Осиё Кубоги. Бугун Ўзбекистон муддатидан олдин плей-оффга чиқиши мумкин

Спорт 07:40 / 13.01.2019 58702

Ҳафта билан бирга Осиё Кубогида гуруҳ босқичининг 2-тури ҳам якунига етиб бормоқда. Бугун навбатдаги босқич масаласини ҳал этган жамоалар сони ўнтага етиши мумкин.

«E» гуруҳи
Тошкент вақти билан соат 16:00да КХДР – Қатар ўйини кун учрашувларини бошлаб беради. Тўрт йил олдинги Осиё Кубогида ушбу иккала жамоа ҳам бирорта очко йиға олмай, ўз гуруҳларида сўнгги ўринни олган эди. Қатар бу гал плей-оффга чиқишга яқин турибди: Феликс Санчес жамоаси ҳафта ўртасида Ливан билан баҳслашиб, 65-дақиқадан кейин рақиб дарвозасига икки марта йўл топа олди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шимолий Корея эса Саудия Арабистонидан 0:4 ҳисобида енгилди. Корейсларга иккинчи турда ҳам осон бўлмаслиги аниқ, чунки Қатарни дуранг натижа ҳам кейинги босқичга олиб чиқади.

16:00. КХДР – Қатар
17 январь: Саудия Арабистони – Қатар, Ливан – КХДР

«F» гуруҳи
Соат 18:30дан бошлаб Уммон ва Япония терма жамоалари Абу Дабида, 21:00да эса Туркманистон ва Ўзбекистон Дубай шаҳрида ўзаро баҳсга киришади. Ўзбекистон термаси ҳимоячиси Егорь Кримец ўтган ўйиндаги қизил карточка сабаб бу турни ўтказиб юборади. Марказий Осиё дербисини мезбон БАА вакили Аммор Ал–Женейби бошқариб бориши белгиланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари ҳозирга қадар 9 маротаба куч синашган бўлиб, улардан 7тасида ўзбекистонликларнинг қўли баланд келган; бир баҳсда дуранг қайд этилган, яна бир учрашув Туркманистон фойдасига ҳал бўлган. Тўплар нисбати – 20:5.

18:30. Уммон – Япония
21:00. Туркманистон – Ўзбекистон

17 январь: Уммон – Туркманистон, Япония – Ўзбекистон

Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар Иордания, Хитой, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Эрон ва Ироқ гуруҳ босқичидан чиқиш вазифасини уддалаб бўлишди. Бугун улар қаторига Қатар, Япония ва Ўзбекистон терма жамоалари қўшилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар