Интервью: Умид Аҳмаджонов ўзбек спортидаги ислоҳотлар, футбол истиқболи ва Олимпиада режалари ҳақида

Спорт 16:01 / 10.02.2018 33565

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Пёнгчангда бўлиб ўтаётган қишки олимпиада ўйинлари очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу тадбир ниҳоясига етгач, МОҚ раҳбари билан қисқача интервью қилишга қарор қилдик. Гаплашиш учун мавзу кўп, спорт мавзуларида эса тақвим зич. Шу боис имкон қадар бугунги кунда асосий масалалар бўйича саволлар берилди. Албатта, саволлар Олимпиада ва бевосита футболга алоқадор бўлди.

— Ассалому алайкум, Умид ака! KUN.UZ жамоаси сизга бир неча саволлар билан мурожаат қилмоқчи эди.
— Ва алайкум ассалом. Аввало, эътибор учун ташаккур. Спортимиз тараққиёти, Олимпия ҳаракати ривожи йўлида ҳар қандай саволларга жавоб беришга тайёрман.

— Қишки олимпиада очилиш маросимида қатнашдингиз. Умуман, камида икки кундан буён худди шу спорт байрами ичида яшаяпсиз? Бу мусобақанинг дунёда тутган ўрни ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдингизми? Ўзбекистон сўнгги йилларда номигагина иштирок этаётган бу мусобақага ҳам эътиборни кучайтиришимиз лозимлиги учун қандай асосларни кўрдингиз у ерда?
— Олимпия ўйинларида бундан аввал ҳам иштирок этганман. Шуни айтишим мумкинки, Олимпиада, умуман, ўзгача мусобақа. Жаҳондаги ҳеч бир спорт фестивали бунга тенглаша олмайди. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб, миллиардлаб спорт мухлислари ушбу мусобақани кузатиб боришади. Айни пайтда бу ерда дўстлик, ҳамжиҳатлик, байрам кайфияти ҳукмрон. Ушбу мусобақада спорт миллатларни, халқларни бирлаштириши яққол кўзга ташланади. Албатта, азал-азалдан маълумки, Олимпия ўйинлари вақтида ҳаттоки урушлар тўхтаган. Мусобақани тинч йўл билан ўтказишга келишиб олинган. Биргина мисол. Шимолий ва Жанубий Корея мамлакатлари турли келишмовчилик, сиёсий низоларга қарамасдан ушбу мусобақанинг очилиш маросимида битта байроқ остида Олимпия стадионига чиқиб келишлари спортнинг, Олимпия ўйинларининг куч-қудратини кўрсатиб турибди. Умуман олганда, Корея терма жамоалари мусобақанинг якунигача битта яхлит мамлакат сифатида баҳсларда иштирок этади. Бу халқлар ўртасидаги бирдамликни, ҳамжиҳатликни таъминлашга ҳисса қўшади, деб ўйлайман. Айнан Олимпия ўйинлари туфайли, ҳар икки мамлакат делегациялари ярашув сулҳини амалга ошириб, келишувга эришганликлари жуда катта натижа.

Дарҳақиқат, бизнинг спортчиларимизнинг сони, Қишки олимпия ўйинларидаги иштироки йилдан йилга камайиб кетяпти, бунинг оқибатида қишки спорт турларига халқимизнинг қизиқишлари ҳам сусайиб кетаётганини билиш қийин эмас. Лекин қанчалик қийин шароитлар бўлмасин бизнинг спортчиларимиз ушбу Олимпиада ўйинларида иштирок этиш шарафига муяссар бўлишди. Лекин сизнинг «номигагина» деган сўзларингиз бу ерда ноўрин. Чунки ҳар битта иштирокчи бу ерга келишидан олдин лицензия берувчи бир қанча мусобақаларда қатнашиб, ўз ўрнини мустаҳкам қилиб қўяди.

