Хайрия: Умринисонинг митти юраги шифо топишида кўмаклашайлик!

Жамият 21:11 / 06.06.2018 19774

Бу дунё синов дунёси. Ўткинчи дунёда кимдир яхшиликлар қилишга жидду-жаҳд қилиб ҳаёт кечирса, бошқа кимдир уларга ёрдамчи ё сабабчи бўлади. KUN.UZ сайти ҳам ўз олдига ёрдамга муҳтож ватандошларимизнинг оғирини енгил қилишда озми-кўпми сабабчи бўлиш, имкон қадар уларнинг оғирини енгил қилишни мақсад қилган. Шу мақсад йўлида қатор хайрия акциялари ўтказиб келинмоқда. 

Муборак Рамазони шариф муносабати билан бундай ишларни янада кўпайтириб, Тошкент вилояти Чиноз туманида истиқомат қилувчи хонадонда бўлдик. Хонадон эгалари уларнинг учинчи фарзандлари Умринисо юрак порогидан азият чекаётгани, уни даволатиш учун имконияти йўқлигини айтиб, ёрдам сўрашди. 

“Қизимиз Умринисо 2017 йил 26 декабрда дунёга келди. 3 кундан сўнг, 29 декабрда Тошкент шаҳридаги Педиатрия институти шифохонасига йўлланма асосида бордик. САМПИда текширтирдик, улар бизни Чилонзордаги Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик марказига юборишди. Бизнинг қўлимизда ордер ҳам, нақд пулимиз ҳам йўқ эди. Ўша вақтда бироз моддий қийналиб турувдик. Чунки иккинчи фарзандимиз ҳам ҳар олти ойда шифохонада даволаниб туради. У васкулитдан (қон томирларининг шамоллаши) азият чекади. Умринисонинг аҳволи анча оғир. Чунки, юрагида 3та тешик бор, яна вена ва артериал қон томирлари ўрни алмашиб қолган”, - деди Умринисонинг отаси. 

Уларнинг айтишича, шундан сўнг, улар VitaMed хусусий тиббий муассасасига мурожаат қилишган. Бу ердагилар, даставвал Умринисони Ҳиндистонга юбориш учун ҳомийларни жалб этишларини билдирган бўлсалар-да, кейинчалик ҳомийлар бошқа болани юборишганини маълум қилишган. 

Айни шу шифохона Умринисони Ҳиндистонда даволатишни тавсия қилган. Шифокорларнинг тушунтиришларича, қизалоқни 1 марта ёки 3 йил мобайнида бир мартадан операция қилиш талаб этилиши мумкин. “Агар бир мартанинг ўзида тузаладиган ҳолатда бўлса, 9 минг АҚШ доллар бўлади дейишди. Агар 3 марта бўлса, ҳар бири 6,5 минг доллардан бўлади, дейишди”, - деди Умринисонинг отаси Баҳром ака. 

Маълум бўлишича, ҳиндистонлик шифокорлар келиб, Умринисони кўрикдан ҳам ўтказиб кетишган. Аммо, неча марта жарроҳлик амалиёти ўтказиш билан шифо топиши илк операцияда аён бўлишини айтишган. “Бироқ дастлабки операция чақалоқ олти ойлик бўлгунича амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда, ўпкага сув тўплана бошлайди ва оқибати оғир бўлиши мумкин”, - дейди қизчанинг онаси. 

Азизлар, биз Умринисонинг ота-онаси билан суҳбатлашар эканмиз, миттигина қизалоқнинг жажжи юракчаси қийналаётгани, унинг тинимсиз безовталигидан ҳис қилдик. Бундай дейишимизга асос бор албатта, чунки биз ушбу уйга борганимиздан то кетгунимизча Умринисо тинимсиз инграшига гувоҳ бўлдик. Бу садолар анча вақт қулоғимиз остида янграб турди. 

Шу муносабат билан KUN.UZ сайти эҳсонсевар юртдошлар, саховатпеша ватандошларга мурожаат қилиб, ушбу митти юрак, жажжи қалб соҳибасига ҳам ёрдам қўлини чўзишга чақиради. Маълумки, Умринисонинг дардига ўхшаб кетадиган хасталикка чалинган бир неча бемор юртдошларимиз сайт кўмагида ташкил этилган хайрия акциялари натижасида шифо топди.

Шундай экан, зора сизу-бизнинг эҳсонимиз восита бўлиб, Умринисо ҳам дардидан фориғ бўлса, сафимиздан жой олса! Мазкур хайрия акцияси, ҳозирча ўз ниҳоясига етди. Унда иштирок этганларнинг солиҳ амалини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин!