ПФЛда яна эски тоғорами?

Спорт 14:57 / 14.10.2017 24620

Ўзбекистон кубоги финали 4 декабрь (!), душанба (!!) куни, соат 15:00 да (!!!) бошланар экан. Аслида, миллий футболни тарғиб қилишдан, жумладан, ушбу мавсумдаги энг аҳамиятли учрашувни имкон қадар кўпроқ одам томоша қилишидан манфаатдор бўлган ташкилот - ПФЛ, ўйинни шу вақтга белгилабди. Оппоқ қор остида, балки. Ёки устида.  Тил ожиз.

Албатта, бу четдан қараганда шундай, агар ташкилотчилар билан бир стол атрофида ўтириб, келаётган бир ой ичидан мақбулроқ кунни топишга ҳаракат қилсак, биз ҳам қийналишимиз мумкин. Миллий чемпионатда яна ҳали олти тур бор, афсуски, бизга алоқаси бўлмаса-да, ФИФА кунлари... Мақсад мухлисларга футбол намойиш қилишми ёки эсон-омон бу сафарги чемпионатни ҳам якунлаб олишми, жавобини пайқаш қийин эмас.

Аслида, оддий тақвимни тузишда муаммолар яратадиган ПФЛдан Худонинг ишига аралашиб, об-ҳавони яхшилашни ёки қорни бир неча кунга кечиктириб туришни кутиш ноўрин, албатта. Ноябрь ёки февраль ойлари учун стадионларимизда бошқача шароит яратиш ҳам ПФЛ нинг имконият доирасида эмас. Лекин, ҳар йилнинг бир пайтида ўхшаш об-ҳаво шароити бўладиган юртимизда, футбол ўйинларини эртароқ саналарда якунлашнинг, ҳозиргидан мақбулроқ шароитлар учун мосроқ саналарда тақвим тузишнинг иложини топса бўлади.

Европа бир мавсумга 50-60 ўйинни сиғдира олади. Лекин эътироз қилманг, тўхтанг, уларнинг қишда ҳам футбол ўйнай олишини мен ҳам биламан ва мисолни ўзимиздан қидираман.

Эслайсизми, йўқми, билмадим, 1996 йилда 1-лигамизда 27 жамоа қатнашганди. Жамоалар гуруҳларга бўлинмаган, оддий лига тақвимида жамоалар бир-бири билан икки мартадан тўқнаш келишган. Яъни, бир жамоа мавсум давомида 52 ўйинда майдонга тушган. Лига жамоалари кубок ўйинларида ҳам ўйнаганликларини эътиборга олсак, тақвим бир мавсумда 55-56 ўйинни ўз ичига олганди. 16 жамоа 30 турни ўтказиш учун ноябрнинг охиригача судраб боришга мажбур эмасдирмиз?

Албатта, биринчи лига тақвими осонроқ тузилади: халқаро майдонда тўп сурадиган клублар йўқ, терма жамоалар йиғинлари пайтида ҳам тур ўйинларини ўтказса бўлади. Тўғри. Лекин келинг, олий лигада ҳам зичроқ тақвим тузишнинг иложиси борлигини кўриб чиқамиз:

Мартнинг иккинчи ярми билан октябрнинг охиригача бўлган муддатни юртимизда футбол ўйнашга мос деб айтишимиз мумкин. Бу давр 33 ҳафтани ўз ичига олади. Ҳар ҳафта биттадан тур ўтказсак ҳам, бемалол улгурса бўларди-ю, лекин ўртада давралар орасидаги танаффус, терма жамоа йиғинлари бор. Уларни ҳам эътиборга олиб, вазиятга чуқурроқ назар соламиз.

Март, июнь, сентябр ва октябрда терма жамоалар учун ажратилган ФИФА кунлари бўлиб ўтади. Ҳар бир йиғинни минимум 10 кун десак ҳам, 6 ҳафта терма жамоамиз учун чиқиб кетяпти. Ихтиёримизда яна 27 ҳафта қолди.

Ёзда Европадаги миллий чемпионатлар якунига етиб, танаффус бўлади ва клублар икки ойга таътилга чиқадилар. Қишда бизда ҳам чемпионат тугайди ва баҳоргача (ноябрь, декабрь, январь, февраль) 4 ой танаффус бўлади. Тўрт ой чемпионат ўйинлари ўтказилмайди. Шундай экан, ёзги давралар оралиғида тўлиқ 1 ой дам олиш нима учун керак бизга? Масалан, Англияда умуман давралар оралиғида танаффус йўқ, Испанияда атиги бир ҳафта дам олинади холос. Менимча, атиги 30 тур ўйналадиган чемпионатимиз оралиғида бир ой дам олишдан маъно йўқ. Майли, бир ҳафта ўйинлар ўтказилмасин - демак, бир ҳафта давралар орасидаги танаффусга чиқариб ташласак, 26 ҳафта қолди.

