Хоккей бўйича биринчи Ўзбекистон чемпионати бошланди

Спорт 22:14 / 08.02.2019 15187

8 февраль куни Тошкент шаҳридаги «IceCity» муз аренасида Муз устида хоккей бўйича биринчи Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Очилиш маросимини Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов бошлаб берди, тарихий ўйиннинг илк шайбасини Ўзбекистон хоккей федерацияси бош котиби Шукрилла Каримов ва россиялик машҳур хоккейчи Сергей Макаров ташлаб беришди.

Маълумот учун, Сергей Макаров икки марта Олимпия ўйинлари чемпиони, саккиз марта жаҳон чемпиони, икки марта Собиқ Иттифоқ чемпиони бўлган, шунингдек Канада кубоги соҳиби ҳисобланади. Макаров совет ва рус хоккейчилари орасида Собиқ Иттифоқ, Россия ва МХЛ жамоаларида расмий ўйинларда энг кўп – 714 шайба киритган ягона хоккейчидир. Машҳур хоккейчи ўз вақтида Канаданинг «Калгари Флэймз», «Сан Хосе Шаркз» ва АҚШнинг «Даллас Старз» клубларида фаолият олиб борган.

Чемпионатнинг биринчи ўйини «Тошкент» ва «Бинокор» клублари ўртасида кечди. Мазкур баҳсда «Тошкент» клубининг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилди.

Хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати 17 ва ундан катта ёшдаги хоккейчилар ўртасида ўтказилади ва жами 24та учрашувдан иборат бўлади. Баҳслар 17 март куни ниҳоясига етади. 20 мартдан бошлаб эса плей-офф учрашувлари бошланади. Унда жамоалар учта ғалабагача кураш олиб боришади.

Ўзбекистон хоккей федерациясининг Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) аъзоси бўлиши ва пойтахт жамоаларидан бирининг Континентал хоккей лигаси ўйинларида иштирок этиш масаласи федерациянинг бутун Республика бўйича хоккейни қай даражада ривожлантириши, шунингдек, «Ҳумо» муз саройининг битиши билан боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) конгрессида «Ҳумо Арена»нинг тақдимот маросимини ўтказганди. «Ҳумо Арена»нинг ишга туширилиш муддати аниқ бўлгач, ўзбекистонликлар ва КХЛ ўртасида музокаралар бошланади.

Кўпроқ янгиликлар