Мадинабонунинг юрак нуқсонидан шифо топишига кўмаклашайлик

Жамият 18:14 / 05.05.2018 6218

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Хазорасп тумани, Питнак қишлоғи, Охунбобоев маҳалласида истиқомат қилувчи Тозагул Саъдуллаева 4 ёшли фарзандининг даволанишига ёрдам сўраб, мурожаат қилди.

Биз оиланинг турмуш тарзи, ҳаёти билан танишиш, боланинг аҳволини ўрганиш учун улар билан учрашдик.

Мирзоакбар Халилов ва Тозагул Саъдуллаева Хазорасп тумани, Питнак қишлоғида истиқомат қилишади. Оилада уч нафар қиз улғаймоқда.

Айни пайтда оила бошлиғи Мирзоакбар ака хасталиги боис, оғир ишларга ярамай қолган. Тозагул эса вояга етмаган қизларини тарбиялаш билан машғул.

Катта қизи Саъдуллаева Мадинабону 2014 йил 21 август куни дунёга келган. Туғилганида шифокорлар унинг юрагида нуқсон борлигини аниқлаганлар. Кардиологияда ўтказилган текширувдан сўнг эса, унинг юраги 11 мм ўлчамдаги тешикка эгалиги маълум бўлган. Аммо шифокорлар қизча 5-6 ёшга киргунча, жарроҳлик амалиёти шарт эмаслигини, дорилар билан даволаниб, кардиологнинг назоратида туришини тайинлашган.

Вақт ўтгач, Мадинабонуда камқонликнинг оғир даражаси ҳам аниқланган. Онасининг гапига қараганда, қизча 8 ойлик бўлгунча, тили чиқиб, бироз гапира бошлаган. Аммо кейинчалик умуман гапирмай қўйган. Шундан сўнг, қизчани невропатолог-психиатр кўрикдан ўтказиб, юрак нуқсони асорати натижасида, бола миясида қон айланишининг бузилиши, бош суяги босими пайдо бўлгани, шунингдек руҳий ҳамда жисмоний ривожланишдан орқада қолганини аниқлаган.

Яқинда эса унда яна бир хасталик, ўнг бўйрак пиелонефрити ва чап бўйрак гипоплазияси борлиги маълум бўлган.

Мадинабону 4 ёшга қадам қўйган бўлса-да, унинг ташқи кўриниши 1,5-2 ёшли болани эслатади. Унда ўткир камқонлик ва рахит аломатлари кўзга ташланиб турибди. У ўрнидан туриб юролмайди, гапиролмайди, жуда ҳам нимжон. Оила моддий таъминотининг ночорлиги эса боланинг даволанишига имкон бермаяпти.

Айни пайтда қизчага давлат томонидан 350 минг сўм нафақа тайинланган. Шунингдек, оила кам таъминланганлар доирасига киргани туфайли, 450 минг сўм нафақа ҳам олмоқда. Бу маблағлар оиланинг фақат кун кўриши учун етарли экани сабабли, Мадинабонунинг даволанишига имкон қолмаяпти.

Азизлар, Kun.uz'нинг саховатпеша, меҳрибон ва оқибатли ўқувчилари. Бу юртда, шу ватанда биз учун бегона бўлган болалар йўқ. Шу юртнинг фарзанди - бизнинг фарзандимиз. Қўлимиздан келганча, имкониятимиз борича Мадинабонуга ёрдам берайлик. Доно аждодларимиздан қолган «тома-тома кўл бўлур» деган ибора бекорга айтилмаган. Қизчанинг даволаниши, тикланиб олиши учун, унга ёрдам қўлини чўзиб, ота-онасининг дуосини олайлик, савобга эришайлик. Имконияти йўқлар эса тезроқ шифо топишини истаб дуо қилайлик. Бу ўткинчи дунёда биздан эзгу ва савоб ишлар қолсин. 

Мадинабонунинг дадаси Халилов Мирзоакбар

Пластик карта рақами: 8600 0604 4863 4882

(PAYME ва Click, Халқ банки)

Телефон рақами: +998 94 665 04 57

Кўпроқ янгиликлар