Энди мана шу 26 ҳафта ичига бемалол 52 турни сиғдирса бўлади. Жамоаларимиз ҳар ҳафта икки мартадан майдонга тушсалар, ҳеч нарса қилмайди. Турли кубок ўйинлари, терма жамоалар ва еврокубоклардан келиб чиқиб, Европада барча жамоалар ҳафтада 2 ўйин тизимига кўникиб бўлишган. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий тарафдан футболчининг ҳафтада икки марта ўйнаши зид ҳолат эмас. 

Бунинг учун, биринчидан, бир тур ўйинларини жума-душанба қилиб 4 кунга чўзмасдан, максимум 2 кунда ўтказиш керак. Қизиқ, Испания ёки Россия чемпионатларида 1 тур ростанам 4 кунга чўзилади, сабаби, телетранслациялар билан боғлиқ шартномага кўра, бир вақтда икки ўйин бўлиб ўтиши мумкин эмас. Ўйинлар деярли транслация қилинмайдиган олий лигамизда нега бир кунда тур ўйинларини ташкил қилинмайди, мен учун жумбоқ.

Иккинчидан, шаҳарлар ўртасидаги йўл шароитлари ва масофалар юзасидан Европа қулайроқ эканини тан оламиз, хўп, бунинг ҳам ечимини топса бўлади. Худди илк чемпионатларимиз каби, ҳудудий яқинликка мос равишда жамоаларни жуфтларга ажратиш ва "2 ўйин сафарда- 2 ўйин уйда" услубида ўтказиш қийин эмас.     

Йўқ, мақола тугамади. Етакчи клубларимиз Осиё чемпионлар лигасида тўп суришларини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Яъни баҳордаги 10 ҳафтанинг 6 таси Осиё Чемпионлар Лигаси учун қурбон қилинса, бояги 26 ҳафтамизнинг 6 тасида фақат бир тур ўйинларини ўтказа оламиз холос. Яъни 52-6=46 тур ўйинлари учун имконият қоляпти.

Мамлакат кубоги 1/16, 1/8, 1/4, 1/2 финал ўйинлари учун яна тўрт ҳафтадаги биттадан тур ўйинларини камайтирамиз. Аслида, Осиё кубокларида ўйнаётган жамоаларни 1/16 финалдан озод қилиб, ўша халқаро кунларда ҳам кубок ўйинларини ташкиллаштирса бўлади. Демак, 46-3=43 - март-октябр оралиғида бемалол 43 турни ҳеч қандай ўзгартиришларсиз ўтказа оламиз.

Бизда эса, атиги 30 тур холос. Баъзи ҳафталар ўртасини бўш қолдириб ҳам, ёзги танаффусни яна бир ҳафтага чўзиб ҳам, терма жамоамиз учун қўшимча йиғинларга имкон бериб ҳам, Осиё Чемпионлар Лигасидаги клубларимиз плей-оффга чиқиб қолишса, ўша ҳафтадаги турлардан воз кечиб ҳам, бемалол, бе-е-е-малол 30 турни ўтказа оламиз.

Ноябр ёки декабрда футбол ўйнаб бўлмаслиги ҳам, март ойи бошларида майдонларимиз шароити ёмон бўлишини ҳисобга олиб ҳам, 30-34 тур ўйинлари тақвимини тузиб олсак, бўлар экан аслида.

ПФЛ да ўзгаришлар бўлаётганини кўриб турибмиз, албатта, мухлислар наздида бу ҳолат ижобий фикрлар пайдо қилади. Аммо ислоҳотлар фақат кадрлар билан эмас, ишга, футболга, мухлисларга бўлган муносабатларда ҳам акс этиши керак. Ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасман, балки бундай таклифлар учун ҳали эртадир, ҳақиқатда у ердагилар бу масалалар устида ҳам бош қотиришаётгандир, билмайман. Аммо Ўзбекистон кубоги финалининг санаси ва қандай кунда ўтказилиши, мени яна қўрқитиб юборди. 

Қаҳрамон Асланов     

Кўпроқ янгиликлар