Президент ҳузуридаги Маслаҳат кенгашига ким раиси бўлиши маълум

Ўзбекистон 23:49 / 05.05.2018 30664

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши​га Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов раис этиб тайинланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги мутасадди вакилининг маълумотига таянган ҳолда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

5 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида “Адлия ахбороти” номли брифинг ташкил этилди. Бундай брифинг ўз форматига кўра вазирлик томонидан илк бор ўтказилди.​ Брифингда ҳафта давомида қабул қилинган муҳим қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар берилди.​

Тадбир маълум қилинишича, янги тузилажак Маслаҳат Кенгашига Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, депутат Акмал Саидов раис этиб тайинланиши кутилмоқда. Шунингдек, кенгаш таркибига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, давлат маслаҳатчилари, ННТ раҳбарлари ҳам киритилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Мазкур кенгаш куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра тузилди. Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгаши ташкил этилгани хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар