Умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг иш ҳақи миқдорлари энди қандай ўзгаради?

Ўзбекистон 22:02 / 24.09.2018 112923

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонли қарори қабул қилинди ва унга мувофиқ:

а) 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий тариф ставкалари:

бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга;

юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача;

директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

б) 2019 йил 1 январдан бошлаб базавий тариф ставкалари:

умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг малака тоифасидан келиб чиққан ҳолда олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 
1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга;

давлат умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида олий маълумотли психологлар учун 1,1 бараварга оширилади;

директор, унинг ўринбосарлари, мутахассис ўқитувчилар 
ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилади.

Демак, умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари 2 босқичда оширилади.

Бу ўзгаришлар ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорларига қандай таъсир кўрсатади, уларнинг ойлик маошлари қанчани ташкил этади? Бу саволга жавоб бериш учун, авваламбор, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг жорий йил 1 сентябргача бўлган иш ҳақи миқдорларига қаратмоқчимиз.

Албатта, бир қараганда юқоридаги жадвалда нима ва қандай ҳисобланганлигини англаш қийинроқ. Шунинг учун қуйида ҳисоб-китоб тартибини батафсил ёритиб беришга ҳаракат қиламиз.

Тушунтириш қулай бўлиши учун мисол тариқасида биринчи тоифали юқори синф ўқитувчининг ойлигини ҳисоблаймиз. Бугунги кунда унинг базавий тариф ставкаси 1 228,7 минг сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўқитувчига:

директор жамғармаси ҳисобидан 40 фоизгача устама белгиланиши;

синф раҳбарлиги учун энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 100 фоиз миқдорида;

дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун ЭКИҲнинг 50 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Албатта, бу устама ва қўшимча ҳақлар ҳаммага бирдек тўланмайди. Лекин, мазкур устама ва қўшимча ҳақларни кўплаб ўқитувчилар олишини инобатга олиб, мисолимизда ўқитувчининг базавий ставкаси миқдорига директор жамғармасидан 40 фоиз эмас, балки 20 фоизлик (245,7 минг сўм) устамани қўлладик ҳамда синф раҳбарлиги (184,3 минг сўм) ва дафтар текширганлик (92,2 минг сўм) учун тўланадиган қўшимча ҳақни ҳам ҳисобга олдик. Булар рақамларда қуйидагича бўлади:

1 228,7+245,7+184,3+92,2=1 750,9 минг сўм.

Демак, 2018 йилнинг 1 сентябригача 1-тоифали юқори синф ўқитувчисига устама ва қўшимча ҳақлар билан жами 1 750,9 минг сўм иш ҳақи ҳисобланиши мумкин. Бу суммадан солиқ ва ушланмалар чегирилгандан сўнг, ўқитувчи қўлига 1 418,8 минг сўм ойлик олар эди.

Энди, кейинги жадвалда, 1-босқичда, яъни жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўқитувчиларимизнинг иш ҳақи миқдорларини келтирамиз. 

Изоҳ:

* - директор жамғармасидан базавий тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз устама (амалдаги қонунчиликда энг юқори устама 40 фоизгача бўлиши мумкин), синф раҳбарлик учун 184,3 минг сўм ва дафтар текширганлик учун 92,2 минг сўм.

Ушбу жадвалга қараб, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошланғич синф ўқитувчисининг базавий тариф ставкаси 1,1 бараварга ошган бир пайтда, юқори синф ўқитувчисининг базавий тариф ставкаси ўртача 1,24 бараварга ошиши Сизда савол туғдириши табиийдир. Бу нима билан боғлиқ?

Жорий йилнинг 1 сентябригача, мактабларимизда фаолият юритаётган ўқитувчиларинг меҳнат шароити ва иш ҳажмлари аксариятда бир хил бўлишига қарамай, бошланғич синф ўқитувчисининг ойлиги унинг юқори синфдаги ҳамкасабаси ойлигига нисбатан ўртача 12 фоизга кўп бўлган.

Мана шу тафовутни бартараф этиш, мақсадида, жорий йилнинг 
1 сентябридан бошлаб юқори синф ўқитувчиларининг иш ҳақи миқдори бошланғич синф ўқитувчиси иш ҳақи миқдорларига тенглаштирилмоқда ва иккаласи учун ҳам оширилмоқда.

Демак, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб биринчи тоифали юқори синф ўқитувчисининг базавий тариф ставкаси иш ҳақи ўртача 1,24 бараварга оширилади ва 1 525,9 минг сўмни ташкил этади. Бу ойлик маошга яна директор жамғармасидан 305,2 минг сўм (20 фоиз) устамани ҳамда синф раҳбарлиги учун 184,3 минг сўм ва дафтар текширганлик учун тўланадиган 
92,2 минг сўмлик қўшимча ҳақни қўшсак, ҳисобланадиган жами иш ҳақи 2 107,6 минг сўмни ташкил этади.

