Тошкент марказида томи очиқ уйлар. «Чархновза» маҳалласи ёмғирдан нега қўрқади?

Жамият 19:18 / 15.10.2018 15135

Фаровон ва тўкис ҳаёт кечириш учун ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро ўз кучини ва вақтини сафарбар этади. Лекин, жамиятда шундай муаммолар борки, бир фуқаронинг ўзи бу муаммоларни ҳал қила олмайди.

Сайт ижодий гуруҳи навбатдаги мурожаат изидан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманига йўл олди. Бу сафар мурожаат одатдаги каби кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан уй-жой ширкатлари устидан эмасди. Бу сафар мурожаатчи ширкатнинг ўзи эди.

«Озод Ватан коммуналчи» уй-жой ширкати раҳбари Нилуфар Умарова ушбу тумандаги «Чархновза» маҳалласида рўй бераётган таажжубли ишлар ҳақида сўзлаб берди. 

«Мен ширкат раҳбари сифатида 2013 йилдан бери ишлаб келаман. Ҳудудимда 22та кўпқаватли уйлар бор. Бу йил бизнинг маҳалла «Обод маҳалла» дастурига тушган эди. Май ойидан бу дастурга тайёргарлик олиб борилди. Ушбу дастур бўйича том қисмлари ҳам янгиланиб, тунука билан қопланиши лозим эди. Ширкатга тегишли уйларнинг том қисмини ўтган йили юмшоқ қоплама билан қоплаган эдик. Бунинг учун кредит олиб тўлаб келаётгандик. Аммо, ҳокимият вакиллари дастур бўйича қоплама темир тунукага алмаштирилиши лозимлигини айтишди. Қолаверса, томни қуриш бошланганидан сўнг бизга бу бўйича маблағни кредит асосида ширкат тўлаши лозим, дейишди. Бу биз учун кутилмаган совға бўлди. Шундан кейин кредит олдик. Ҳокимият пудратчи сифатида «Kosogoron Innovatsion qurilish» МЧЖни таклиф қилди. Шундан бери орадан 3-4 ой ўтди. Бу орада ҳудудимизга давлат раҳбари ҳам ташриф буюрди. Ишлар қилинмади демайман. 14та уйдан 10тасининг томи ёпилди. Лекин, 4та уй ҳамон очиқ ҳолатда. Яқинда ёмғир мавсуми бошланади. Додимизни кимга айтишни билмаймиз», - дейди аламзада ширкат раҳбари.

Вазият жуда чигал ҳолатда эди. Бир тарафдан кредитни тўлаш керак, бошқа тарафдан том ҳали ёпилмаган. Аҳоли эса норози, ахир улар тўлов қилишмоқда. Тўлов нима учун – тайёр томни очиб, чала қолдириб кетишгани учунми?

Аҳоли билан учрашувда вазият янада чигаллашди. Барчанинг кўзида ҳадик эди. Одамлар осмонга хавотир билан тикилишарди. Осмонни қора булут тўлдириб келарди.

Аввалига аҳоли журналистларни ҳукумат вакиллари деб ўйлашди ва саволлар ёғдиришди: «Бу томи битмаган 4та уй бошқаларидан нимаси билан фарқ қилади?», «Нега биз томсиз қолдик?», «Бу ишлар қачон охирига етказилади?».

Иккинчи тараф - пудратчи билан боғланишга уринишлар бесамар кетди - у телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Шундан сўнг туман ҳокимиятига йўл олдик. Ширкат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳокимият вакиллари ва шахсан ҳокимнинг ўзига бир неча маротаба мурожаат қилинган, бироқ аризалар жавобсиз қолган. Бу ҳолатда олдинги раҳбарият «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18, 24 ва 28-моддаларига риоя этмаганини кўриш мумкин.

Шайхонтоҳур туман ҳокимиятида ижодий гуруҳни ҳоким ёрдамчиси Элшод Ҳусанов кутиб олди. Вазиятни эшитганидан сўнг, у бу масала юзасидан масъул шахс билан учраштиришини айтди - ҳоким билан эмас. Ҳоким инвесторлар билан ўтказилаётган учрашувда экани, шу сабабли кутиб туриш кераклиги айтилди. Бу орада ҳокимиятнинг коммунал ишлар инспекцияси раҳбари Муҳитдин Тўраев келди ва ҳокимнинг олдига бирга киришини билдирди.

Маълум вақтдан сўнг, ҳокимнинг ўзи ҳам келди. Ширкат раҳбари, ҳокимият вакиллари билан биргаликда ҳоким кабинетида суҳбат бошланди. Ҳоким яқинда тайинлангани (Шуҳрат Санжарович Муҳаммадхонов жорий йилнинг августида туман ҳокими сифатида иш бошлаган), ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўплигини, шунингдек бу ишлардан хабари борлигини айтиб ўтди. Ҳокимият вакили Муҳитдин Тўраев ҳам бу ишларни шахсан назорат остига олишини, пудратчи билан гаплашишини қўшимча қилди. Ҳоким билан маҳалла ҳудудига қайтдик.

Томи ёпилмаган уйлар олдига борганимизда, бу ерда бизни қурилиш пудратчиси ва сектор раҳбари кутиб турган эди. Пудратчини саволга тутдик.

«Мен ҳам қўлимдан келганича ишлаяпман. Бу ҳудуддаги болалар боғчасида қурилиш қилинган. Бунга кетган маблағ дастур доирасида бюджетдан берилиши керак эди. Уй-жойлар эса фуқаролар томонидан кредитлар асосида таъмирланиши лозим бўлган. Кредитлар ўтказилган, лекин бу пулларни аввалги ҳокимият вакиллари пулларни боғча қурилишига сарфлаб туришим, боғчани пулига томларни ёпишимни айтишган. Бунга сабаб қилиб, ҳудудга президент ташриф буюриши, ташрифгача улгуриш кераклигини айтишганди. Лекин пул ҳали тушмади. Ҳаммасини ўзимнинг ҳисобимдан қиляпман. Ҳафта охиригача томлар ёпилади. Бугун битта томни ёпиб тугатамиз», дея ваъда берди у.

Шундан сўнг, туман ҳокими ҳам вазиятни шахсан назоратига олишини, қурилиш ишлари албатта охирига етказилишига ваъда берди.

Шу орада ҳокимият вакиллари Молия вазирлиги томонидан болалар боғчаси учун пул келиб тушгани ҳақида хабар қилишди.

Пудратчи ва ҳокимият вакилларининг ваъдаларидан кейин гуруҳ ортга қайтди. Умид қиламизки, энди «Чархновза» маҳалласи аҳолиси ёмғирларни хавотир билан қаршиламайди.

Кўпроқ янгиликлар