Ўзбекистон ҳудудига тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ноқонуний импорт қилишга қарши кураш кучайтирилади

Ўзбекистон 20:10 / 11.02.2019 8765

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда:

Республикада йилига камида бир маротаба  тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг тўқимачилик ва мода индустрияси Халқаро кўргазмалари ўтказишни жаҳон амалиётига киритиш бўйича чоралар кўради;
  
Европа иттифоқи, Туркия, Koрея, Xитой ва бошқа мамлакатлар билан ишлаб чиқилаётган келишувларга божхона тўловларини камайтириш ва миллий тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан соддалаштирилган ва тарифсиз тарзда тартибга солиш масалаларини киритади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг ягона ахборот портали ишлаб чиқиш ҳамда ишга туширишни таъминлайди.

“Ўзстандарт” агентлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда:

2019 йилнинг 15 февралга қадар белгиланган тартибда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларини синовдан ўтказиш, стандартлаштириш соҳасида амалдаги  ҳужжатларни  халқаро меъёрларга мослиги бўйича хатловдан ўтказиш;

2019 йил 1 мартга қадар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари учун белгиланган халқаро стандартлар ва синовдан ўтказиш методларини белгилаб, уларни босқичма-босқич қабул қилиш жадвалини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор ташкилотлар ва тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг амалдаги экспорт шартномалари гарови эвазига ўз маҳсулотларини экспортолди молиялаштириш механизмини татбиқ этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Республика ҳудудига тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларни ноқонуний импорт қилишга қарши курашишни кучайтириш  бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.

Кўпроқ янгиликлар