1 525,9+305,2+184,3+92,2=2 107,6 минг сўм

Бу суммадан жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқ ва Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ушлангандан сўнг, биринчи тоифали юқори синф ўқитувчиси қўлига оладиган сумма 1 586,0 минг сўмни ташкил этади.

2-босқичда, яъни 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида айтиб ўтилган қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим ходимларининг базавий тариф ставкалари табақалаштирилган ҳолда, яъни малака тоифасидан келиб чиқиб оширилади. Буни қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин. 

 Жадвалда кўрсатилгандек, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб 1-тоифали юқори синф ўқитувчисининг базавий тариф ставкасига яна 20 фоиз қўшилади ва 1 831,1 минг сўмга етади.

Маълумот учун айтмоқчимизки, ҳозирги вақтда тоифасиз ўқитувчи ва олий тоифали юқори синф ўқитувчининг базавий тариф ставкалари орасидаги фарқ 26 фоизни ташкил этади ёки бор йўғи 279,9 минг сўмга (1 354,8 – 1 074,9) фарқланади. Келгуси йилнинг бошидан эса бу кўрсатгич 38 фоизни ташкил этади ва натижада фарқ 555,7 минг сўмни (2023,5 – 1 467,8) ташкил этади.

Бу фарқни ошириш нимага керак? Авваламбор, бу чоралар ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаб, малакасини оширишга қаратилган интилишларини моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Мазкур базавий тариф ставкасини директор жамғармасидан устама (366,2 минг сўм) ва қўшимча ҳақларни (276,5 минг сўм) қўшган ҳолда ҳисобласак, биринчи тоифали юқори синф ўқитувчисига жами 2 473,8 минг сўм иш ҳақи ҳисобланиб, қўлга 2 176,9 минг сўм тегади.

Эътибор берсангиз, биринчи тоифали юқори синф ўқитувчисининг ҳисобланадиган иш ҳақи миқдори (барча қўшимчалар билан бирга), 2018 йилнинг 1 сентябргача бўлган даврга нисбатан келгуси йилнинг бошидан, 1,41 бараварга ошадиган бўлса (2 473,8 / 1 750,9), қўлга оладиган иш ҳақи миқдори эса 1,53 бараварга (2 176,9/1 418,8) ошмоқда. Ёки оддий қилиб айтганда, ҳисобланган иш ҳақининг (начисление) ошиш миқдорларига нисбатан қўлга тегадиган сумма кўпаймоқда. Бу ҳаммамизни қувонтирадиган ҳолат. Лекин, қандай бунга эришилади?

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, 2019 йил 1 январдан амалга оширилиши режалаштирилган солиқ ислоҳотлари натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий 12 фоиз миқдорида белгиланиши (ҳозирги кунда бу солиқ, даромад суммасига қараб, 7,5 фоиздан 22,5 фоиз миқдоригача ушланади) ва фуқароларнинг Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари 8 фоиз миқдордаги ставкаси бекор қилиниши назарда тутилган.

Қўшимча маълумот сифатида яна бир муҳим нарсага эътиборингизни қаратмоқчимизки, мазкур қарор билан умумтаълим муассасалари олий маълумотли психологларининг базавий тариф ставкалари мутахассис ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига нисбатан 90 фоиз этиб белгиланди.

Бугунги кунда психологларга 715,1 минг сўм иш ҳақи ҳисобланиб, қўлига 636,9 минг сўм тўланаётган бўлса, 2019 йил 1 январда уларнинг қўлига оладиган иш ҳақи 1 162,1 минг сўмни ташкил этади ёки бугунги кунга нисбатан 525,6 минг сўмга (+93%) ёки қарийб икки бараварга оширилади.

Хўп, ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдори ошмоқда. Бу ҳозирги кунда кўпми ёки камми...?

Статистика маълумотларига кўра, ҳозирги кунда давлатимиз бўйича ўртача иш ҳақи миқдори 1 609,1 минг сўмни ташкил этаётган бўлса, ушбу миқдор умумий ўрта таълим соҳасида ўртача 1 270,6 минг сўм атрофида. Яъни, ўқитувчининг ойлиги иқтисодиёт бўйича ўртача иш ҳақи миқдорларига нисбатан 21 фоизга камдир.

