Сурхондарё ҳокими боқимандаликка қарши кескин фикрларини билдирди

Ўзбекистон 11:11 / 15.05.2018 64528

Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов фуқаролар орасида боқимандалик кайфияти кучайиб боришига нисбатан кескин фикрларини билдирди. Вилоят ҳокими 9 май куни бўлиб ўтган сайёр қабул чоғида бу борадаги фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда сайёр қабулни бевосита кузатган KUN.UZ мухбири хабар қилмоқда. 

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов/Kun.uz

Эркинжон Турдимов 2018 йил 9 май куни Денов шаҳрида Денов, Узун ва Сариосиё туманлари, 10 май куни Шўрчи шаҳрида Шўрчи, Олтинсой ва Қумқўрғон туманлари фуқаролари билан сайёр қабул ўтказди.

Вилоят ҳокими халқ билан очиқ мулоқот чоғида фуқароларни қийнаётган муаммолардан бевосита хабардор бўлиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди ҳамда видеоселектор орқали йиғилишда барча берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот олишини билдирди. 

“Берилган топшириқлар 2 йўсинда ҳал этилиши керак. Биринчисида муаммо бартараф этилади. Чунки аксарияти ҳал қилиш мумкин бўлган муаммолар. Иккичиси рад этилиши керак. Бироқ рад этиш учун даставвал мулозим менга қаноатлантирадиган тушунтириш бериши ва менинг рухсатим билан рад этиши керак”, - деди Турдимов.

Шу билан бирга, у аҳоли, айниқса айни кучга тўлган ёшлар орасида боқимандалик кайфиятига қарши эканини билдирди. У мулоқотга келиб, ёрдам сўраган мурожаатчига жавоб берар экан, шундай фикрларини билдирди.

“Уйингизда кучга тўлган фарзандларингиз, ўғилларингиз бор. Томорқангиз бор. Яна давлат ёрдам бериши керакми? Ҳеч қандай ёрдам берилмайди. Иши бўлмаса, иш берамиз. Томорқадан фойдалансин. Ишласин фарзандларингиз. Боқимандачиликка ўрганишмоқда. Кетмайди бунақаси. Ишласин ахир!”, - деди вилоят ҳокими.