«Шиппакларимни кулдирманг» - Саакашвили баёнот билан чиқди

Жаҳон 16:23 / 13.02.2018 10819

Грузия собиқ президенти, Украинанинг Одесса области собиқ губернатори Михаил Саакашвилининг маълум қилишича, Польшадан сиёсий бошпана сўрамайди. Бу ҳақда у NewsOne телеканалига маълум қилди.

Саакашвилининг айтишича, айни дамда Польша полицияси томонидан қўриқланмоқда.

«Мен Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан гаплашдим, улар аэропортга келганимда менга қўнғироқ қилишди. Польшадан сиёсий бошпана сўрамайман», - деди Саакашвили.
 
Шунингдек, у Грузияга эҳтимолий экстрадицияси ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди.

«Одессада шундай дейишади: менинг шиппакларимни кулдирманг. Грузиянинг ҳозирги ҳукумати мендан ўлгудай қўрқади. Агарда улар мени экстрадиция қилишмоқчи бўлишганида, буни кеча амалга оширишган бўларди», - дея маълум қилди у.

Саакашвилининг қўшимча қилишича, Грузия ва Украинада унга қарши ҳеч қандай жиддий айбловлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Михаил Саакашвили Германия канцлери Ангела Меркель ҳамда ЕИдан ёрдам сўрагани хабар қилинганди.