Энди, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, бундай ҳолатга барҳам берилади, чунки шу даврдан эътиборан умумий ўрта таълим соҳасида бир ойлик иш ҳақи миқдори ўртача 1 788,0 минг сўмни ташкил этади ёки иқтисодиёт бўйича ўртача иш ҳақи миқдори билан солиштирганда, ундан баландроқ бўлиши кузатилади. Бошқача килиб айтганда, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, бошқа касблар билан солиштирганда, ўқитувчилар маоши энг кўп ошади – 1,41 бараварга.

Кимдир “бу ойлик барибир кам, айрим давлатларда ўқитувчилар жуда юқори маош олади” дейиши мумкин. Тўғри, аниқ мисоллар келтирадиган бўлсак, 2017 йилда қўшни Қозоғистонда мактаб ўқитувчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 108,0 минг тенге[1] ёки 331 АҚШ доллари, Корея Республикасида эса 2 250[2] АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, Россия Федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ўқитувчилар маошлари ўртача 50,0 минг рубль ёки 857 АҚШ доллари атрофида бўлган бўлса-да, унинг вилоят марказларининг аксариятида мазкур кўрсаткич 
20,0 минг рубль ёки 343 АҚШ доллари, кичик шаҳар ва қишлоқ жойларида эса 8,0 – 15,0 минг рубль ёки 137 – 257 АҚШ долларини ташкил этган[3].

Шу билан бирга айтиб ўтишимиз зарурки, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи паст ёки юқори бўлиши иқтисодиётнинг ривожланиш даражасига боғлиқ. Иқтисодиёти тараққий этган мамлакатларда иш ҳақи миқдорлари абсолют миқдорда юқори бўлиши табиий. 2017 йилда Қозоғистонда аҳоли жон бошига Ялпи ички маҳсулот 8 837,5 АҚШ доллари, Кореяда 29 742,8 АҚШ доллари ва Россия Федерациясида 10 743,1 АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич 1 504,2 АҚШ долларини ташкил этди[4] ва бу юқорида келтирилган давлатларнинг кўрсаткичларига нисбатан  камдир.

Бюджет маблағлари – бу халқ маблағларидир. Шунинг учун ушбу ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлашимиз зарур. Мактаб ўқитувчилари ойлик иш ҳақини оширишдан энг асосий мақсад –ўқитувчининг моддий таъминотини яхшилаш орқали ўқитувчилик касби обрўсини ошириш, тизимга юқори малакали кадрларни жалб этиш ва таълим даргоҳларда фарзандларимизга юқори сифатли таълим берилишини таъминлашдан иборат.

Шу ўринда савол туғилади-ки, фақатгина ўқитувчиларнинг моддий таъминотини, яъни иш ҳақини кўпайтириш ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш орқали мактабдаги таълим сифатини ошириб бўладими ?

Бунга жавоб топиш учун қуйидаги иккита давлат тажрибасини мисол келтирамиз:

Индонезияда 2000-2002 йилларда ўқитувчилар иш ҳақини деярли икки бараварга оширилган бўлса-да, умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар билим даражаси ошмаган[5];

Покистонда 1990 йиллар охирида давлат мактаблари айрим тоифадаги ўқитувчиларининг иш ҳақи миқдорлари 35 фоизга камайтирилганда, ўқувчилар билим даражаси ўзгармаган[6].

Бундан кўриниб турибдики, умумтаълим мактабларида таълим сифатини яхшилаш ва фарзандларимизга муносиб билим берилишига эришиш учун фақат ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш етарли эмас. Бунинг учун комплекс тадбирларини бажарилишини таъминлаш, шунингдек ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, фаолияти самарадорлиги ва натижавийлигини баҳолашга қаратилган малака талабларини кучайтириш ва мактабларда ўқитишнинг янги илғор методикаларини жорий этиш лозим деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, таълим соҳасида иш ҳақи оширилиши, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида роли кам бўлмаган соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ойликларни оширишга ундайди. Зеро, шифокорларимиз ҳам, ўқитувчиларимиз каби муносиб миқдорларда иш ҳақи олишга ҳақлидир.

Биз бунга имкон қадар қисқа муддатларда эришишимиз учун ҳаммамиз “бир ёқадан бош чиқариб”, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришини жадал суръатларда таъминлашимиз керак. Бу баландпарвоз гаплар эмас, бу бизнинг эҳтиёжимиз, ҳозирги давр талаби.

Бу борада бир қатор давлатлар тажрибасига таяниб, ўқитувчиларга бериладиган тўғри маош стимуллари ҳақида хулоса чиқариш лозим, яъни бюджет маблағларини тўғри сарфлашда самарадорликка эришилган.

Нодир Муслитдинов - Молия Вазирлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари
Жаҳонгир Нигматов - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридага Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг директори