Фото: KUN.UZ

Бундан буён, Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантиришга шахсан Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда қурилаётган кўптармоқли «Ҳумо» муз саройи, қолаверса, вилоятларда, Чимёнда қурилаётган тоғ чанғиси мажмуаси гапларимни исботлайди. Албатта, бундай муз саройининг, чанғи комплексларининг кўпайиши, ҳоккей жамоаларининг шаклланиши Ўзбекистонда қишки спорт турларининг ривожланишига туртки бўла олади. Мен ишонч билан айта оламанки, яна тўрт йилдан сўнг ўтказиладиган қишки Олимпиадада Ўзбекистон бундан кўпроқ делегация билан боради. Биз нафақат иштирок, балки медаллар учун ҳаракат қилишни бошлаймиз. Бунга шубҳа йўқ. Биламизки, Ўзбекистон тарихида Олимпиадалардаги илк медаль айнан қишки Олимпия ўйинларида қўлга киритилган. Ишончим комил, бизда иқтидорлар жуда кўп. Уларга эътибор берсак, шарт-шариотлар яратадиган бўлсак, албатта, керакли натижага эриша оламиз.

— Ҳозир ўзингиз «Ҳумо» муз саройи ҳақда сўз очдингиз. Худди шу мавзуда савол бермоқчи бўлиб тургандим. Тошкентда катта қишки спорт саройи қуриляпти. Бу шунчаки Тошкент шаҳрини кўз-кўз қилиш учунми? Ёки эътибор ростан ҳам ошадими? Яъни, келгусида ташлаб қўйилмаслиги, фақат чирой учун бу бино турмаслиги учун нима режалар қилинмоқда? Нима қилсак, бу комплексдан максимал фойдаланиш мумкин? Ҳозир йўқ эътибор ошади, деб жавоб беришдан осони йўқ. Лекин ростдан ҳам эътиборни ошишига ҳаммани ишонтира оладиган қандай аниқ амалий ишлар қилиняпти?
—Ҳар бир спорт иншооти шаҳарнинг кўркига кўрк бахш этиши турган гап. Лекин ушбу саройнинг қурилиши, бу шунчаки Тошкент шаҳрини кўз-кўз қилиш учун эмас, албатта. Бунинг учун, шунча маблағ сарфлаб, муз саройини қуриш шарт эмасди. Ушбу муз саройидан қандай қилиб оқилона фойдалансак бўлади, деган саволингизга келсак, бугунги кунда юртимизда қишки спорт турлари бўйича тўртта мустақил федерация ташкил этиляпти. Булар ҳоккей, фигурали учиш, чанғи спорти ҳамда сноуборд ва кёрлинг федерацияларидир. Илгари ушбу федерациялар борлигини ҳеч ким билмас эди, халқимизда бир нақл бор: «Янгисини қурмай туриб эскисини бузмагин». Бизда нима бўлди: бор иншоотларимиздан унумли фойдаланса бўладиган шароитимиз бўла туриб, барчасини йўққа чиқариб бузиб ташладик, оқибатда кўп функционалга эга бўлган тайёр муз саройидан айрилдик ва спортчилар бирин-кетин йўқола бошлади. Ахир ҳар битта спортчини тайёрлаш учун қанчадан қанча мехнат ва машаққат кетади.

Мазкур федерациялар ўз фаолиятини бошлагач, «Ҳумо» кўптармоқли муз саройи ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар ўтказиш учун жуда қўл келади. Иншоот бежизга кўптармоқли, деб аталмаяпти. Чунки бу ерда кўплаб спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади. Халқаро нуфузли турнирларни қабул қилиш учун ҳам имкониятлар пайдо бўлади. Айтиб ўтганимдек, ушбу саройнинг қурилиши қишки спорт турлари ривожига жуда катта туртки бўлади. Бу биз учун керакли объект ва унга жиддий эътибор қаратаётган ҳукуматимиздан миннатдор бўлишимиз керак.

