Инқилоб арафасида – келажакда таълим қандай кўриниш олади?

Жамият 15:00 / 06.02.2019 21256

Цивилизация ачинарли ҳолатга тушиб қолгани сабаблардан бири – таълим тизимидир. Инсоният жар ёқасидан узоқлашиши учун таълимни моҳиятан ўзгартириш керак бўляпти. Аммо, соҳа бировнинг амрини кутмасдан, ўз-ўзидан ўзгариш арафасида турибди.

Таълим тезлиги ва сифатини кўп марта ошириш имконини берадиган техник имкониятлар юзага келган бўлса ҳам, улардан фойдаланилмаётгани, мактабларда таълим эскичасига – оғзаки дарслар билан олиб борилаётгани, таълимимиз ўзига хос бир лотереяга айланиб қолгани ҳақида сўз юритган эдик. Масалани янада кенгроқ олиб, мавзуни давом эттирамиз.

Бир марта эшитгандан...

100 йил олдин кўз билан қабул қилинадиган ахборот сўз ва матн орқали етказиладиган ахборотга қараганда тез ва самарали ўзлаштирилишини олимлар тажрибада аниқлашган эди. Бу «тасвир устунлиги эффекти» деб ном олган. Маълум бўлишича, инсон бош мияси тасвирни матнга қараганда 60 000 баробар (!) тезроқ ўзлаштиради. Кўплаб тажрибаларда ўз исботини топган бу эффект инсон хотирасининг тасвирга нисбатан ўта таъсирчанлиги билан изоҳланади. Яъни, мия кўз билан илғанадиган рамзларни ўта тез таҳлил қилар экан. Мазкур ҳодисани олимлар тасвирлар мияда осон кодланиши ва керак бўлганда осон коддан чиқарилиши билан, матн орқали қабул қилинган ахборот эса икки марталик кодланиш эвазига хотирада қийин кодланиши ва қийин коддан чиқарилиши билан изоҳлашади.

Яна бир муҳим кашфиёт

Мия юзасининг 50 фоизи кўз билан кўриладиган ахборотни қайта ишлашга мўлжалланган. «Кўзнинг қандай ишлашини билсак мия қандай ишлашини билишга яқинлашамиз», – дейди олимлар.

Бир неча йил аввал ўтказилган тажрибада инсон 10 секунд давомида 2500га яқин тасвирни эслаб қолишга қодир эканлиги аниқланганди. Яна ҳам ажабланарлиси бу – 10 секунд давомида кўрилган тасвирларнинг 63 фоизини кишилар бир йил ўтгандан кейин ҳам яхши эслашди. Эътибор беринг – уларга 10 секундда 2500 сурат намойиш этилганди.

Ахборотни хотирага сақлаш бўйича визуал кетма-кетлик матн ва оғзаки тушунтиришга нисбатан оламшумул фарққа – эффективликка эгалиги маълум бўлди. Одам 72 соатдан кейин оғзаки етказиладиган маълумотнинг 10 фоизини эсласа, тасвир орқали етказилган маълумотнинг 65 фоизини эслайди.

Бошқача қилиб айтганда, бош мия ўз қувватининг ярмини кўзлар қабул қиладиган ахборотни таҳлил қилишга сарфласа, қолган қувватини тананинг бошқа қисмларига тақсимлар экан. Мия ҳатто матнни англаётганда ҳам тасвирни тез англаш қобилиятини ишга солар, яъни ҳарф ва сўзларни тасвирий рамзлар сифатида қабул қилишни одатга айлантириб олар экан.

Бу муҳим табиий жиҳатни ахборотни ўзлаштириш самарадорлигини оширишда қўллаш айни муддао.

Нега унда аҳвол ўша-ўша?

Нега, шунча техник имкониятлар юзага келган бўлса ҳам, ҳамон болалар синфхоналарда бесамар оғзаки дарсларни тинглашга мажбур қилиняпти? Нега таълимнинг интенсивлигини бир неча баравар ошириш имкони бўла туриб, оламшумул имкониятлар ишга солинмаяпти? Нега қотиб қолган таълим стандартлари ҳамон ғолиб бўлиб турибди? Нега минглаб, балки миллионлаб болалардаги истеъдодлар ҳамон заволга учраяпти?

Нега ҳарбий харажатларга миллиардларни сарфловчи қудратли давлатлар табиий фанларни қисқа вақт мобайнида ўқувчининг зеҳнига сингдириши, вақтни – бола умрини иқтисод қилиши мумкин бўлган кўп ўлчамли видеодарсликларни тайёрлаб, дунёни таъминламаяпти? Ахир, бу имкониятларни ишга солиб, мактаблардан ҳозиргидан кўра бир неча баробар илмли – ўзи яшаётган дунёсини бир неча баробар яхшироқ биладиган, ҳис этадиган янги авлодни етиштириб чиқарса бўлади-ку? Бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Аниқ жавоб бўлмаган жойда эса фаразларга ўрин берилади.

