Океанни пластикдан қандай қутқариш мумкин: Роттердамда чиқиндилардан сузувчи боғ яратилди

Lifestyle 14:44 / 18.01.2019 4622

Тинч океанида пластик чиқиндиларнинг катта миқдори сузиб юрибди. Улар биргаликда катта оролни ташкил этмоқда. Илғор муҳандис ва экологлар бу муаммони бартараф этишнинг турли вариантларини таклиф этишмоқда, бироқ айни вақтда амалга оширилаётган лойиҳалар масалани ҳал этиш ҳақида гапиришга йўл қўймайди. Океандан пластикни йўқотиш муаммоси ҳали ҳам долзарблигича қолаётган бўлса, унинг пайдо бўлиш манбаи аллақачон маълум: бу қитъалардан тонналаб пластикни олиб келадиган дарёлардир.

Қайта ишланган пластикдан тайёрланган сув боғи вариантларидан бири​​​

Роттердам шаҳри эколог ва фаоллари океанни тозалашга яна бир лойиҳа билан эмас, Ньиве-Маас дарёсидаги пластикни йиғиш билан ҳисса қўшишга қарор қилишди. Ньиве-Маас Рейн дарёси дельтасининг улкан енгларидан бири ҳисобланади ва Роттердам орқали оқиб ўтади.

Пластикни утилизация қилиш чизмаси

RecycledIsland Foundation компанияси дарёда пластик чиқиндини ушлаб қоладиган учта махсус қопқонни ўрнатишди. Бундан ташқари, дарёдаги тозалаш ишларига кўнгиллилар ҳам келиб қўшилишди, улар қирғоқдаги чиқиндини тўпладилар. Пластик чиқиндилар қайта ишлашга юборилди, олинган пластикдан эса сузувчи боғнинг асоси бўлиб хизмат қиладиган контейнерлар ясалди.

Роттердамдаги Ньиве-Маас дарёсидаги сузувчи боғ

Ньиве-Маас дарёсидаги сузувчи боғ 2018 йилнинг ёз фаслида очилди. Очилиш вақтида у олтибурчак шаклидаги 28 блокдан иборат эди. Бундай шакл блокларни турли кўринишда жойлаштириш ва зарурият бўлганида уларга янгиларини қўшиш учун яратилди. Ушбу ғаройиб боғнинг блоклари турли вазифаларни бажаради. Уларнинг катта қисмига турли ўтсимон ўсимликлар экилган, қолганлари эса шаҳарликлар учун ҳордиқ олиш ҳудудларига айлантирилган. Сузувчи боғ тезда маҳаллий диққатга сазовор жойга айланди ва сайёҳ ҳамда шаҳарликларнинг диққатини ўзига жалб этди.

Эҳтимол дарёда сузувчи ўсимликли пластик блоклар буюк ландшафт дизайнерларининг асарлари каби улуғвор эмасдир. Бироқ бу лойиҳанинг асосий мақсади оммани пластик чиқиндиларни утилизация қилиш муаммосига жалб этишдан иборат. Бундай лойиҳа Тинч океанидаги пластик билан курашиш мумкин ва кераклигини кўрсатади. Бироқ буни йирик дарёлардаги хавфли чиқиндини тутиб олиш орқали қуруқликда амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Кўпроқ янгиликлар