— Келгусидаги Олимпиада ўйинларига олтин медалларимиз сонини икки баравар оширишга ҳаракат қиламиз, деган гапни айтгандингиз. Айтишдан осони йўқ, лекин амалда ниманинг эвазига биз 2 йилдан кейин бирданига 8-10та олтин олишимиз мумкин, деб ҳисоблайсиз?
— Аввало, шуни таъкидлашни хоҳлардимки, мақсад имкониятдан келиб чиқиб белгиланади. Олдимизга улкан мақсадлар кўяётган эканмиз, демак уларни амалга оширишга кўзимиз етади. Энг муҳими, бунга ишонишимиз керак. Қани айтинг-чи, Рио-2016 Олимпия ўйинларидан аввал ким ишонганди 4 та олтин олишимизга, умумий медаллар сонини 13 тага етказишимизга ва Олимпия ўйинларида медалларнинг ҳам сифати, ҳам сони жиҳатидан натижаларимизни икки карра яхшилай олишимизга? Аммо юртимиз спортчилари буни уддалай олишди. Ёки сиз Бразилиядаги муваффақиятларимизни тасодиф, деб ҳисоблайсизми? Асло ундай эмас, ҳар бир ютуқ замирида жуда катта ҳажмдаги меҳнат, сабр-бардош ва энг муҳими, давлатимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлиги ётибди.

Тўғри, навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари - Токио-2020 да бизга асло осон бўлмайди. Чунки спортда чемпионликка эришишдан кўра, уни сақлаб қолиш қийинроқ, деган ибора бор. Аммо биз спорт федерациялар ва ассоциациялари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйсак, ўқув-машғулот жараёнларини янги босқичга олиб чиқсак, кучли стратег ва малакали спорт руҳшуносларини ишга жалб қилсак, ишончим комилки, натижаларимизни бундан-да яхшилай оламиз.

Яна бир томони, биз энди Олимпия ўйинларида фақатгина бокс, дзюдо ёки спорт курашларига ишониб қолмай, бошқа спорт турларида ҳам Олимпия ўйинлари совриндорларини тарбиялашимиз керак. Зеро юртимизда бир қатор спорт турлари бўйича олтин авлодлар шаклланиб келмоқда, ушбу иқтидорларни излаб топиш ва иқтидоридан келиб чиқиб спорт турларига йўналтириш бўйича селекция ишларини ҳам йўлга қўямиз.  Токио-2020 Олимпия ўйинларида барчамизда футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасини ҳам кўриш истаги бор. Бу тарихий воқеа бўлиб, миллионлаб юртдошларимизга қувонч ва шодлик улашишини ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз ва ҳукуматимиз кўмагида биз навбатдаги Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриб, натижаларимизни ҳар жиҳатдан яхшилай олишимизга ишонаман.

— Рио олимпиадасида натижаларимиз рекорд бўлган ва ўша мусобақада олтин олган спортчиларнинг асосий қисми спортдаги пик формасида бўлганди ва Токио олимпиадасида уларда бунақа бўлмаслиги табиий. Мисол учун, иккита олтин медаль соҳиблари Ғойибназаров профи боксга ўтиб кетган, Зоиров ҳаттоки Ўзбекистон терма жамоасига ҳам кира олмайдиган даражада формасини йўқотиб улгурди. Нуриддинов олтин олганда пик формада бўлишидан ташқари асосий рақиби Илья Ильин дисквалификация туфайли мусобақага бормагани ҳам унинг омади бўлганди. Бу сафар Русланнинг олтин олиш имконияти очиқ айтганда жуда паст. Бизда фақат Ҳасанбой Дўсматов потенциал номзод сифатида қоляпти. Икки баравар яхши натижа қайд этиш учун эса яна камида еттита шунақа юқори савиядаги спортчига эга бўлишимиз керак. Лекин ҳозирги кунга қарасак, икки йил қолган мусобақада ғолиб бўлиши мумкин бўлган потенциалга эга спортчилар йўқ ҳисоби. Шаҳрам десак, уям профи боксга кетди. Шу кунгача ҳеч қанақа медаль ютмаган спорт турларидан олтин кутиш-ку, ҳозирда абсурд бўлса керак. Дзюдода бронза медалларни байрамдек қабул қиляпмиз. Эркин курашдаям ошиб борса бронза медалларини ютаяпмиз... Мана шундай вақтда қандай қилиб 10та олтин медаль олишимиз мумкин?