Фаразлар

Ўзлигини ва ўзи яшаб турган дунёсини юқори даражада биладиган, ўзини кўп ўлчамли дунёда ҳис этадиган, қайси координата нуқтасида, қайси даврда, нима учун яшаётганини биладиган кишилардан иборат янги авлод ҳозирда ҳукмрон бўлиб турган тушунчалар тизимини қайта тафтиш қилиш салоҳиятига эга бўлади. Ҳозирда мактабларни битираётган: ўзи ва атроф дунё ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдиган, дунёга илмий назар сола олмайдиган, рангсиз, таъбир жоиз бўлса – икки ўлчамли дунёда ўзини тасаввур этадиган, ҳеч бир нарсани таҳлил қила олмайдиган авлоддан фарқли бундай илмли авлод дунёнинг янги низоми ҳақида ўйланишга, тамаддунга янги низом кераклиги тўғрисида фикр юритишга қодир авлод бўлади.

Ҳеч кимдан сўрамасдан...

Аммо, одатдагидек, ҳукуматлар миқёсида назарга илинмай ёки атай қилинмай турилган ишларни хусусий – давлатга алоқаси бўлмаган якка шахслар ривожлантиришга уринишмоқда. Бу уринишлар ҳозирча дунё миқёсида таълим соҳасини янги босқичга кўтаргани йўқ, зеро новацияларни мактабларда оммавий жорий қилиш ҳамон ҳукуматларнинг қўлида. Аммо, яқин орада сифатли ва креатив услубда ишланган ўқув фильмлари ишлаб чиқариш ҳамда масофадан таълим бериш амалиёти кескин тарзда ривож топишини бемалол башорат қилиш мумкин, чунки бу жараённинг куртаклари кўриниб қолди.

Яқин келажакда сифатли таълимни уйдан чиқмасдан олиш мумкин бўлишини, «таълим олиш» деган сийқаси чиқиб улгурган тушунча ортда қолиб, янги техник имкониятлар воситасида соҳа «дунёни англаш» маъносини олишини башорат этиш ҳам ўринлидир.

Бундай таълим эркин – бошқарув, чеклов, бюрократия ҳамда субъектив омиллардан холи бўлгани боис илм-фаннинг янги ютуқларини тез ўзлаштирувчан, янги ғояларга очиқ, «тирик», жонли соҳага айланади.

Шу тарзда соҳа, ҳеч кимдан изн сўрамасдан, ўз-ўзини юқори поғонага олиб чиқиши мумкин бўлиб турибди. 

«Мия нима дейди?»

Юзага келаётган мисли кўрилмаган имкониятлар ёрдамида бола қисқа вақт мобайнида кўп билимни ўзлаштириши мумкин. Бундай самара ахборотнинг бир эмас – бир нечта ўлчамларда, қизиқарли, динамик тасвирлар шаклида болага етказилиши билан, жараён мароқли ўтиши билан таъминланади.

Қисқа вақт мобайнида кўп билим олиш мия учун зарарли эмасми?

Инсон бош миясини ўрганаётган олимларнинг эътироф этишича, информацияни қабул қилиш ва қайта ишлашдан бош мия чарчамайди. Миянинг ахборот қабул қилиш имконияти эса бениҳоя улкан бўлиб, уни ахборот билан тўлдириб битказиш имконсиз. Аксинча, ахборот мия учун ўзига хос озуқа бўлиб, ахборотсиз қолган мия инқирозга учрашни бошлайди.

Салк институти (Salk Institute for Biological Studies) нейрофизиологларининг ҳисоблаб чиқишича, инсон мияси тахминан 5-20 петабайт маълумотни ўзида сиғдира олар экан. Бу эса ҳозирда интернетда мавжуд бўлган ахборотнинг ҳаммаси (!) деганидир, дейилади eLife журналида нашр этилган мақолада.

Текширишлар миянинг дунёдаги энг мукаммал ҳисоблаш машинаси мақомини мустаҳкамлади – бор-йўғи 20 ватт қувват сарфлаб, бизнинг нерв тизимимиз ҳозирги суперкомпьютерлар учун имконсиз бўлган ахборотлар массиви билан ишлайди. Фаразан, бундай компьютер яратилган ҳолда у битта катта шаҳар сарфлайдиган қувватни талаб қилади. Олимлар эндиликда мияга «қараб» юқори эффектив ҳисоблаш машиналарини яратиш ҳақида ўйлашмоқда.

