Фарғона «Ватанпарвар» ташкилотида  парашют спорти тўгараги иш бошлади

Жамият 15:55 / 11.01.2019 2958

2018 йил 12 декабрь кунги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4061-сонли «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан мамлакатимизда парашют спортини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида оммалаштириш, фуқароларнинг мазкур спорт турига бўлган қизиқишларини шакллантириш мақсадида Фарғона вилояти, Риштон тумани ўқув спорт техника клубида парашют спорти тўгараги ташкил этилиб, аҳоли ва ёшлар учун тантанали равишда тақдим этилди.

Тантанали очилиш маросимида Фарғона вилоят «Ватанпарвар» ташкилоти раиси Маҳмуджон Мирзаев, Риштон тумани ҳокимлиги вакиллари, ҳарбий қисм аскарлари, туманлардаги ўқув спорт техника клублари тўгаракларида шуғулланувчи ёшлар, умумтаълим мактаби ҳамда касб-ҳунар коллежи ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда ҳарбий қисмдан ташриф буюрган хизматчилар ёшларга парашют спорти ҳақида илк тушунчалар, унинг турлари, асосий парашют, захира парашюти, спорт парашютлари ва уларнинг техник кўрсаткичлари билан яқиндан таништириб, ёшларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Мазкур тўгаракда ёшларни парашют спорти билан шуғулланишлари учун амалий машғулотлар спорт майдончаси, алоҳида синф хонаси ва  барча шароитлар ташкил қилинган.

Шу куни «Ватанпарвар» ташкилоти Фарғона вилоят Кенгаши тизимидаги ўқув муассасалар спорт тўгаракларида шуғулланаётган ўғил-қизлар ўртасида «Ҳаво қуролидан ўқ отиш» спорт тури бўйича вилоят кубоги мусобақаси ҳам ташкил қилинди.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири

Кўпроқ янгиликлар