— Бу саволингизга қисман юқорида жавоб бериб ўтдим, қўшимча сифатида шуни айтишим мумкинки, аввало 10 та олтин оламиз деб ҳеч ким кафолат бераётгани йўқ. Аммо сиз айтган боксчиларни ҳам ҳаваскор спортда мажбуран ушлаб туриш имконсиз. Аксинча, улар фаолиятидаги навбатдаги босқичга қадам қўя олаётганидан қувонишимиз керак.

Иккинчидан Рио—2016 Олимпиадасидан кейин совриндорлар ҳукуматимиз томонидан муносиб рағбатлантирилди. Нега? Бу қолган спортчиларга ўз устида ишлаши, меҳнат қилиши ва Олимп шоҳсупасига чиқиш учун ўзига хос мотивация сифатида хизмат қилиши керак эди. Спортда авлодлар алмашинуви жуда муҳим жараён ҳисобланади. Бизда спортга шахсан муҳтарам президентимиз томонларидан ана шундай юксак эътибор кўрсатилар экан, ўша сиз санаб ўтган спортчиларга муносиб ўринбосарлар етишиб чиқаверади.

Ишонинг, Токио-2020 Олимпия ўйинлари совриндорлари орасида сиз янги номларни учратасиз. Биз бу борада яқин 2,5 йил ичида катта ҳажмда иш олиб борамиз ва умид қиламизки, меҳнатларимиз самарасини кунчиқар юртда ташкил этиладиган Олимпия ўйинларида кўрамиз.

— Қишки олимпиадачи? Бу мусобақада медаль олиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шунчаки номига олимпиадада иштирок этиб қўяяпмиз. Битта мисол, ўтган йили биатлон бўйича ЖЧ трансляцияси аудитория бўйича футбол учрашувлари трансляцияларини ортда қолдирганди. Агар имкониятингиз бўлса, ўша биатлон мусобақаларининг бирига ташриф буюринг. У ердаги муҳитни кўрасиз. томошабинлар эътибори юзасидан футболдан кам жойи йўқ. Яъни, қишки спортда ҳам мана шундай ўта оммавий спорт турлари бор, лекин бизда бирорта ҳам биатлончи йўқ. Бошқа спорт турларинику гапирмаса ҳам бўлади. Бу борада қандай амалий режалар мавжуд?
— Саволингизнинг асосий қисмига юқорида жавоб бердим. Биатлон қанчалик оммабоп бўлса, шунчалик қийин ва машаққатли спорт тури эканини сиз ҳам, мен ҳам биламиз. У босқичга ҳам, албатта, етиб келамиз. Биз умуман йўқ бўлиш арафасида турган турларни қайта жонлантириш устида ишламоқдамиз. Энди оёққа турган футболчидан 90 дақиқа югуришни талаб қилолмайсиз-ку. Ўзбекистонда биатлонга бефарқ бўлмаган юз минглаб одамлар бор, демак, қизиқиш етарлича. Агар шароитларни яхшилаб бораверсак, ўз-ўзидан шу спорт тури ҳам саҳнага чиқиб келаверади.

Фото: KUN.UZ

— Келинг, энди бевосита футбол мавзусига ҳам ўтсак, чунки барибир бу соҳада ҳам фаолиятингизни давом эттирмоқдасиз. ЎФФ суперлига клублари учун махсус нормативлар жорий қилганди. Дастлабки натижалардан сўнг деярли барча футболчилар бу талабга жавоб бера олмаган, буни ЎФФ расмий сайти ҳам эълон қилганди. Аммо шундан сўнг барчаси жим-жит бўлиб кетди. ЎФФ бу талабидан воз кечдими ёки футболчилар қандайдир бир ойда фантастик даражада ўзгариб нормативларни топшириб ташлашдими? Умуман, бу борада янгилик чиқмай қўйгани ҳам кўпчиликда саволлар туғдирмоқда.
— Махсус нормативлар бутун дунёда бор. Аммо аслида бу федерацияларнинг зиммасидаги масъулият эмас. Футболи ривожланган мамлакатларда мана шундай нормативлардан ўта олмайдиган футболчилар чемпионатнинг асосий лигасида ўйнамайди ҳам, чунки рақобат кучли.