Мия зўриқишига эса бошқа омиллар – чигалларни еча олмаслик, асабийлашиш, хусусан, ахборотни тушуниб ололмаслик натижасида юз берадиган асабийлашиш сабаб бўлади. Инчунун, таълим жараёни сифатсиз бўлса, оғзаки дарсни бола тушуниб етолмаса ҳам мия зўриқиши содир бўлади. Бундай талофатдан қочиш учун, қимматли аъзо бўлмиш мияни муҳофаза қилиш учун бола организми ҳимоя воситасини – эътиборни жамламаслик воситасини қўллайди. Шундай экан, болаларда дарсни тингламаслик ҳолатини кузатсангиз, бу уларнинг бебошлигидан эмас – улар мияларини зўриқишдан – тушунарсиз дарсдан ҳимоя қиляптилар. Мия зўриқиши эмоционал ва психологик ҳолат билан боғлиқ, дейишади олимлар.

Жумладан, ҳаёт тарзи, дунёқараш торлиги, жамиятдан ажралиш, жисмоний ва интеллектуал нофаоллик, ривожланишни истамаслик киши ўзи қизиқмаган иш билан шуғулланиши ва мия фаолияти сустлашишига олиб келади.

Инчунун, таълим жараёнини қизиқарли қилиш, кўп ўлчамли тасвирлар кетма-кетлиги орқали мавзуларни қизиқарли қилиб етказиш бола мияси учун «енгил ҳазм бўладиган озуқа» бўлиб, бунда дарс боланинг фанларга қизиқиши муттасил тарзда ортиб боришига ҳам хизмат қилади.

«Қулоқсиз бола» феномени

Болаларнинг характери турлича. Аммо улар билан содир бўладиган баъзи ҳолатларни умумлаштирса бўлади. Хусусан, болаларда бизга ёқмайдиган – салбий ҳолатларнинг бир қисми уларнинг қизиқишлари қондирилмаслиги сабабидан бўлади.

Табиатида дунёни тадқиқ этиш истаги ва бунга иқтидори бор бўлган инсон боласи учун мазкур истакни сифатли қондириш – бола шахсияти уйғун шаклланиши учун муҳимдир. Авваллари турмуш тарзи ҳозиргидан анча содда бўлгани боис, бола атрофини англаши ва атроф-дунё билан уйғунликка эришиши осонроқ бўлган. XXI асрга келиб ҳаёт тарзи бирмунча мураккаблашгани, чор-атрофда моҳиятига етиш қийин бўлган нарсалар бисёр бўлгани эътиборидан таълим бундай воқелик талабига жавоб бериши – болага ёрдам бериши фавқулодда аҳамият касб этади.

Зеро, бундай фундаментал эҳтиёжнинг – дунёни англаш эҳтиёжининг қондирилмаслиги янги авлоднинг ўзи яшаётган дунёси билан уйғунликка кела олмаслиги, воқелик билан зиддиятга бориши, бунинг оқибатида турфа салбий натижаларга олиб келади ва олиб келмоқда ҳам. Сифатли ва мароқли таълим эса буни тузатишга қодир.

Стандартларнинг ожизлашуви

Янги яхборот технологиялари таълим сифати ва тезлигини ошириши билан бирга оламни – воқеликни ўрганишда бирёқламалик дардидан халос бўлиш имкониятини яратади. Бир нарса ёки ҳодисага битта, кўпинча субъектив бўлган қарашга тобе бўлиб қолишдек салбий ҳолатдан кетиш имконияти пайдо бўлди.

Энди ўрганмоқчи бўлган нарсангиз ҳақида турли маълумот ва қарашлар билан танишиб, кейин ўз хулосангизни ҳосил қилишингиз мумкин бўлди. Бу эса кишини дунёни холис ва онгли равишда англашга йўл очади.

Хулоса ўрнида

Таълимнинг ҳозирги кўриниши, айниқса биз каби таълим кўриниши ва дастурлари эскириб қолган мамлакатларда, униб келаётган авлод салоҳиятининг бир мисқол қисмини юзага чиқаряпти, холос. Қолгани ҳавога учиб кетяпти, десак, муболаға бўлмайди. Энг қизиқ жиҳати – биз буни биламиз. Аксар болаларимиз мактабларимиздан дунё ҳақида айтишга арзигулик билимга эга бўлмасдан чиқаётганини ҳам биламиз. Айни шу чоғда «дераза ортида» мутлақо янги имкониятлар шаклланиб, гавдаланиб, «эшик тақиллатиб» турибди. Улар ишлатилса, болангиз қисқа вақт ичида ўзини ўзгача бир – кўп ўлчамли дунёда ҳис этиши мумкин бўлади.

Шокир Шарипов

Кўпроқ янгиликлар