Саакашвили «ашаддий ёлғончилар», қўрқаётган Порошенко ва отиб ташлаш билан таҳдид қилишгани ҳақида

Жаҳон 18:35 / 13.02.2018 10540

Грузия собиқ президенти, Украинанинг Одесса области собиқ губернатори Михаил Саакашвилининг иддао этишича, уни Киев аэропортига олиб кетишаётганида отиб ўлдириш билан таҳдид қилишган.

Саакашвилининг бугун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилишича, уни Киев аэропортига олиб борганлар шундай дейишган: "Биз ҳозир сени отиб ташлаймиз".

"Улар менга Майдандагиларни қандай қилиб ҳайдаб юборишгани ҳақида айтиб беришди", - дея қўшимча қилди сиёсатчи.

Унинг айтишича, Варшавага уни олиб келган самолёт кимга тегишли эканини билмайди. "Бу хусусий самолёт эди, у кимга тегишли эканини билмайман. У ерда уни ижарага олган йўловчи бор эди. У жим ўтирди. Расман ҳаммаси унинг номига расмийлаштирилган", - дея таъкидлаб ўтди Саакашвили.

Шунингдек, Михаил Саакашвили украиналик сиёсатчиларни танқид қилиб, уларни "ашаддий ёлғончилар" деб атади.

"Ҳурматли украиналиклар, сизларни ашаддий ёлғончилар бошқармоқда", - деган у.

Бундан ташқари, Саакашвилининг маълум қилишича, "Украина фуқаросидир". "Мен Польшадан Украинага қайтишдан аввал ўша аҳмоқларга шуни айтмоқчиманки, мен Украина фуқароси эдим. Менда бошқа фуқаролик ва яшаш жойи йўқ. Ҳаттоки мени фуқароликдан маҳрум этишган бўлсада, мен Украина фуқароси бўлиб қолдим. Мен Украинага унинг доимий аҳолисидан бири сифатида қайтдим", - дея қўшимча қилиб ўтди Саакашвили.

Унинг айтишича, Украинада митингларни ташкил этишни давом эттирмоқчи ва уларда шахсан иштирок этиш имкониятини топади. 

"Мен дўстларим билан Украинада оммавий норозилик намойишлари ташкил этмоқдаман ва олигархларни ҳокимият тепасидан тинч йўл билан четлатамиз. Биз миллионга етганимизда, улардан ҳеч ким сўраб ўтирмайди. Бу ҳаракат кенгаяди. Мен Украина ҳудудида унга жисмонан қўшилиш йўлини топаман", - дея маълум қилди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, оиласи билан учрашиш ҳам ниятида. "Менда Нидерландияда бўлган оилам билан учрашиш режалари бор, сўнг Европа бўйлаб сафар қиламан ва сиёсий фаолият билан шуғулланаман", - деди Саакашвили.

Шунингдек, Михаил Саакашвилининг фикрича, Украина раҳбари Пётр Порошенко ундан қўрққани учун Украинадан Польшага чиқариб юборилган.

"Порошенко мени Украинадан жисмонан чиқариб ташлаб, асосий сиёсий рақибидан қутулишни ўйламоқда. У мени фуқароликдан маҳрум этди, Украинага ўйлаб топилган баҳоналар билан киритмади. У мендан жуда қўрқади. Менда армия ёки пуллар борлиги учун эмас, балки мени сотиб олиш имконсиз экани туфайли. Мен Одессада у билан келишишдан бош тортдим, унинг қинғир ишлари ҳамда коррупциясига кўз юмишни истамадим", - дея маълум қилди Саакашвили журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, Украинага қайтиш ва суд олдида жавоб беришдан умид қилмоқда. 

"Агарда одамни давлат тўнтаришида айблашаётган бўлса, уни мамлакатдан ҳайдаб чиқаришмайди. Оғир жиноятларда айбланаётган шахсни ҳам давлатдан чиқариб юбориш мумкин эмас. Мени суд қилишадими? Суд мажлисларига қандай қатнашаман? Мени Украинага қайтиб олиб кетинглар! Мени Украинада суд қилишларини хоҳлайман", - деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Михаил Саакашвили Польшадан сиёсий бошпана сўрамаслиги ҳақида маълум қилганди.