Ўзбекистон чемпионатидаги асосий муаммо эса рақобатнинг кескин даражада тушиб кетгани, спортчиларимизни жисмоний ҳолати қониқарсизлиги буни ҳамма биларди, аммо шу вақтгача кимдир бунга жиддий эътибор бермаган. Оқибатда таниш-билишчилик ёки бошқа масалалар сабаб бемалол Олий Лига клубларида ўйнаб юрган жисмоний ҳолати қониқарсиз футболчилар бўлган, дейлик. Клуб мураббийлари ҳам режасиз ишлаганликлари шу ерда маълум бўлиб қолди. Футболчилар 1 кунда фақат 1-2 соат машғулот олиб борганлар. Жисмоний машғулотларни-ку, қўяверасиз. Қандай қилиб жисмоний машғулотларни тўлиқ олиб бормаган спортчилар спортчи бўла олади?! Мана шундай вақтда нима қилишимиз керак? Биз бир четда томошабин бўлиб қараб тура олмасдик. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоасини асосий негизи бу клубларимизда ўйнаётган футболчилардир. Шу боис клубларни уйғотиш, энди ҳаммаси жиддий эканини уларга онгли равишда тушунтириб қўйишимиз керак эди.

Билдик, бу қарорни тушунмаганлар бўлди, менсимаганлар бўлди. Ва кўрдикки, Олий Лигада бемалол юриб, ўзидан юлдуз ясаб, оддий одамлардан 20—30 баробар кўп пул топаётган бўлса-да, аслида профессионал вазифасини ҳам уддалай олмайдиган футболчилар жуда кўп. Шундай бўлиши аввалдан маълум эди, шунчаки биз буни футболчиларнинг ўзлари ҳам, атрофдагилар ҳам билишини истадик.

Биринчи босқичда декабрь ойида футболчиларни жисмоний ҳолати ўрганилди, кўриниб турибдики уларнинг ҳолати — қониқарсиз. Иккинчи босқич 10 февралдан бошланади. Ўзбекистон Профессионал Лигаси регламентига асосан 2018 йилда супер лигада иштирок этувчи жамоалар лицензиялаш жараёнида футболчиларнинг махсус нормативларни топширгани бўйича Ўзбекистон футбол ассоциацияси илмий методик таъминоти бўлими томонидан топширилган хужжат асосида рухсат берилади.

Мақсадимиз клубларни, мураббийларни, футболчиларни уйғотиб олиш эди. Аслида, бизнинг ҳар бир клуб ишига аралашишдан бошқа мингта ташвишимиз, вазифамиз бор. Қолгани мураббийларнинг, футболчиларнинг виждонига ҳавола. Марҳамат, жонини бериб ўйнасин ва топсин ўша миллионларини, кўряпсиз, давлат ҳам қараб турмайди, ҳеч кимдан кам қилмай рағбатлантиради. Ва улар тушуниб олишсинки, буёғига эскича иш кетмайди. Ё ҳамма бирдек меҳнат қилади, ўз устида ишлаб, ўсишга интилади ёки бўлмаса бир нарсанинг кейинги оёғи бўлиб юраверади.

Супер Лига жамоалари сонини 12 та қилиб қўйишимизга ҳам асл сабаб шу. Ҳар йили 4 та кучли клуб таркибини сақлаб қолади-ю, қолгани декабрда бир сочилиб кетиб, январда бошқа-бошқа клубларга йиғилиб, юраверади. Нега керак бу иш, кимга керак бундай футбол?! Энди клублар саралаб олсин яхшиларини, қолганлари ўзига Про-Лигадан клуб топсин ёки футболни йиғиштириб қўяверсин! Бизга касбини севадиган, ўйинга 100 фоиз куч берадиган, мухлислар учун оғизда эмас, амалда ўйнайдиган футболчилар керак. Биз-ку нормативлар бошига тушганида, ўзини қўярга жой тополмайдиганлар борлигини кўрсатиб қўйдик. Умид қиламизки, ана ўшаларда озгина орият ва виждон бўлса, энди ўз устида бошқача ишлайди.

