Мажбурий обуна ҳисобидангина тирик бўлиб турган нашрларнинг яшашга ҳаққи борми?

Жамият 23:55 / 07.11.2018 32065

Мажбурий обуна ҳақидаги ўтган сафарги мақоланинг сўнгида унинг давомини ёзиш ваъда қилинган эди.

Тан олишим керак, мазкур мақолам босма матбуот нашрларида ишловчи айрим ҳамкасбларнинг жуда кескин қаршилигига дучор бўлди. Ижтимоий тармоқларда, Телеграмдаги гуруҳларда «талашди».

«Тавба, шундай бир тоифа журналистлар борки, матбуотни — босма нашрларни нима учундир ич-ичидан ёмон кўради. Билмадим, кимда қандай аламли ўйлар бор, аммо, давлатнинг ўзи бу борада либерал турган паллада, ҳаммасини жамоатчилик фикрига ҳавола қилиб турганда, матбуотчилар ва интернетчиларнинг уруши ака-укани уришидек гап эмасми?» — деб ёзилади шундай изоҳлардан бирида.

Йўқ, биз босма нашрларни ич-ичимиздан ёмон кўрмаймиз. Кўплаб нашрларга таҳририятнинг ўзи ҳам обуна бўлган. Гап шундаки, муштарийларимизнинг биз билан боғланиши жуда осон ва биз имкон қадар уларнинг мурожаатларини беэътибор қолдирмасликка ҳаракат қиламиз.

Айни кунларда KUN.UZ’га келаётган мурожаатларнинг салмоқли қисмини турли ташкилотлардаги обунага мажбурланаётган кишилардан олмоқдамиз. Уларнинг аксариятини бюджетдан маош олаётган ўқитувчилар ва шифокорлар ташкил этишмоқда. Улар маошларининг ўзи истамайдиган нашрлар учун ушланиб қолишаётганидан норози! Шу сабабли бундай вазият юзага келишига йўл қўяётган, сабаб бўлаётган омилларни умумий баҳолаган ҳолда ёритмоқдамиз, холос.

Янги аср тенденцияси

Аввало, шуни англаб етиш керакки, ёзма информациядан визуал информация тобора устун бўлиб бормоқда. Ёзиш — бу бир маълумотни кодлаштириш, дегани. Уни ўқиётган инсон, кодни ўқиб ечиши, мушоҳада қилиши, тушуниши талаб этилади. Кинотеатрга «Уруш ва тинчлик» фильмини кўраман, деб келган кишиларга экранда кино эмас, асарнинг муқаддимасидан бошлаб матн тақдим этилса нима бўлади? Кинотеатрда неча киши қолади?

Босма нашрлар, хусусан кўпчилик газеталарнинг ҳам қисмати барибир шу бўлади, ва бу биргина менинг фикрим эмас. Бутун жаҳонда тенденция шунга қараб кетмоқда. Реклама ҳисобидан кун кўрувчи жаҳоннинг миллионлаб тиражда чиқувчи йирик нашрлари реклама бозоридан четда қолмоқда ва секин-аста ёпилмоқда. Матбуотда реклама бозор онлайн нашрларга кўчмоқда.

Журналлар эса бошқа масала, уларни сифатли силлиқ қоғозда чоп этиб, информация билан бир қаторда юқори сифатли фотосуратлар, компакт дисклар илова қилиб, янада мазмунан бойитиш мумкин. Шу сабабли уларга талаб ҳеч қачон ўлмайди.

Хуллас, ўқувчига бир ахборотни мажбурлаб тиқиштириш замонлари ўтди. Фақатгина муштарийлар кўнглидан муқим жой ола билган, муштарийларнинг хоҳиш-истакларининг инобатга олган босма нашрлар яшаб қола олади. Чунки ҳозир исталган одам ўзи истаган ахборотни бошқа жойдан топиб ўқий олади.

