Соғлом ҳаёт | 13:53 / 02.10.2025
2319
4 дақиқада ўқилади

Тунги вақт ва ноаниқ графикларда ишлаш буйракда тош йиғилиш эҳтимолини 15 фоизга ошириши маълум бўлди

Ушбу хавф ёш ходимлар ва жисмоний фаоллик талаб қилинмайдиган иш билан банд бўлганларда юқори эканлиги қайд этилган.

Фото: Shutterstock

Замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган сменали иш кўпчилик учун қулай ечимдек кўриниши мумкин. Кимдир тунги сменада ишлаб, оиласини боқади, яна кимдир ноодатий графикда фаолият юритиш эвазига барқарор даромад топади. Аммо илмий тадқиқотлар бундай иш тартибининг ортида буйрак-тош касаллиги юзага келиши эҳтимолининг анча юқори эканлигини тасдиқламоқда.

Sun Yatsen университети олимлари Буюк Британия Биобанк лойиҳасида иштирок этган 220 мингдан ортиқ кишининг маълумотларини ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижалари Mayo Clinic Proceedings (MCP) журналида чоп этилди. Унга кўра, тунда ва ноодатий вақтларда ишлаш буйракда тош ҳосил бўлиш хавфини ўртача 15 фоизга оширади. Айниқса, ёш ходимлар ва жисмоний фаолликни талаб қилмайдиган ишда ишловчиларда хавф кўпроқ бўлиши таъкидланган.

Мутахассислар фикрича, мазкур ҳолат сабаблари бир неча омиллар билан боғлиқ. Аввало, бундай тартибда ишлайдиганлар кўпинча тез тайёрланадиган, шўр ва ёғли таомларни истеъмол қилади. Бу эса сийдикдаги минераллар миқдорини ошириб, тош ҳосил бўлишига ёрдам беради.

Иккинчи муҳим сабаб — суюқликни кам ичиш. Организм етарлича сув билан таъминланмаганда сийдик зичлашиб, унда тузлар ва минераллар тезроқ кристаллашади.

Бундан ташқари, сменали ишчиларнинг аксар қисмида жисмоний ҳаракат етарли эмас, чекиш одати ҳам учраб туради. Ҳаракатсизлик ва зарарли одатлар организмда моддалар алмашинувини бузиб, буйракларга ортиқча юк туширади.

Энг катта муаммолардан бири эса уйқу режимининг ўзгариши. Кечаси ишлаш инсоннинг табиий биологик соатини издан чиқаради, натижада гормонлар мувозанати бузилиб, моддалар алмашинувида ўзгаришлар юз беради. Бу ҳолатлар буйрак тоши ҳосил бўлиши учун қулай шароит яратади.

Оддий қилиб айтганда, етарлича сув ичмаслик, нотўғри овқатланиш, ҳаракатсизлик ва бузилган уйқу каби омиллар кетма-кет рўй берган пайтда организмда минераллар кристалланиши осонлашади ва вақт ўтиши билан тошга айланади. Шу боис сменали ишда ишловчилар учун сувни мунтазам ичиш, овқатланишда туз ва ёғни камайтириш, танаффус пайтида қисқа юришлар қилиш ва уйқу сифатига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим ҳисобланади.

Тадқиқотнинг қизиқ жиҳатларидан бири шундаки, узоқ йиллар давомида сменали ишлаган одамларда буйракда тош пайдо бўлиш хавфи бироз пастроқ бўлиб чиққан. Олимлар буни икки хил омил билан изоҳламоқда. Биринчиси — “соғлом ишчи эффекти” деб аталувчи ҳодиса. Яъни фақат соғлом одамларгина узоқ вақт давомида бундай оғир режимга чидай олади. Иккинчи эҳтимолий сабаб — организм вақт ўтиши билан тунги иш режимига қисман мослашади. Бироқ олимларнинг таъкидлашича, бу жараённинг асл механизми ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва қўшимча тадқиқотларни талаб қилади.

Мутахассисларнинг умумий хулосаси оддий: сменали ишнинг зарарини буткул йўқотиб бўлмайди. Лекин унинг салбий оқибатларини камайтириш мумкин. Бунинг учун, бир томондан, иш берувчилар ходимлар саломатлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий этиши керак. Масалан, соғлом овқатланиш бурчаклари, спорт залига имтиёзли кириш имкониятлари ёки мунтазам тиббий кўриклар ташкил этилиши шулар жумласидан. Иккинчи томондан, ҳар бир одам ўз соғлиғига эътиборли бўлиши лозим. Вазнни меъёрда сақлаш, етарлича сув ичиш, сифатли уйқуни таъминлаш, чекишдан воз кечиш ва кун давомида ҳаракатсизликдан қочиш.

Мавзуга оид