— Умуман уларга Суперлигада ўйнашдан қандай манфаат бор? Чемпионга кубок топширилишини биламиз. Иккинчи ўринга кумуш, учинчи ўринга бронза. Қолган жамоаларчи? Қолган клублар олий лигада қатнашиши, янги талаблар билан харажатларнинг ортганидан кейин ҳам бу лигада тўп суриши учун қандайдир манфаати борми? Шу пайтгача бунақа ўртамиёна жамоалар худдики «борми-бор», ҳокимият пул ажратяптими-ажратяпти қабилида ишлаб келдида. Ҳар бир жамоа учун суперлигада қатнашиши учун қандайдир манфаатга эга бўладиган вақт келди бизнингча. Бу борада қандай ишлар қилиняпти? Англияни мисол қилиб олайлик, жамоалар чемпионатда эгаллаган ўрнига қараб мукофот пуллари олади. Ҳаттоки 9-ўрин билан 10-ўрин оладиган пулда ҳам фарқ бор. Шу сабабдан турнир ўртасида бораётган жамоалар охиригача курашади. Бизда эса юқори лигада қолиши аниқ бўлган жамоа шунчаки ўйнашни тўхтатиб қўйиши ва кимгадир очко улашиб юбориши мумкин. Бу келишилган ўйинларнинг пайдо бўлишига замин яратиши мумкин ахир... Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?

— Шундай вақт келди деяпсиз-у, битта жиҳатни эътибордан четда қолдиряпсиз. Сиз айтаётган ўша Англияда ҳеч бир клуб давлатнинг қўлига қараб қолган эмас. Қолаверса, улар Премьер-Лига берадиган пулларни ҳам аслида ўзлари ишлаб олишади. Яъни, лига телетрансляциялардан тушган даромадларни клубларга тақсимлаб беради, шунингдек, лига ҳомийлари бунда роль ўйнайди.

Бизда эса деярли ҳамма клубга истаймизми, йўқми давлат ташкилотлари ва корхоналари пул ажратади. Яъни, ҳукуматимиз қўллаб турмаса, ўзини-ўзи эплайдиган клублар деярли йўқ. Қолаверса, Ўзбекистон чемпионати ўйинларини сотиб олишга қайси телеканални даъвогар деб ўйлайсиз? Биз мана шундай ҳолатда ҳам ишни тезлаштириш учун сиз айтаётган йўлга секин-аста ўтамиз. Жорий мавсумдан бошлаб мамлакат чемпиони 1 миллиард сўмга яқин рағбатлантирувчи мукофот олиши режалаштирилган. Супер Лиганинг нафақат кучли учлиги, балки олти ўрин эгаларида мукофот пуллари бўлади. Демак, ўша 6-ўрин учун ҳам кураш кечади. 4 та клубдан бошқаси кучсизроқ деганингизда ҳам, янги формат ўткинчи ўйинларни қисман камайтириши мумкин. Яъни, ўша олтилик учун жон бериб, жон олсин жамоалар. Пастдагилар эса қуйи 3 та ўрин бўлиб қолмаслик учун бир-бири билан рақобатлашади.

Биз Про-Лиганинг дастлабки уч, аёллар чемпионати ва футзал лигасининг дастлабки уч ўрин эгаларини ҳам мукофотлаймиз. Бу ҳақда тез орада тўлиқ маълумот берилади. Айтмоқчи бўлганим, форматни ҳам янгиладик, мукофотларни йўлга қўймоқдамиз, Супер Лига учун титул ҳомий топиш устида жиддий ишлаяпмиз. Булар яқин-яқингача йўқ эди-ку. Биз тўхтаб қолмоқчи эмасмиз, аммо энди клубларнинг ўзи ҳам ҳаракат қилсин. Ўзини устида ишласин, маркетингини ривожлантирсин. Кўряпсиз, керак бўлса, уларга хорижда малака ошириш имкониятларини ҳам яратиб бермоқдамиз.

Умид Аҳмаджоновга берадиган саволларимиз кўп. Тиғиз спорт тақвими бўлгани учун дастлабки интервьюни нисбатан қисқароқ қилишга ҳаракат қилдик. Келгусида яна интервью бўйича келишиб олдик. Унда мавзу ва саволлар кўлами ҳам кенгроқ бўлади, деб умид қиламиз.

Азамат Муродов суҳбатлашди.

Кўпроқ янгиликлар