Ҳозир интернет сайтларда ҳар икки имлода баб-баравар информация бериш билан биргаликда видеоклиплар, фотогалереялар, мультимедияли инфографикалар, онлайн сўровлар тарзида маълумот тақдим этиш мумкин. Бу — Интернет нашрларнинг сўзсиз устунлиги! Боз устига, ахборотни хоҳлаган пайтда, хоҳлаган жойда қайта чақириб олиш мумкин.

Шахсан мен лотинча имлога тўлиқ ўта олмасдан, депсиниб туришимизда газеталарни ҳам қисман айбдор деб биламан. Ўзингиз ўйланг, 25 йилдан буён мактабларимизда лотинча имло ўқитиб келинмоқда. 2010 йилдан буёғига лотин имлосига тўлиқ ўтиб бўлишимиз керак эди. Лекин «ёшларни китобхон ва маънавиятли қилиш» бош миссияси эканлигини даъво қилаётган айрим нашрларимиз фақатгина «шапка»сини ўзгартириб, ёшларга ёт бўлган имлода ҳамон чиқишда давом этаётганини тушуниб бўлмайди.

Мисол тариқасида, ўқитувчиларимизнинг «Маърифат» газетасини олайлик. Мактабларда ўқитувчилар 25 йилдан буён конспект ва барча ҳужжатларни лотинча имлода тўлдириб келишмоқда. Кириллча имло уларга аллақачон бегона. Газетаси эса кирилл имлосида. Бу нимадан далолат?! Энг биринчи мана шу газета янги имлога ўтиб, барчага ўрнак бўлиши керак эмасмиди?!

Ўзи қай бири устун?

Газеталарнинг асосий камчилиги — унинг ўқувчиларга етказилиш услубида эканлиги аён бўлмоқда. Матнлар минг жимжимадор сўзлар билан чиройли ёзилмасин, аксар ҳолларда газета ўқувчига таҳририятдан тўғридан-тўғри етказилмайди. Ўқувчи уни воситачи ёрдамида обуна қилиши ёки кўчадан сотиб олиши керак. Бу пул сарфланиши билан биргаликда ортиқча вақт ҳам сарфланишини талаб қилади. Таҳририят ва муштарий ўртасида тўғридан-тўғри боғланиш йўқ.

Яна бир жиҳат — мажбурий обунани тақиқлаш тўғрисидаги фикрларга қарши чиқаётганларнинг аксарияти давлат ҳокимияти идоралари ва давлат ташкилотлари муассис бўлган нашрларда ишловчи ҳамкасблардир.

Ўзим ҳам кўп йил хусусий нашрда ишлаганман, газета чоп этганман, унинг машаққатларини сиртдан эмас, ичидан биламан. Хусусий нашрларда обуна ортидан фойда қилиш энг сўнгги ўринларда туради. Масалан, биз учун обунанинг фойдасидан ҳам ташвиши кўпроқ эди. Почтанинг айби билан газета ўз вақтида етиб бормаса ҳам муштарийлар бизга қўнғироқ қилишарди. Ҳозир ҳам хусусий нашрларда ишловчи ҳамкасбларим бу мавзуда бирор эътироз билдиришмаяпти. Улар замон талабидан келиб чиқиб, ўқувчиларини йўқотмаслик мақсадида ўз нашрларининг онлайн версиясини ҳам муваффақиятли йўлга қўйиб олишган.

Бекобод воқеаси

Яқинда Бекобод туман Халқ таълими бўлими мудири Ҳасан Соибназаров даврий нашрларга мажбурий обуна тўғрисида берган кўрсатмаси учун ўз лавозимидан озод этилгани ҳақида ахборот тарқалди. Ҳамкасблардан бирининг раддиясига ҳам Бекободдаги ана шу воқеа сабаб бўлган эди. У онлайн нашрлар журналистларининг Бекободдаги воқеани ёритишига баҳо берар экан, «Ахир давлат раҳбари матбуотга умуман обуна бўлманглар, эй ўқитувчилар, демаган-ку?! Нега вазият қарийб шундай талқин қилиняпти?» — демоқда.

