Синиқ кўнгилни шод айланг: икки фарзанднинг онаси мурожаат қилади

Халқ овози 15:56 / 05.03.2018 40821

Кундалик юмушлар билан овора бўлиб, баъзида ҳаёт ташвишларидан нолиган киши тўрт мучаси соғ, икки оёқда қадам босиб тургани учун Яратганга шукрона билдиради. Бемор бўлиб, тиш оғриғидан ухлолмай чиққан эркак ҳам инграйди, тонггача кўзга уйқу келмайди.

Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаган 40 ёшли Зулхумор опа эса анча йиллардан буён икки суяк емирилиши (коксоартроз) касаллигидан азият чекади. Яқин йўлга ҳам қадам босиб юролмайди. Унинг бошлаган муолажаси битта: яқин қариндошлари сотиб олган оғриқ қолдирувчи дори-дармонларни қабул қилиш ва бир амаллаб кун ўтказиб яшаш зарур.

“2-3 йиллар аввал оёғим оғрий бошлади, қадам ташлай олмай, шифокорга мурожаат қилдим. Текширув ва белгиланган муолажалардан сўнг маълум бўлдики, суяк емирилишини енгиш учун протез зарур. Шифокорлар тиббий амалиётни муваффақиятли ўтказиш учун 3000 АҚШ доллари кетишини айтди”, дейди у.

Бироқ, оиланинг қора қозони зўрға қайнаб турган бир даврда, З.Қўчқорованинг қурби операция чиқимларини кўтаришга етмайди.

“Турмуш ўртоғим оддий ишчи – мардикор. Кунига 10-15 минг пул ишлаб, оила рўзғорини тебратиб турибди. Муҳтожликдан ҳокимиятга, маҳаллага чиқдим. Улар эса моддий ёрдам бериш имконияти йўқлигини билдириб, ногиронлик нафақамга таяниб туришимни илтимос қилишди. Очиғи, олаётган нафақа пулим аслида дориларга ҳам етмайди”, деб ҳасрат қилади Зулхумор.

Муштипар аёлнинг куйиниши бежиз эмас: у ётиб қолса, ортидан қолган икки норасида нима қилади? Ишонамизки, аёллар байрами арафасида саховатпеша ватандошларимиз бир оила қийинчиликни енгиб ўтишида ўзининг кўмагини аямайди. Сизнинг озроқ ғойибона эътиборингиз туфайли, Зулхумор опанинг уйида хурсандчилик ва кулги пайдо бўлади.​

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Зулхумор Қўчқорова
CLICK, PAYME:
Агробанк: 8600 0423 5896 2172
Тел: +998 91 108 13 78