Олий таълим соҳасида янгилик: Келажак университети

Ўзбекистон 23:23 / 28.08.2018 46445

Ўзбекистонда таълим олишга интилаётган ёшлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда, аммо уларнинг барчаси талабалик бахтига эришмаган. Бунга сабаб бўлувчи омиллардан бири - мамлакатдаги ОТМ сони камлиги, уларнинг чекланган ўрин билан талабаларни ўқишга қабул қилиши. Масалан, 2017 йилда олийгоҳда таълим олишни истаб ўқишга ҳужжат топширган абитуриентларнинг фақат 9 фоизи талаба бўлишга муваффақ бўлган. 

Республикада фаолият олиб бораётган 78та маҳаллий ва 7та хорижий олийгоҳлар ҳам илм бозоридаги талабни қондиролмайди. Айни пайтда уларда 293 минг талаба таҳсил олади, шу йил 77,5 минг нафар абитуриент ОТМда таҳсил олишга тавсия этилган бўлса, яна кўп ёшлар олий таълим олиш имкониятига эга бўлолмайди. 

Бу масалада жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, барча рақамлар акс ҳолатдан дарак бермоқда. Масалан, Жанубий Кореяда 93 фоиз, АҚШда 85 фоиз, Эронда 71 фоиз, Тожикистонда 28 фоиз ва Озарбойжонда эса 25 фоиз илм талабида бўлган ёшлар олий таълим олиш имконияти эга. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ЯИМнинг бор-йўғи 0,4 фоизини олий таълим соҳасининг ривожига сарфлайди, ваҳоланки, бу кўрсаткич ҳам дунёдаги энг ёмон натижалардан бири саналади. 

Юқорида таъкидланган масаладан ташқари, таълим олиш учун белгиланган нархнинг, маҳаллий аҳоли ишлаб топадиган реал даромадларидан келиб чиқиб, ўта қиммат эканлиги ёшларнинг олий таълимдан бебаҳра қолишига сабаб бўлмоқда. Масалан, маҳаллий олийгоҳда белгиланган тўлов-контракти бир йил учун ўртача 8,2 миллион сўмдан бошлаб 12 миллион атрофида тўхтайди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида эса бу рақам 18-22 миллион атрофида белгиланган. 

Энг арзон супер-контракт нархи 82 миллион 935 минг сўм,  энг қиммати эса 276 миллион 450 минг сўм бўлиб,  жами 276 та йўналиш бўйича оширилган тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланган. Хорижий олийгоҳларнинг Тошкент шаҳридаги филиалларида таҳсил олиш ҳам бирмунча қиммат. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас, чунки олий таълим муассасаларининг аксари пойтахтда жойлашгани яна бошқа масалани келтириб чиқаради. Яъни, 47,4 минг нафар талаба учун бор-йўғи 173та ётоқхона мавжуд. Оқибатда, Тошкентда доимий пропискага эга бўлмаган, вилоятлардан келиб илм олувчи ёшлар тахминан 150-300 доллар қийматида хонадон учун ижара тўловини амалга ошириши лозим ва бундай талабалар сони ҳам кам эмас, улар 73 мингдан зиёдни ташкил этади. 

Олий таълим сифати бўйича кўп чўзилиб ўтириш шарт эмас, негаки, бу катта мавзу ва у бўйича кўп баҳс қилиш мумкин. Шунчаки, яна бир рақамни ҳавола этмоқчиман, масалан, маҳаллий олийгоҳларда таҳсил олувчи хорижий фуқаролар 1992 йилда 2 мингдан ортиқ кишини ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 706 нафар кишини ташкил этади ва ўша чет элликларнинг ҳам 76 фоизи МДҲ давлатларидан. Ахир, ари ҳам гулга унинг асали учун келишини биламиз, бу рақамлар ҳам нимадандир садо беради. 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу масалада ўзининг инновацион ечимини таклиф қилмоқда: Келажак университетини ташкил этайлик.

Бу нима ва қандай бўлади? Келажак университети (ҳа, унинг номи шундай, University of Future) MOOC лойиҳаси асосида фаолият кўрсатувчи онлайн-университет. Таъкидлаш жоизки, дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари аллақачон шу турдаги хизматини талабаларга тақдим этган. Масалан, Ҳарвард, Оксфорд, Массачусетс технологиялар институти 15-25 минг доллар тўлов эвазига масофали таълим шаклини таклиф этади. Булар қаторида 120дан ортиқ нуфузли олийгоҳлар 1300дан ортиқ йўналиш бўйича ўқишни таклиф этган. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги таклиф этаётган университет Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиши ва таълимни муваффақиятли тамомлаш билан битирувчига диплом тақдим этиши кутилмоқда. Бунда таълим олиш учун йилига 1,5 миллион атрофида тўлов бўлиши кутилмоқда. Kun.uz билан суҳбатлашган вазирлик ходимининг таъкидлашича, университетни 40 миллион доллар атрофида молиялаштириш учун хорижий сармоядорлар аниқланган. Ва тез орада барчада Келажак университетида таҳсил олиш имконияти пайдо бўлади.

Алишер Рўзиоҳунов