Халқ таълими вазирлиги текширувидан сўнг Бекобод тумани мактабларида мажбурий обуна уюштирилиб, ҳар қайси мактаб қанчадан обуна бўлиши кераклиги ҳақидаги режа ҳам тасдиқлангани ошкор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002–2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2002 йил 25 январдаги 33-сонли қарорининг 5-бандида Қишлоқ жойларда ишлайдиган ўқитувчиларнинг ахборот билан таъминланганлигини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги 2002 йил 1 январдан бошлаб (қишлоқ жойлардаги) умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг кутубхона фонди ўнтагача турдаги газета ва журналларга, асосан республика оммавий ахборот воситаларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига мажбурий обуна қилинишини таъминласинлар, деб ёзиб қўйилган.

Ҳукумат қарорида мажбурий обуна бўлиш таъминласин, дейилган, лекин у ўқитувчиларнинг чўнтагидан эмас, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кераклиги белгилаб қўйилмоқда.

Демак, Бекободда ҳам, бошқа туманларда ҳам маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабларга марказий нашрлар етказилиши керак. Ўқитувчилар эса ўз ихтиёри билан ўзи севган нашрларга, агар туман газетаси шундайлар сирасига кирсагина обуна бўлишлари мумкин. Бундан ортиғини талаб қилишга ёки уни маънавиятсизликда айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Онлайнлашишга фурсат етди

Ўқитувчилар учун аталган нашрларнинг шундоқ ҳам кўплиги ҳам вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Битта мактабга йиллик обуна қилинган икки нусхада «Маърифат», бир нусха «Учитель Узбекистана» газетаси етиб ортса керак. Республикада қарийб 10 мингта мактаб борлиги инобатга олинса, яхшигина тираж ҳосил бўлади.

Менимча, турли фанлар бўйича журналларнинг эса кераги йўқ. Чунки бу газета ва журналларнинг бариси услубий характерда. Ахборот асрида бу маълумотларнинг барчасини Интернетга ўтказиш вақти келган, аслида. Наҳотки мана шундай тезкор маълумотлар тайёрлаш ва эълон қилиш билан шуғулланувчи таҳрир ҳайъатини Халқ таълими вазирлиги таъминлай олмаса? ХТВ ўз ўқитувчиларини мажбурий меҳнатдан қутқара олди, энди ўзи бош бўлиб мажбурий обунадан ҳам қутқариши керак.

Ўтган гал такрорлаганимдек, газетаси мажбурий обунасиз кун кўра олмайдиган туманларнинг, ташкилотларнинг, идораларнинг газеталаридан секин-аста воз кечиш керак. Масалан, туманда ахборот сайти юритилиши лозим. Таҳрир ҳайъати эса бюджетдан маош олиши керак. Бу ҳам ахборотнинг тезкорлигини таъминлайди, ҳам туман ҳокимлиги ўзи ҳомий бўлиб газетанинг бепул тарқатилишидан арзонроққа тушади.

Эътибор беринг: мақолада айрим нашрлардан воз кечиш кераклигини айтиш билан биргаликда улардаги ҳамкасблар қаердан маош олиши кераклигини ҳам таклиф ўлароқ кўрсатиб кетяпман. Ахир фикр, информациянинг тақдим этишнинг бехавотир, беғалва, тезкор шаклини таклиф қиляпман-ку?!

Обуна уюштиришдаги қаллобликлар

Умуман, ҳамма жойда обуна учун пул йиғишга батамом чек қўйилиши керак. Пул йиғиш устида турганларга чора кўрилиши лозим. Обуна бўлишни истовчилар ўзлари бориб «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва «Матбуот тарқатувчи» АКнинг жойлардаги филиаллари орқали ўзи хоҳлаган нашрларга обуна бўлишлари керак. Аллақайсидир «каттакон»га тўсатдан «зарур» бўлиб қолса, ўша квитанция сўралиши лозим.

