Импорт бўйича имтиёзлар комплекс экспертизадан ўтади - Президент қарори

Иқтисодиёт 22:57 / 31.05.2018 9739

Эндиликда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади, шунингдек, уларнинг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасига киритилади​. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни имзолаган “Имтиёзлар ва префенциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шундай дейилади.

Маълум қилинишича, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарлар рўйхатининг комплекс экспертизаси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасининг ижобий хулосаси олинган тақдирда, ташкилот рўйхатда кўрсатилган товарларни белгиланган тартибда импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги берилган имтиёзларни муддатидан олдин тугатиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига асослантирилган таклифлар киритиш ҳуқуқига эга экани таъкидланмоқда.

Қарорда имтиёзлар беришни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши шартлиги ифодаланган. Бунда ушбу лойиҳалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга ошириладиган экспертизаларнинг бошқа турлари бир вақтда ўтказилади.
Экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига сўралаётган имтиёзлар бўйича асослантириш ва тегишли ҳисоб-китоблар мажбурий тартибда илова қилинади. 

Уларда лойиҳанинг мақсади, амалга ошириш муддати, киритилаётган инвестиция ва экспорт ҳажми, янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари сони, яратилаётган ёки жорий этилаётган инновацион маҳсулот, технологик янгиликлар, прогрессив илмий изланишларнинг аниқ натижалари, ишлаб чиқариш, ишлар (хизматлар, солиқ тушумлари, имтиёзларнинг ҳисобланган суммаси ва бошқалар) ҳажмининг ўсиши кўрсатилади.

Ушбу ҳужжатлар, жумладан, қуйидагиларни:

  • мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан истиқболли ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, имтиёзлар ва преференцияларнинг алоҳида тармоқлар, фаолият соҳалари ва ҳудудларга таъсирини;
  • берилаётган имтиёзлар ва преференцияларнинг бюджет ва жамият учун самарадорлигини;
  • уларнинг рақобат муҳитига ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.
Кўпроқ янгиликлар