«Ўзбектелеком» раҳбариятидаги ўзгаришлар сабаби маълум бўлди

Ўзбекистон 18:55 / 10.08.2018 19828

Бош вазир Абдулла Арипов «Ўзбектелеком» лойиҳаларининг амалга оширилиш ҳолатидан норози бўлган, бу компания раҳбариятидаги лавозим ўзгаришларининг асосий сабаби бўлди. Бу ҳақда Kun.uz Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидаги манба маълум қилди.

8 август, чоршанба куни беш ой ўтгач, Шуҳрат Қодиров яна «Ўзбектелеком»га раҳбар этиб тайинлангани маълум бўлди. Ушбу лавозимни март-август ойлари давомида эгаллаган Фарҳод Рўзиев тижорат директори лавозимига ўтказилди. Бундан ташқари, Жамол Мақсудов Евгений Маркинг ўрнига Истиқболли ривожлантириш ва инновациялар бўйича директор лавозимига тайинланди. Компания матбуот хизмати лавозим ўзгаришлари бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

«Бу раҳбариятнинг қарори, агар шундай қарор қилишган бўлса - ҳеч қандай саволлар бўлмайди. «Ўзбектелеком» белгиланган вазифаларини ўз вақтида бажармаганлиги учун ҳукуматда танқид қилинди. Бироқ, барча лойиҳаларни, ҳаттоки Интернет бўйича ҳам, амалга ошириш давом этаётганди. Афтидан, натижалар янада тезроқ бўлиши керак эди», - дея хабар беришган вазирликдан. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, танқид айнан бош вазир А.Арипов томонидан қилинган.

Бу йил президент Шавкат Мирзиёев интернетга нархларни кескин пасайтириш, уланиш тезлигини камида тўрт баробарга ошириш, уни 2020 йилга келиб МДҲ давлатлари даражасига олиб чиқиш бўйича топшириқ берди.

«Биз Интернет-каналимизнинг имкониятларини камида 1,2 Терабитга кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Бу деярли 10 баробар ўсишдир. Бу ишни шу йил охирига қадар якунлаш ниятидамиз. Балки, буни олдинроқ ҳам қилармиз, сабаби вазифани амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатлар кўрилмоқда», - дея маълум қилганди куни кеча ўз лавозимини тарк этган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги собиқ раҳбари Азим Ахмедхўжаев.

Азим Ахмедхўжаев энди Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича куратор бўлган.

Шу билан бирга, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, «Ўзбектелеком»даги ўзгаришлар Ахмедхўжаевнинг вазирликдан кетиши билан умуман алоқадор эмас.

«Бу умуман боғлиқ эмас. Рақамли иқтисодиёт ва блокчейнни ривожлантириш керак бўлгани учун ўтказишди. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ушбу соҳада ваколатли орган ҳисобланади. Бу ҳақдаги фармон 3 июлдаёқ бўлган, якунда - бир ой мобайнида деярли ҳеч нарса қилинмади. Ҳатто бу блок [рақамли иқтисодиёт ва блокчейнни ривожлантириш бўйича] очилмади. Ҳозир бу билан шуғуллана бошлашди ва раҳбар керак эди», - дея таъкидлаб ўтган манба.

Давлат раҳбарининг фармонига кўра, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги блокчейн жорий этиладиган фаолият йўналишларини аниқлайди. Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва блокчейнни жорий этишни назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси агентлик томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилиши керак.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2018-2020 йилларда криптоактивлар айланмаси соҳасида фаолиятни жорий этиш ва ривожлантиришни ўз ичига оладиган блокчейнни ривожлантириш бўйича дастурни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш вазифаси юкланди.