Чунки пул йиғилди дегани — ўз-ўзидан коррупцияга йўл очади. У пулни ким қаерга сарфлагани, қайси нашрга, неча нусхадан обуна бўлишини назорат қилишнинг амалда мутлақо имкони йўқ.

Ўзингиз ўйланг, гап миллиардлаб маблағ ҳақида бормоқда. Уни одамлардан йиғиб олиб, таҳририятларга майда-майда қилиб бериб туриб, ўзлари пулни «айлантириб» олишади. Бу ишда уларга кўмак берган мансабдорларни ҳам «қуруқ» қолдиришмайди. Обуна ортидан юз миллионлаб пулларни йиғиб, уни ўз манфаати йўлида ишлатиб юборувчилар ҳам бор.

Юқорида таъкидланганидек, пул умумий йиғилмаслиги лозим. Обуна қилиниши ва квитанция олиниши керак. Керак бўлса, ўша «почта» ёки «матбуот тарқатувчи»нинг сайёр кассалари ташкилотларга келиб, айланиб, каталог бўйича обуна қилиб, квитанция бериб кетиши керак. Ана шундагина ғариб аҳволга тушиб қолган почта ва «матбуот тарқатувчи»нинг ҳам, таҳририятларнинг ҳам, муштарийларнинг ҳам ҳақига ҳеч ким кўз олайтира олмайди.

Ҳозир айрим «учар» хусусий обуна ташкиллаштирувчилар ҳам чиққанки, уларнинг орасида обуна учун пул йиғиб, йил давомида бирорта нашрни эплаб етказмасдан, пулни чўнтакка уриб, орттирилган мўмай даромаддан қимматбаҳо русумдаги хорижий машина миниб, ошхона, кафе очиб, ялло қилиб юрганлари ҳам бор.

Бу ҳолдан албатта ўзи зўрға жон сақлаб турган таҳририятлар ҳам, муштарийлар ҳам бирдек зарар кўришади. Чунки биламан, таҳририятлар ҳам ҳозир қараб ўтиришгани йўқ, жойларга чиқиб, ўз нашрини баҳоли қудрат тарғиб қилиб келишмоқда, обунанинг турли йўлларини ахтаришмоқда, қанақадир мукофотлар ва бонуслар эълон қилишмоқда. Қайсидир муштарийларда қизиқиш уйғониб, обуна учун пул берилганида — уни кимдир «туя» қилиб кетса… Бу адолатданми?

Обуна тарғиботи кучайтирилиши керак, бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин, қайтариб таъкидлайман, барча ташкилотларда мажбурий обуна, турли хил жадваллар батамом тақиқланиши керак. Давлат нашрларига обуна учун маҳаллий бюджетдан пул ажратилишини билиб олдик. Қолган нашрларга эса одамларни мажбурлашга ҳеч ким изн бермаган.

Энг муҳими — мажбурий обунадан тўлиқ воз кечиш барча таҳририятларни изланишга, янада кўпроқ ишлашга, янгиликлар қилишга ундайди. Ҳозирги ҳолатда уларнинг аксарияти бир йилга етарли пулни амал-тақал қилиб йиғиб олиб, ҳеч нарсани ўйламасдан, ҳар ҳафта керакли-кераксиз информациялар билан газетани тўлдириб чоп этиб, у ўқувчиларга ўз вақтида етиб боряптими-йўқми, уларга маъқулми-йўқми — буниси билан қизиқмасдан ишлаб келмоқда.

Бунинг отини марди майдон, дейдилар. Қайсики нашр чиндан ҳам ўқувчилар учун суюкли бўлсагина яшаб қолишга ҳақли. Бундай таҳририятлар мажбурий обунанинг тақиқланишидан асло чўчишмайди. Бунинг аксини истовчилар эса муҳаққақ мажбурий меҳнат ҳамда мажбурий обуна тарафдорлари бўлишади. Мажбурий обуна ҳисобидангина тирик бўлиб турган нашрнинг эса менимча яшашга ҳаққи йўқ.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz журналисти