Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси хориж клуби билан шартнома имзолади

Спорт 18:26 / 08.02.2019 25601

Мавсумлар оралиғида Ўзбекистон миллий жамоасига номзод бир қанча футболчилар хориж клуби сафига ўтиб, легионерга айланишди. ЎФА сайти улар ҳақида маълумот берди.

Икром Алибоев - «Локомотив» - «Сеул» (Жанубий Корея)


Икром Алибоев Тошкентнинг «Локомотив» клубида ажойиб мавсум ўтказди. Унинг Осиё чемпионлар лигасида БААнинг «Ал-Ваҳда» жамоасига майдон марказидан урган голи турнинг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди. Кейин Алибоев ёзда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида ҳам ўзини кўрсата олди. У мусобақанинг чорак финалида Жанубий Кореяга қарши ўйинда дублга эришди. Айнан мана шу ўйиндаги ҳаракатлари Кореянинг «Сеул» клуби раҳбариятида ижобий таассурот қолдирган шекилли, улар Алибоевга шартнома таклиф қилишди. Натижада у ўтган йилнинг 13 декабрь куни «Сеул» жамоаси аъзосига айланди. «К-лига» мусобақасига март ойида старт берилади. Икром Алибоев жамоаси 3 март куни «Поханг Стилерс» жамоасига қарши ўйин билан мавсумни бошлайди. 

Достон Турсунов - «Нефтчи» - «Ренофа Ямагучи» (Япония)


Ўтган йили Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионати мусобақасида Ўзбекистон U-23 жамоасининг чемпионликка эришишига катта ҳисса қўшган футболчилардан бири, Фарғонанинг «Нефтчи» клуби сардори Достон Турсунов ўтган йил 17 декабрь куни Япониянинг «Ренофа Ямагучи» клуби билан икки йиллик шартнома имзолади. «Ренофа Ямагучи» Япония иккинчи дивизиони вакили ҳисобланади, у ўтган мавсумда 22та жамоа орасидан 8-ўринни эгаллаган. Япониянинг «J2» лигасида янги мавсум 24 февралда бошланади. Шу куни «Ренофа Ямагучи» жамоаси «Кашива Рейсол» жамоасига қарши баҳс олиб боради. 

Сардор Рашидов - «Локомотив» - «Насьонал» (Португалия)


Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси, «Локомотив» клуби яримҳимоячиси Сардор Рашидов энди Португалиянинг «Насьонал» жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Унга Қатар, Саудия Арабистони ва БАА клубларидан таклифлар бўлганига қарамай, Европа клубида ўйнашга қарор қилди. «Насьонал» клуби шу йилнинг 16 январь куни Сардор Рашидов билан 2,5 йиллик шартнома имзолаганини эълон қилди. У «Насьонал»да 77-рақамда ҳаракат қилади. Айни пайтда Португалияда 20-тур ниҳоясига етди. «Насьонал» клуби «Витория Сетубал»га қарши майдонга тушиб, 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Рашидов жамоаси 21-турда «Бенфика»га қарши баҳс олиб боради. Ҳамюртимиз айнан мана шу ўйинда дебют ўйинини ўтказиши кутилмоқда.

Игнатий Нестеров - «Локомотив» - «Уҳуд» (Саудия Арабистони)


5-марта Осиё Кубогида иштирок этган ва бу кўрсаткич бўйича рекордчига айланган дарвозабон Игнатий Нестеров Саудия Арабистонининг «Уҳуд» жамоаси билан 27 январь куни шартнома имзолади. Унинг қадами омадли келиб, жамоа сўнгги иккита ўйинда ғалаба қозонди. Шунга қарамай, «Уҳуд» жамоаси 19та турдан кейин 12 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасида боряпти.

Рустам Ашурматов - «Бунёдкор» - «Гвангжу» (Жанубий Корея)


Ўзбекистон U-23 терма жамоаси таркибида Хитойдаги Осиё чемпионатида ғалаба қозонган «Бунёдкор» аъзоси Рустам Ашурматов янги мавсумни Жанубий Кореянинг иккинчи дивизиони вакили «Гвангжу» таркибида бошлайдиган бўлди. «К-лига 2» мусобақасида янги мавсумга март ойида старт берилади. Рустам Ашурматов жамоаси «Seoul E-Land» жамоасига қарши ўйин билан мавсумни бошлайди.

Кўпроқ янгиликлар