхат нусхаси вилоят молия бошқармаларига тақдим этилади.
 
2019 йилда ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш маблағлари ҳисобидан пул ажратилади. Келгуси йилларда эса субсидия ажратиш учун бюджет параметрларини шакллантиришда кўзда тутиб борилади.
 
Ҳужжат 7.02.2019 йилдан кучга кирди.

Кўпроқ янгиликлар