«Муаммолар гулдастаси». Шаҳрихоннинг раҳбарлар бормайдиган Дўлан қишлоғидаги манзаралар

Жамият 12:38 / 11.01.2019 41683

Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ўзига хос ҳудуд. Шаҳрихон мамлакатимизнинг аҳоли энг зич яшайдиган туманларидан бири ҳисобланади.

 Яроқсиз йўллар, кунига беш-олти марта ўчадиган электр, бир ярим минг аҳолига битта ичимлик суви жўмраги

Дўлан катта кишлоқ бўлиб, 7 мингга яқин аҳолиси бор.

Қишлоқ гузарида бизни бир гуруҳ маҳалла оқсоқоллари кутиб олишди. Кўпчиликка таниш бўлган - электр, йўл, ичимлик суви ва табиий газ муаммолари бу ерда чуқурроқ экан.

«Электр токи бир кунда камида беш-олти марта ўчиб-ёнади. Энг ачинарлиси, айнан оқшом тушиб, болалар дарс тайёрлайдиган, оила кечки овқатга ўтирган пайт ўчади. Нонушта маҳали ҳам, ишга кетаётган пайтингизда ҳам чироқ йўқ. Янги йил байрами куни ўчмагани бор гап. Кейин яна ўчир-ўчир бошланган. 21 асрда яшаяпмиз ахир? Ток ўчса, сув ҳам ўчади», дейди оқсоқол Аҳмаджон ҳожи Хатамов.

Маҳалладаги трансформатор вазифасини бажариб бўлган. Жуда эски.

Дўланнинг 2 мингга яқин аҳоли яшайдиган «Янги маҳалла»сида ичимлик суви муаммо. 50та хонадон катта кўча ёқасидаги бир донагина сув жўмрагига навбатда туради. Борганимизда электр йўқлиги учун сув ҳам келмаётган экан. Орадан ярим соатлар ўтиб, ток ёнди ва сув келди. Аҳоли хонадонларга ўз тилида «Качалка» деб атайдиган сизот сув тортувчи мосламалар ўрнатиб олган. Онахон Озодахон ая Чўтбоева ичишга яроқсиз сувни истеъмол қилиниши оқибатида, оғиз бўшлиғи касалликлари кўпайиб кетаётганидан шикоят қилди.

Табиий газ ҳақида савол бериб, уларнинг эски дардини қўзғатдим чоғи. Шаҳрихон туманини табиий газ билан таъминловчи катта магистрал газ қувури Дўландан ўтган экан.

Аҳоли бир килограмм кўмирни 1200 сўмдан сотиб олиб қишдан чиқмоқда. Маҳалла томонидан берилаётган 650 сўмлик кўмирнинг сифати эса ўта паст. Суюлтирилган газ таъминоти ачинарли ҳолатда.

Қишлоқда боғча йўқ

Отахонларнинг яна бир катта илтимоси айнан мана шу ҳақда бўлди.

 Етти минг аҳоли яшайдиган қишлоқда мактабгача таълим муассасаси йўқ бўлиши мумкинми? Мумкин экан.

Қишлоқдаги ҳар иккинчи хонадонда боғча ёшидаги бола бор. Ота-оналар болаларини беш километр йўл босиб, Шаҳрихон шаҳридаги МТМларга олиб боришади.  

Бир болани боғчага олиб бориш учун транспорт харажати миқдори кунига 4 минг сўм.

2018 йил бошида вилоят ҳокимлиги вакиллари келиб, шу қишлоқда истиқомат қилувчи тадбиркор Азизбек Аҳмедовга маҳалла гузаридаги биносини бузиб ўрнида зудлик билан давлат билан шерикчилик асосида МТМ қуришни таклиф қилишади. Бугунги кунда республиканинг барча шаҳар ва қишлоқларида банк томонидан берилган имтиёзли кредит асосида ана шундай МТМлар қад кўтармоқда. Тадбиркор Азизбек Аҳмедов ишни бошлаб, МТМ қурилишининг ярмига етганида маблағдан қийнала бошлади ва имтиёзли кредит бериши керак бўлган «Ҳамкорбанк»нинг Шаҳрихон филиалига боради. Иш битмайди.

«Барча ҳужжатлар тайёр бўлганидан бери ярим йил ўтди. «Ҳамкорбанк» банкига қатнайман. Шу кунгача 50 маротабача бордим. Банк мутасаддиси Азизбек Деҳқонов «Ҳамма ҳужжат тайёр, эртага-индинга бўлади», деб ишни ортга суриб келмоқда. Аслида боғчани сентябрь ойига битирмоқчи эдик», дейди тадбиркор.

Ҳозирча эса, қишлоқ болалари кўчада сарсон.

 Шуни айтиб ўтиш керакки, шу тадбиркор йигит Азизбек Аҳмедов ўз ҳисобидан маҳаллага бошланғич синфлар ўқийдиган 120 ўринли мактаб ва маҳалла фуқаролар йиғини учун бино ҳам қуриб берган экан.

 Мактабгача яхши йўл йўқ!

Дўлан қишлоғи маҳаллалари кўчаларидан юриш учун махсус тайёргарлик зарур. 44-умумтаълим мактаби филиали томон бориб кўрдик.

Болажонлар бу йўлдан мактаб томон, қишлоқ аҳли эса кунлик фойдаланиш учун юради. Қуруқ йўлни қидириб анча қийналдик. Аҳоли ва болалар эса ҳар кун шу йўлдан юришга мажбур.

 Дўланда нима бор ўзи!

Энг асосийси, бутун вилоятда меҳнаткашлиги билан ҳурмат қозонган, кўнгли очиқ, меҳмондўст, деҳқон халқи бор.

Тағин ҳам дўланликларнинг сабри бор экан. Шунча муаммолар уларнинг шаштини тушира олмаган. Уларда умид сақланиб қолган.

Мақола сарлавҳасини бекорга «Раҳбарлар бормаган қишлоқ» деб қўймадик. Агар раҳбарлар, айниқса сектор раҳбари қишлоқ томон бориб туришганида Дўланда «муаммолар гулдастаси» бўлмас эди.

Элмурод Эрматов, Андижон
Kun.uz мухбири

Кўпроқ янгиликлар