Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва унинг ўғли, Душанбе мэри Рустам Имомали 30 ноябрда Душанбе Марказий жомеъ масжиди ва Тожикистон Ислом институтининг янги корпуси қурилиши бориши билан танишиб чиқишди.
Масжидни қуриш лойиҳаси Тожикистон президентининг бевосита раҳнамолиги остида амалга оширилмоқда. У масжид пойдеворининг илк тошини 2009 йил октябрда Имом Аъзам таваллудининг 1310 йиллиги нишонланиши ва ҳанафий мазҳаби асосчиси хотирасини ёд олиш йили қўйган.

Масжид 12 гектар майдонни эгаллайди. Масжидни қуриш лойиҳаси тожикистонлик ва қатарлик тажрибали мутахассислар томонидан тайёрланган. Тожик ва дунё архитектура санъатининг қадимги ва замонавий элементлари ҳисобга олинган ҳолда қуриладиган объект ҳар бирининг баландлиги 75 метр келувчи 4 та минора ва 47 метрлик гумбаздан иборат бўлади.

Таъкидланишича, лойиҳанинг тайёрланишида қадимги тожик меъморчилигининг ўзига хос хусусиятлари ва Имомали Раҳмоннинг тавсиялари инобатга олинган.

Раҳмон масъул шахсларга барча саъй-ҳаракатларни безак ишлари ва масжид атрофидаги ҳудудни кўкаламзорлаштиришни сифатли бажариш учун йўналтириш вазифасини топширган.
Шунингдек, барча ишлар масжид Тожикистон халқи ва бу ерга ташриф буюрувчилар учун юзлаб йиллар давомида хизмат қиладиган қилиб амалга оширилиши қайд қилиб ўтилган.
