Азиз Абдуҳакимовга янги вазифа юклатилди

Ўзбекистон 22:30 / 11.01.2019 30800

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовни Самарқанд шаҳрида очилган «Ипак йўли» Халқаро туризм университети ректори этиб тайинлади. Kun.uz мухбири ўз манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. Абдуҳакимов мазкур олий таълим муассасасининг биринчи ректори ҳисобланади. 

Азиз Абдуҳакимов 2014 йилнинг ёзидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини бошқарган. Ундан аввалроқ Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб борган. 

У 2017 йилнинг август ойидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган. 2018 йилнинг май ойида Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинланган ва айни дамда шу  йўналишдаги фаолиятини давом эттирмоқда.

Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» Халқаро туризм университети фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги 3815-сонли қарори асосида йўлга қўйилган. 

Кўпроқ янгиликлар