АҚШ собиқ вазири мамлакат президентлигига номзодини қўйишини маълум қилди

Жаҳон 00:05 / 13.01.2019 13383

Сан-Антонио (Техас штати) шаҳри собиқ мэри, Барака Обама маъмуриятида уй-жой қурилиши ва шаҳар ривожлантириш вазири лавозимида фаолият олиб борган демократ Хулиан Кастро 2020 йилги АҚШ президенти сайловида иштирок этишини маълум қилди.

"Президент лавозимига номзодимни қўяман, чунки мендаги имкониятлар барча америкаликларда бўлишига кафолат бериш учун янги етакчилар, янги қувват вақти келди", - деди Кастро. 

Кастро АҚШдаги келиб чиқиши лотинамерикалик бўлган сиёсатчи-демократлар орасида энг таниқлиларидан ҳисобланади. Унинг бувиси АҚШга Мексикадан келган.

2016 йилги президент сайлови вақтида Хулиан Кастро Хиллари Клинтон вице-президент сифатида танлаши мумкин бўлган сиёсатчилардан бири ҳисобланганди.  

Экспертлар президент лавозимига даъвогарлар сифатида Массачусетс штатидан сенатор Элизабет Уоррен, собиқ конгресс аъзоси Бето О'Рурк, Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс, Нью- Жерси штатидан сенатор Кори Букер, Миннесота штатидан сенатор Эми Клобушар ва Нью-Йорк штатидан сенатор Кирстен Гиллибрандларни кўришмоқда.

АҚШ президенти сайлови 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади.

Кўпроқ янгиликлар