Сурхондарёда китоб дўкони қурилишига ароқфурушлар қарши чиқмоқда — Ангор тумани мутасаддилари кимнинг тарафида?

Халқ овози 18:30 / 16.09.2018 63660

Сурхондарё вилояти Ангор туманидан таҳририятимизга жўнатилган мурожаатнома ўзининг антиқалиги, тумандаги мутасаддиларнинг китобга, илмга ва маърифатга  беписандлиги билан бизни лол қолдирди.

Facebook'да кўриш

Youtube'да кўриш

Ангор шаҳарчаси «Наврўз» маҳалласида яшовчи ёш, якка тартибдаги тадбиркор Мадинабону Жўраева 2017 йил 2 июнь куни Сурхондарё вилоятининг (ўша пайтдаги) ҳокими Эркинжон Турдимовнинг қабулига бориб, туман марказида «Китоб олами» дўкони ва ўқув зали қуриш ғояси борлигини маълум қилади.

Бундай ташаббус вилоят раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиб, туман ҳокимига топшириқ берилади ва туман ҳокими Б.Ибатовнинг шу кунги 1282-сонли қарори билан собиқ автошоҳбекат ўрнидан 200 квадрат метр ер майдони ажратилади.

Ер майдони ажратилгач, уч ой давомида керакли ҳужжатлар тайёрланиб, бино лойиҳалаштирилиб, унинг пойдеворини тиклаш ишлари олиб борилади.

Бироқ орадан кўп ўтмасдан, 2018 йилнинг 5 майига келиб Ангор туман прокуратураси туман ҳокими қарорига нисбатан протест эълон қилади. Сабаб сифатида қурилиш ҳужжатлари қонун талабларига мувофиқлаштирилмаганлиги кўрсатиб ўтилади.

Лекин туман прокурори протестида эътироз ўлароқ тилга олинган барча хулосалар бор. Тақдим этилган. Ҳаттоки вилоят адлия бошқармасининг қурилишни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар аниқланмагани ҳақидаги хати ҳам бор!

Бизга ҳикоя қилишларича, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергеновнинг сайёр қабули чоғида собиқ Автошоҳбекат ҳудудида спиртли ичимликлар билан савдо қилувчилар ёлғон кўрсатма билан, «бир бойвачча бизнинг дўконларимизни тўсиб, катта гипермаркет қуряпти», деган важни келтиришади ва давлат маслаҳатчиси вазиятни ўрганиб чиқиш вазифасини топширади. Вазият эса бунақа тус олади.

Аслида, қурилаётган китоб олами дўкони ўша ароқ-вино маҳсулотлари омборларига халақит бермайди. Чунки орада кераклича масофа сақланган. Боз устига, қурилиш учун Жўраевларда етарли маблағ йўқ, улар у қадар бойвачча ҳам эмас, банкдан кредит олиб қурилишни якунлашни мақсад қилишган.

Мадина Жўраеванинг отаси Ботир Жўраевнинг айтишича, туман ҳокимлиги «Китоб олами» дўконини қуриш учун туманда бошқа жойдан ер ажратишни таклиф этган. Бироқ таклиф этилаётган ерлар шаҳарчадан чеккада, китоб дўкони эса аҳоли гавжум марказда қурилмаса — у ерга одамларнинг атайлаб китоб учун боришлари даргумон.

Спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўкончаларнинг аҳволи эса мана бундай…

Сурхондарё вилоятида энг йирик «Китоб олами» дўкони бўлувчи қурилиш эса тўхтаб қолган. Жўраевлар оиласи ҳозирча ўз уйидан савдо қилиб туришибди. Харидорлар гавжум. Бино қурилиши учун арматура каркаслар ҳам ўша уйда сақланмоқда.

Вазиятни қаранг. Туман прокуратураси ҳужжатларда камчилик бор, деб туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилмоқда ва уни қонун талабларига мувофиқлаштиришни сўрамоқда. Орадан ўтган қарийб 10 ой ичида қурилишнинг ост қисми деярли тугаб қолган. Тадбиркор ҳужжатлардаги камчиликни бартараф этган. 

Энди туман ҳокимлиги ўша ерни яна қайтадан уларга хатлаб беришни истамаяпти ва М.Жўраевага жўнатган хатида важ сифатида айнан ўша ароқ дўконларининг фасадлари тўсилиб қолаётганини кўрсатмоқда! Қарор эса гўёки прокуратуранинг простестига кўра бекор қилинган. Прокуратуранинг протестида фасади тўсилаётган дўконлар ҳақида гап йўқ, ҳужжатлардаги (ҳозир бартараф этилган) камчиликлар ҳақида гап боради.

Ҳокимлик қилинган харажатлар учун 100 миллион сўм компенсация ва бошқа, туман марказидан узоқроқ бир неча жойлардан ер таклиф қилаяпти.

Негадир ҳоким қарорини қонунга мувофиқлаштиришни сўраган прокурор мазкур қарорнинг бутунлай бекор бўлиб кетганлиги-ю, вилоят бўйича энг катта бўлиши кутилаётган «Китоб олами» дўкониниг тақдири йўқлик сари юз тутаётганига бефарқлик қилмоқда. 

Бошқача қилиб айтганда, протестнинг чала қаноатлантирилиши, яъни туман ҳокими қарори бекор бўлиши прокуратура учун етарлимикан?.. Қонунга мувофиқлаштириш ҳақидаги талаб нима бўлади?

Ангор туман ҳокимлигига савол: Нега ҳужжатлардаги прокуратура протестида кўрсатилган камчиликларни бартараф этган тадбиркорга айнан ўша жой учун қайта қарор чиқариб берилмаяпти?!

Бу саволга Ангор туман ҳокимлигининг жавоб бериши жуда қийин бўлади.

Қизиқ, эплашолармикан?

Хуллас, эзгу ташаббус билан бунёд этилиши кўзланган, вилоят раҳбаридан оқ фотиҳа олинган қурилиш Ангор туманидаги юқори мартабали мансабдорлар томонидан қандайдир шубҳали тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб, тўхтатиб қўйилмоқда.

Ўзи Ангорга китоб дўкони керакми ёки ароқ дўкони?

Умид қиламизки, Ангор туман прокурори К.Тўрақуловнинг «ташаббуси» билан бошланган ғалва шахсан унинг аралашуви билан қонуний ва адолатли ечим топади.

Туман ҳокимлиги, вилоятдаги мутасаддилар бунга қандай жавоб беришар экан? Кун.уз бу мавзуга албатта яна қайтади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири.