Хорижда ишлаб чиқарилган машиналарни Ўзбекистонга олиб кириш учун бож тўлови ўзгарди

Иқтисодиёт 22:39 / 18.07.2018 202021

Хорижда ишлаб чиқарилганига икки йилдан кўп муддат бўлмаган, шунингдек нархи 40 минг АҚШ долларига тенг ёки ундан юқори бўлган енгил автомобилларни бож тўловисиз Ўзбекистонга олиб кириш мумкин бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган "Ташқи иқтисодий фаолиятни ва божхона-тариф тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорининг иловасида айтилган.

Маълум қилинишича, божхона тизимидаги ушбу янгилик 2019 йилнинг 1 январидан амалда қўлланилади. Эндиликда ишлаб чиқарилганига икки йил тўлмаган, нархи эса 40 минг долларга тенг ёки ундан юқори бўлган енгил автомобиллардан 0 фоиз ставкадаги бож тўлови ундирилиши белгиланган. Уларга нисбатан 20 фоиз миқдорида акциз солиғи қўлланилади. Бундан ташқари қўшимча қиймат солиғи ҳам 20 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бошқа автомобилларга нисбатан бож тўлови ва акциз солиғи ўзгаришсиз қолди.

Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Божхона давлат қўмитасига мурожаат қилди.

«Янги йилдан бошлаб, ушбу янгилик жорий этилгач, мана шу таснифга тушган машиналарни божхона расмийлаштиришда қуйидагича ҳисоб-китоб амалга оширилади. Яъни, енгил автомобилнинг нархи 40 минг доллар деб олсак, ундан 20 фоиз акциз солиғи ундирилади. Бу 8 минг доллар бўлади. Қўшимча қиймат солиғини ундириш учун асос бўладиган қиймат - акциз солиғи ва машинанинг асл нархи ҳисобланади. Шунинг учун ҚҚС 48 минг долларнинг 20 фоизи, деб олинади. Демак, акциз солиғи 8 минг, ҚҚС эса 9600 доллар бўлади. Умуман олиб қараганда, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси бўлган шахслар 40 минг доллар нархдаги машинани Ўзбекистонга олиб киришда 17600 доллар миқдоридаги тўловларни амалга оширади», дейди қўмита вакили Илҳом Пардаев.

Янги ҳуқуқий ҳужжатда айтилишига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонга олиб келинаётган 700 дан ортиқ маҳсулотлар учун янги бож ставкалари камайтирилган. Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура коди 870380 бўлган электр қуввати билан ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун бож ставкаси «0» миқдорида белгиланган. Шу билан бирга уларга нисбатан ҚҚС 20 фоиз миқдорда сақланиб қолмоқда.

Маълумот учун, аввал ўрнатилган тартибга кўра, машина ишлаб чиқарилган мамлакат бож тўловларини белгилашда муҳим омил ҳисобланган бўлса, эндиликда бу амалиёт қисман бекор қилинади.