Чет эл фуқароларига пулли асосда тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритилади

Ўзбекистон 09:55 / 12.01.2019 2611

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларининг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён этилиши мумкин:

“20. Чет эл фуқаролари кўрсатилган тиббий хизматлар учун ҳақни тасдиқланган тарифлардан оширилган миқдорларда миллий валюта “сўм”да тўлайдилар. Чет эл фуқаролари учун тарифларнинг оширилган миқдори Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Марказлар томонидан белгиланади.

Бунда, чет эл фуқароларини тиббиёт муассасасига жалб қилган юридик шахсларни рағбатлантириш шартномага мувофиқ ушбу маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.”.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига юкланади.

Кўпроқ янгиликлар