Ишга кетаётган вақтингизда 7 та фойдали иш билан машғул бўлинг

Lifestyle 17:41 / 19.01.2019 28450

Блогер Ли Фишер ўзининг Medium’даги устунчасида ишга кетаётганда йўлда нима учун вақтни унумли тежаш муҳимлиги ҳақида гапириб, жамоат транспорти ёки тирбандликда вақтни унумли ўтказишга ёрдам берадиган бир неча машғулотларни таклиф этди. 

1.  Аудиокитоблар

Йўлда вақтни унумли ўтказишнинг энг яхши усули – аудиокитоблар тинглаш. Сиз бадиий китоблар ёки таълимга оид қўлланмаларни тинглашингиз мумкин.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам зерикмайсиз ва жараёнда бирор янги нарса ўрганасиз. Агар аудиокитоблар ишқибози бўлмасангиз, турли ҳикояларни тинглаб кўринг ва ўзингизга ёқадиганини топишга ҳаракат қилинг. Агар бундай кўриниш сизга маъқул бўлмаса, электрон китобларни синаб кўринг.

2.  Тил ўрганинг

Йўлда тил ўрганиш – вақтни самарали ўтказиш. Деярли ҳар биримиз бирор хорижий тилни ўрганишни истаймиз, бироқ бўш вақтимиз бўлмагани сабабли уни ортга сурамиз. Таълим соҳасидаги материалларни метро ёки автобусда тингланг.
Агар автомобиль бошқарсангиз, табиийки, экранга қараб сўзлар тўғри ёзилишини таҳлил қила олмайсиз. Бироқ сўз бойлиги ва талаффузни ривожлантириш ортиқчалик қилмайди.

3.  Ишлар рўйхатини тузинг

Йўлда ўз иш кунингизни режалаштиришингиз мумкин. Ишлар рўйхатини тузиш ва мақсад ҳамда ўйларни ташкиллаштириш ҳеч қачон зарар қилмайди. Албатта, бу китоб мутолааси ва тил ўрганиш каби вақтни фойдали ўтказиш эмас, бироқ телефонда ўйин ўйнашга қараганда яхшироқ.

4.  Ёзинг

Яна бир усул – ёзиш. Шеър, қисқа ҳикоя ёзинг ёки ўз китобингизнинг кейинги бўлими устида ишланг. Тажрибали ёзувчимисиз ёки ҳаваскорми, буни бир синаб кўринг. Бунинг учун телефондаги энг оддий иловадан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

5. Оилангиз ёки дўстларингиз билан суҳбатлашинг

Йўлда дўстингиз ёки оилангизга қўнғироқ қилиб кўринг. 

6.  Ижтимоий тармоқлар ёки маркетинг

Агар вақтингизни ижтимоий тармоқларда ўтказишни истасангиз, янгиликларнинг чексиз лентасини варақламанг. Дўстлар ва оилангизга ёзинг. Сизникига ўхшаш қизиқишлари бўлган янги инсонлар билан танишинг. Ижтимоий тармоқларни мулоқот учун қўлланг.
Агар ижодкор одам бўлсангиз ва бирор маҳсулотни сотиш ҳақидаги лойиҳа билан шуғуллансангиз, бунга кўпроқ вақт ажратинг. Маркетинг билан шуғулланинг. Ижтимоий тармоқларни янгиланг, Twitter’да бирор нарса ёзинг.

7.  Дам олиш ёки медитация

Агар ишга кетиш йўли узоқ бўлса, кунингиз одатда асабий ўтса, хотиржам бўлиш ва медитация қилишга ҳаракат қилинг. Агар сизга туртки керак бўлса, медитация учун махсус илова юклаб олинг. Ана ўшанда бекатни ўтказиб юбормаслик учун таймер ўрната оласиз. Ўзингиз билан бирга қулоқчинларни олинг. Улар сизни жамоат транспортининг шовқинидан ҳимоя қилади.
Йўлда бирор нарса ўқисангиз ёки яқин инсон билан мулоқот қилсангиз, ўзингизни яхшироқ ҳис этасиз. Зерикарли ва чарчоқ чақирувчи ҳолатни унумли жараёнга айлантирасиз.

Кўпроқ янгиликлар