Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолияти янада такомиллаштирилади

Ўзбекистон 19:48 / 12.01.2019 7538

Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонда кўрсатилишича, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг:

а) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКни “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК этиб қайта номлаган ҳолда ўтказиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига Агентликнинг баҳолаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлашни таъминлаш бўйича ваколатларини ўтказиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига Агентлик ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази” ДУКнинг:

архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш;

қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи шахсларни аккредитация қилиш бўйича ваколатларини ўтказиш;

г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига уни давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган этиб белгилаган ҳолда Агентликнинг мазкур соҳадаги ваколатларини ўтказиш;

д) Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази” ДУКни “Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази” ДУК этиб қайта номлаган ҳолда ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

“Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК ва “Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази” ДУКнинг қонунчиликда назарда тутилган ваколатлари, тақдим этилган имтиёз ва преференциялари, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари, шунингдек, зарур ҳолларда етишмаётган қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан қоплаган ҳолда молиялаштириш тартиби сақлаб қолинди.

Фармонда белгиланишича, Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар, улар билан боғлиқ ҳужжатлар

ва давлат харидлари соҳасидаги контрактлар, шу жумладан импорт контрактлари “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда экспертизадан ўтказилмайди.

Ҳужжатга мувофиқ, Агентлик икки ҳафта муддатда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига ҳужжатлар, шунингдек, марказлаштирилган маълумотлар базаси, аввал берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалари, контрактлар, шу жумладан импорт контрактлари, тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотлар ҳамда бошқа материалларнинг топширилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказларни зарур алоқа воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқа воситалари билан, шунингдек, уларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини белгиланган тартибда таъминлаш вазифаси топширилди.

Агентликнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКни унинг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

дастурларни амалга оширишнинг келгусидаги стратегик йўналишлари, ягона ёндашув, механизм ва босқичларини ишлаб чиқиш;

дастурлар доирасидаги тадбирларнинг амалга оширилишини назарда тутувчи лойиҳалар, лойиҳавий ва техник ҳужжатлар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг комплекс экспертизадан ўтказилиши

ва келишилишини таъминлаш;

лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳолатини тизимли мониторинг қилиш ҳамда дастурлар доирасида давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш самарадорлигининг рейтинг баҳоларини шакллантириш;

дастурлар доирасида лойиҳаларнинг самарали жорий этилиши ва ишлаши учун норматив-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Фармонга кўра, шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ дастурлар доирасида:

а) лойиҳалар ижрочиларини танлашда бошқа тенг шароитлар бўлган ҳолларда Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг резидентлари устунликка эга бўлади;

б) лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, уларни амалга ошириш бўйича топшириқларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларига киритиш мазкур лойиҳалар электрон реестрга мажбурий равишда киритилгандан кейингина амалга оширилади, электрон реестрни юритиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади;

в) “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУК:

дастурлар доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳалар, лойиҳавий ва техник ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказади, натижаси бўйича уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилади ва уларнинг самарадорлигини баҳолайди;

дастурлар мақсадларига биноан лойиҳаларни мувофиқлаштиришни яхшилаш ва самарали амалга ошириш учун уларнинг параметрларига тузатиш қилиш бўйича таклифлар киритади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда тугатилади:

давлат улушини кўпайтириш ҳисобига унинг кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини баланс қиймати бўйича “UZINFOCOM давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖга ўтказиш;

“Электрон ҳукумат” тизими ҳамда давлат ахборот тизимларининг ишлаш имкониятини таъминлаб турган бошқа мол-мулк ва активлар, товар-моддий бойликлар, ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар, аппарат-дастурий комплексларни тегишли давлат органлари ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг таркибий бўлинмаларига беғараз асосда ўтказиш.

Кўпроқ янгиликлар