Ўзбекистон ва Украина савдодаги келишмовчиликларни ҳал қилди - Степан Кубив

Ўзбекистон 12:29 / 07.12.2018 10856

Украина фармацевтика маҳсулотлари экспорти Ўзбекистон билан савдо соҳасида устувор аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири биринчи ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Степан Кубив маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

«Ўзбекистон билан савдонинг устувор йўналишларидан бири - айнан фармацевтика саноати», - деди у Киевда «Фармак» ОАЖнинг янги ишлаб чиқариш майдончаси очилиш маросимида.

Шу билан бирга, Кубивнинг хабар беришича, Украина ва Ўзбекистон сўнгги вақтларда савдо муносабатларида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этишга муваффақ бўлди.

«Биз Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатларимизни қисқартиришга олиб келиши мумкин бўлган барча келишмовчиликларни ҳал қилдик», - деди у.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев Украина фармацевтика маҳсулотлари юқори сифат ва самарадорликка эга экани ҳамда уларга Ўзбекистонда талаб катталигини қайд этди.

«Степан Кубив билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Савдода баъзан қандайдир ҳал этилмаган масалалар бўлади, аммо биз бир-биримизни тушунамиз», - деди у.

«Фармак» кузатув кенгаши раиси Фили Жебровская сўзларига кўра, фармацевтика компанияси ҳар йили Ўзбекистонга 20 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Степан Кубив билан суҳбатлашгани, Украинага савдода чекловлар йўқлиги билдирилгани хабар қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар